Nilalaman ng post
ТОШКЕНТ БИЛАН ХАЙРЛАШУВ Йўлим тўсдинг кўҳна Шош, Десам хамки йўлдан қоч! -Кетма ахир-завжанг ёш, -Қолардиму болам оч. -Кетма ўзим серхиммат, Қовунларим асалдир. -Нетай дорилар қиммат Онам эса касалдир! -Бағримда қолгин бироз Жоним фидо айлайин! -Қора ишга ишқибоз, "Дангаса"ман найлайин? -Чидолмайсан қаҳратон, Остонанинг қишига. -Келиб қолар саратон, Тишим қўйсам тиши(м)га. -Луғатингда йўқми хўп? Кетмасанг бўларди соз. -Кетмай десам дардим кўп, Қолай десам маош оз. -Кетмай хаққинг қил талаб, Юқорига арзинг ёз! -Фойдаси йўқ, очмоқ лаб, Амалдорлар лўттибоз! -Кетмагин қилиб аччиқ, Товонларинг ўпаман! -Қолсам уйимнинг очиқ, Томин қандоқ ёпаман? Етаклаб орзу-хавас, Кетмаяпсанми бекор? -Ўғлим ўқитсам бўлмас, Отасидек мардикор! -Қолсанг разм солурман, Пошнангдан музинг кўчмас! -Қайтганда уй олурман, Чироқ, газ ва сув ўчмас. -Ёнди Қозоғистонда, Элликдан ортиқ жигар. -Йиғлаб қолдим армонда, Ростини айтсам агар! -Кетсанг тилайман оқ йўл, Нимасини айтаман? -Тошкент сен хам омон бўл, Бир кун сенга қайтаман! -Бўлиб олиб насроний, Тарк қилмасанг бас намоз! -Токи бўлгунча фоний, Тарк айламам, бу чин роз! -Сендек инни ташлаб Шош, -Учдим мисли қалдирғоч. -Йўлинг тўсмам, қароқош, Қолмаса бас боланг оч! @A_meshayan 15:45-18.01.2018 Абдураҳмон Мешаян