Nilalaman ng post
ҚАЙТМОҚДАМИШ ЁР. (Ёрининг қамоқдан чиқишини ўн беш йил кутган аёл тилидан) Бахт, армонга ўқи жаноза, Қувонч, ғам лашкарин қил тор-мор . Тақиллагил тезроқ дарвоза, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Кўнглим орзу туғди ушбу тонг, Қулоқлари азонгамиш зор. Тонгим киби ёришгин эй онг, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Буткул тўкил айрилиқ майи, Қалб қадаҳим тўлдирма такрор. Бунча гўзал Аллоҳнинг раъйи, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Қайтиб кел, лабимга табассум, Шодлик, менга табригинг юбор. Гўдак янглиғ бегуноҳ маъсум, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Билагини бўшатгил кишан, Умидинг уз, бўйнидан эй дор. Саҳром бугун бўлавер гулшан, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Оқ қоғозни қоралаб қалам, Қораланган ёр(им) оқлаб юбор. Дард кет, қамал қилма дил қалъам, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Ўн беш йиллик кундошим-қамоқ, Бошқа уни соғинма зинҳор. Тишлан хайрат аталмиш бармоқ, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр! P.S: Тўрт йил аввал ёзганимдан кўра ҳозир ўқиганимда кўпроқ таъсир қилди ўзимга. Йиғидан ўзимни базўр тийдим. @A_meshayan 21:25-09.12.2019 Абдураҳмон Мешаян