Vsebina objave
Янги ўзбек фильмлари бирин-кетин YouTube'га жойланмоқда. Икки кун олдин "Баҳодир Ялангтўш" фильми жойланди (ўзбек ва рус тилларида). Қозоқ тақризчилардан эътирозлар бўлишини кутиб турганимда, руслардан норозиликлар ўқидим. Тақризчи озгина тарихни ўрганиб кўрмай, Ялангтўш ўйлаб топилган шахс деган қарорга келгани майли, империалистик ёндашув қилиб, осиёча "варварлик"ни тиқиштиргани кўнглимни айнитди. Майли, бошқа мавзуда ёзмоқчи эдим. Фильмнинг Самарқанддаги премьерасида қатнашгандим. Унда Бухоро хонлиги қудратли қилиб кўрсатилгани менга ёққан эди — сиёсий буюртмадир, тарихни бузишдир, лекин, очиғи, совет пропагандасидан қолган қолоқ хонликлар, аҳмоқ хонлар, лаганбардор вазирлар, бесўнақай аскарлар каби образлар жонимга теккан. Бу фильм ўша пропагандистик клишеларнинг тескариси — Бухоро хонлиги қудратининг чўққисида, Бухоро жуда улуғвор, чиройли шаҳар, ўзбек қўшинлари қудратли, хонлар жиддий, вазирлар ақлли, саркардалар жасур. Ўша йилларда минтақада бўлган геосиёсий воқеалар (жунғорлар ҳужуми, Ўрбулоқ жанги) ҳам катта аҳамиятга эга, кенг кўламлидир, дунёнинг бошқа давлатлари (Сафавийлар, Мин империяси, Рус подшолиги) диққат билан кузатмоқда. Реал тарихга қарайдиган бўлсак, у даврда Марказий Осиё ҳали қолоқлик домига тушмаган, лекин илгаригидай қудратли ҳам эмас эди. Фильмда кўрсатилган давр — XVII аср 40-йиллари Аштархонийларнинг энг гуллаган палласи эди. Аштархонийларнинг энг кучли вакили — Имомқулихон тахтда эди, ҳам шимолда, ҳам жанубда ғалабаларга эришаётган эди. Аштархонийлар даврининг икки энг машҳур сиёсатчиси — Ялангтўшбий Баҳодир ва Нодир Девонбеги ҳам шу даврда фаолият юритган. Фильмда тилга олинган бу шахсларнинг бари ақлли, тажрибали ва қудратли қилиб кўрсатилган. "Баҳодир Ялангтўш"нинг яна баъзи диққатга сазовор жиҳатлари бор: - қозоқ тарихий пропагандасига ўзига хос "жавоб" кўрдим унда — Ялангтўшбий ўзбек тарихига "қайтариб" олиняпти, ҳатто қозоқлар жуда фахрланадиган Ўрбулоқ жанги ўзбеклар ғалабасига айлантириляпти; ўзи у жангда 600 қозоқ ва 20 минг ўзбек жангчиси қатнашганига қарамай, шу пайтгача нега ўзбек тарихчилари эътибор қаратмаган, ҳайронман; - умуман, сиёсий мессижлар кўп — масалан, кадрдаги қозоқлар "ўзбеклар оғамиз" дейиши, шахсан хоннинг ўзи келиб, фитнани ҳал қилиб кетиши ва ҳ.к.; - хотирамда биринчи марта тарихий фильмда "ўзбек" деган ном бемалол, ғурур билан ишлатилиши — одатда ўзбек тарихий картиналарида бу номдан қочилади ("унча қадимий эмас, ўтмишда турк бўлганмиз, бухоролик бўлганмиз" каби мулоҳазалар натижасида бўлса керак). @AsanovEldar