Nilalaman ng post
ВИДО ОЛДИДАН Хамма сиғган дунёга, Сиғмаётган бўлсам ҳам, Хар тун сендан яшириб- Йиғлаётган бўлсам ҳам. Дард ханжари кўксимни- Тиғлаётган бўлса ҳам, Билки таслим бўлмоқни- Мен билмасман онажон! Ёзнинг чилласида ҳам- Совуқ қотяпман бугун, Қилган гуноҳларимнинг- Ажрин тотяпман бугун. Умрим шоми яқиндек- Мен хам ботяпман бугун, Лек шу бедаво дард деб- Дод қилмасман онажон! Еб битиряпти бу дард- Қурт егандек олмани, Бирор малҳам топилмас, Оғриқларим олгани. Билмам бир кун, ё бир ой- Гул умримнинг қолгани, Мен тушкунликка асло- Енгилмасман онажон! Хали кўпдир дўстларга- Менинг айтар сўзларим, Етармикан вақтимо- Сарғаймишдир юзларим. Қайғурмагин жон онам- Очиқ кетса кўзларим, То унгача муттасил- Курашдаман онажон! Табиблар огоҳ этди- Умрим оз қолган эмиш, Сен эса ташвишдасан- Мени ўйлаб ёз-у қиш. Улар Худо эмаску! Нетарман қилиб нолиш? Дуоларинг асрайди- Мен сўнмасман онажон! Бир кун менинг фойдамга- Ўнглангайдир вазият, Хали жуда эртадир- Ёзмоқ учун васият. Мендан кўра кўп ахир- Чекётганлар азият, Дод солишга хаққим йўқ- Мен сўлмасман онажон! Ҳали бир кун келарки- Етмишдан хам ошарман, Тўқсон билан тўқнашиб- Юз ёшда ош ошарман. Насиб этмаса энди- ФИРДАВСда яшарман, Гуноҳларим тўкмасдан- Мен ўлмасман онажон... Яхшиямки билмайсан- Ётган ёстиқларим қон, Мени ҳар кеч қийнайди- Баданимдан чиқмай жон. Ёлғиз қолсам оғриқдан, Йиғлаб чайнайдирман нон, Кечир, агар ёнингда- Бўлмасдирман онажон. Улфатларим сон-мингта, Танишларим тумонат, Ҳаммаси ҳам иймонли, Ҳар бирида диёнат. Бирига дедим: "Ўлсам- Онам сенга омонат", Яримлаган қадаҳман, Ҳеч тўлмасман онажон! @A_meshayan Абдураҳмон Мешаян