TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Xidirov formati
Xidirov formati avatar

TGINSIGHT POST

Post #242

@Xidirovformat

Xidirov formati

Ogledi3,150Število ogledov
Objavljenopred 18 dnevi24. 05. 2026, 04:34
Vsebina

Vsebina objave

#маромийлик Турмуш ҳаётимиздаги маромийлик — инсоннинг ички қаноати, мақсадлари ва қадриятлари мувозанатда бўлиши билан белгиланади. Аммо бугунги рақамли муҳитда, айниқса ижтимоий тармоқларда намойиш этилаётган ҳашамат, гедонизм ва истеъмолчилик руҳидаги контентлар ёшлар онгига кучли таъсир ўтказмоқда. Натижада орзу-ҳаваслар табиий эҳтиёждан кўра, бошқаларнинг ҳаёти билан таққослаш асосида шаклланиб қоляпти. Айниқса, айрим қиз-жувонларимизда турмуш қуриш масаласида йигитнинг инсоний фазилатларидан кўра, молиявий имконияти, машинаси, бренди ёки ташқи кўриниши устувор мезонга айланиб бораётганини кузатиш мумкин. Бу ҳолат эса муносабатларда самимиятдан кўра манфаат устун келишига сабаб бўлади. Хўш, хорижда вазият қандай? Масалан, Жанубий Кореяда ҳам узоқ йиллар давомида кучли истеъмолчилик маданияти шаклланди. Илмий тадқиқотларда қайд этилишича, кореялик ёшлар орасида “намойишкорона муваффақият” босими жуда юқори: қиммат уй, бренд кийим, ташқи кўриниш ва ижтимоий мақом инсон қадрининг ўлчовига айланиб қолган. Бу эса ёшларда стресс, ёлғизлик ва ҳатто оила қуришдан қочиш кайфиятини кучайтирган. Шу сабабли Жанубий Кореяда туғилиш даражаси дунёдаги энг паст кўрсаткичларга тушиб кетди. Сўнгги йилларда эса у ердаги айрим ёшлар “содда ҳаёт” ғоясига қайта бошлади. Улар камроқ истеъмол қилиш, руҳий хотиржамлик, ортиқча пойгадан чиқиш ва маънавий барқарорликни муҳим деб билмоқда. Чунки инсон бахти фақат моддий неъмат билан эмас, балки ички осойишталик ва мазмунли муносабатлар билан ҳам ўлчанишини англаб етмоқда. Ва бу ғоя бугунги кунда корейс ёшлари орасида кенг тарқалган. Шунинг учун биз ҳам ёшлар онгида “бахт — бу намойиш эмас”, “қадр — мол-дунё билан эмас” деган тушунчани мустаҳкамлашимиз керак. Маромий ҳаёт — бу ҳаваслар қули бўлиб яшаш эмас, балки имконият ва эҳтиёж ўртасидаги мувозанатни сақлай олишдир. Тафаккур қилайлик! @Xidirovformat