Nilalaman ng post
Болам, яқинда мен ўламан Дунёнинг ишлари доим шошилинч. Одатдагидек тик турганча нонушта қилаётган эдим. Онам одатдагидек қистарди: - Ўтирсанг-чи, болам. Бирпас ўтиргин. - Бўлди, кетдим. - Шошма, болам. - Онам кўзимга одатдагидан бошқача, қандайдир мунг билан термилди. - Гап бор. Типирчилаб соатга қарадим: хали бензин олиш керак, ишга бориш керак, кейин нашриётга ўтиш... - Нима эди? Онам кўзимга хамон маъюс термилиб ўтирарди. - Суратга тушайлик, - деди тўсатдан. Ажабландим. - Нега? - Яқинда мен ўламан. Онам бу гапни худди: «Қўшниникига чиқиб келаман», дегандек охангда айтди. Кулиб юбордим. - Қўйсангиз-чи, ойи. Шундай дедим-да, чиқдим кетдим. Орадан икки хафта ўтди-ю... Кечалари уйғониб кетаман, ўйлайман. Ўйлайман: сен номард, сен ахмоқ нимага, нимага ўшанда кулдинг? Суратга тушишга вақтинг йўқмиди? Керак бўлса топасан-ку! Китоб учун, журнал учун, иш устида, боғда, кўчада... Нима, сен киноюлдузмисан? Жахоншумул шахсмисан? Ана, бир даста суратинг ётибди. Хар хил. Хар ерда... Фақат... Онанг билан тушган суратинг йўқ . . . ! ! ! © Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Хошимов