Nilalaman ng post
АТО ЭТ! Ё Раб тўлиб тошди сабримнинг жоми, Тилимда бир Сен-у, Пайғамбар номи. Муқаррар ботгайдир умрим қуёши, Бир куни келган пайт умримнинг шоми: Менга тор эмас кенг қабр ато эт! Савобларимга тенг қабр ато эт! Қолар мен тотмаган шарбатлар яхна, Қолади менданда дунёдек саҳна. Мени кўмсалар бас жанозам ўқиб, Малак-ул Мавт жонга солганда раҳна. У дунёингда хам қадр ато эт! Менга тор эмас кенг қабр ато эт! Чиқарган хукмингга кўнсинлар дўстлар, Ибрат олиб ўйга чўмсинлар дўстлар. Ажнабий юртларда хор қилмай таним, Мени ўз юртимга кўмсинлар дўстлар. Бор жигарларимга сабр ато эт! Менга тор эмас кенг қабр ато эт! Рухимга бермасин дўстим азият, Тақазо этсада гарчи вазият. Ортимдан ғийбатмас тиловат қилсин, Қуръони Каримдан шудир васият. Ҳеч қачон демасман: жабр ато эт! Менга тор эмас кенг қабр ато эт! Менга муқаддасдир юртимда хар хас, Тақдирим боғлиқдир унга чамбарчас. Ер устида менга кун бермаганлар, Ер остига кирсам тинч қўйсалар бас! Лаъинга нисбатан қахр ато эт! Менга тор эмас кенг қабр ато эт! Ё Раб юрак дардим ўзингга аён. Қилмасамда буни тил бирла баён. Кўмилай онамнинг пойига ёки, Отажоним бирла ётай ёнма-ён. Тушимга хайрли таъбир ато эт! Менга тор эмас кенг қабр ато эт! Не-не ХУДОман деб хайқирган гумроҳ Кўрганман тобутда жим ётганин ох. Мени жаннатингда қул қил майлига, Фақат айламагин жаханнамда шоҳ Амалларим учун ажр ато эт! Менга тор эмас кенг қабр ато эт! Юрт қадри ўлчанмас асло тиллода, Халқ қадри ўлчанмас асло тиллода. Хаж қилган чоғимда ё Умра пайти, Жоним узилган чоғ Маккатиллода: Менга тор эмас кенг қабр ато эт! Сўнгра жаннатингдан шаҳр ато эт! @A_meshayan октябр-2015 Абдураҳмон Мешаян