Nilalaman ng post
– Шеърларингизда шунақанги сўзларни ишлатасизки, ҳатто айримларининг маъносини ўзбеклар ҳам тушунолмай қолади. Шеъриятда устозингиз ким? Кимлардан сабоқ оласиз? – Тўғрисини айтсам, шеъриятда борасида устозим йўқ. – Ҳатто айримлар шеърларини биров ёзиб беради, дейишади? – Ака, уй-жойимни кўриб турибсиз. Мен фалончи (бир шоирлик даъвосидаги таниқли тантиқнинг исмини айтади) каби бой эмасман бировдан шеър сотиб оладиган(кулади). Олдинлари бунақа гап-сўзлардан жудаям жаҳлим чиқарди, ҳозир парво қилиб ўтирмайман. – Қайсидир шоирларни яхши кўриб ўқийсизми, яъни Сиз қойил қоладиган ижодкор борми? Тирик шоирлардан... – Усмон Азимни жиддий шоир деб биламан... Аввал Муҳаммад Юсуфни ва Аъзам Ўктамнинг шеърларига махлиё бўлдим, сўнгра Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфиларнинг ижодига ҳавас қилиб ўқиб юрдим. Шавкат Раҳмоннинг ижоди билан танишганимдан кейин ўшанда тўхтадим. Унақа буюк шоир йўқ ўзбеклар ичида... Тўғриси ўзимча унга тақлид қилиб шеър ёзишга ҳам уриниб кўрдим. Шунақа зўр шоирки... асти қўяверасиз... Мен асосан диний-маърифий йўналишда шеър ёзаман. Бу ҳаммага ҳам ёқавермайди. Ёқишиниям истамайман. Тўғри, авваллари ўзимни танитгим келган. Ҳатто бир марта ноқулай аҳволга тушиб қолганман эгаси топилмаган шеърни меники девориб... Кейин жудаям уялиб қолдим, икки йил шеър ёзолмадим. Энди кулиб эслайман ўша даврларни... Ҳозир менга машҳурлик қизиқмас. Керак ҳам эмас. Агар керак бўлганида Ватаним-Жонажоним...деган шеърларни ёзиб, аллақачон “Шуҳрат” медалиниям олган бўлардим. Мен бунақа лаганбардорлик, катталарга ёқиш учун ликкиллашдан ҳазар қиламан. Мени қандай бўлсам, ўшандай қабул қилишларини истайман. Турланиб-тусланишларни ёмон кўраман... – Дарҳақиқат, охирги пайтларда шеъриятда “Шавкатли замонлар...” деган ибора пайдо бўлиб қолди. Энг ажабланарлиси, президент ҳузурида, унга қараб шунақа шеърларни ўқишяпти. Суллоҳлик шу қадарми?! Нима “Исломли замонлар...” ўтдими, деворасан беихтиёр... Яна бунақа шеърни олтмишдан ошган одамдан эшитсанг, баттар кўнглинг айнир экан... – Ака, ишонсангиз 2016 йили сентябр бошида, аввалги президент оламдан ўтган кунлари Ёзувчилар уюшмасининг ёшлар масалалари бўйича раис ўринбосари, Халқ шоири Иқбол Мирзо қўнғироқ қилди: “Тез шеърларингни олиб кел, босамиз” – деб. Обориб ўтирмадим тўғриси... Менга қизиқ эмас энди... Айтяпману машҳурлик, шон-шуҳрат – офат экан, ундан қочиш керак экан... – Ўзингиз арман миллатига мансуб бўлсангиз-да, ўзбекларнинг дардини ёзасиз. Ёзганда ҳам чиройли ёзасиз. Бунинг боиси нимада? – Ака, шу ерда туғилиб ўсдим... Шу одамлар орасида... Ўшанинг-чун дарду ғамим ҳам, қувончу ташвишим ҳам шу халқ билан бир! – Ташқаридан қараганда ўзбек халқининг ижобий ва салбий томонлари яхшироқ кўринади Сизга... – Ўзбеклар ҳақида биласизми қанақа тушунча бор бошқаларда? Битта эпизод билан тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бир куни фейсбукдаги бир танишим қурбонлик гўштини тарқатишда ёрдам сўради. Ўзи хорижда яшайди, шериклари шу ерда. Аммо шериклари ҳам тарқатолмай қийналаётган экан. Хўп деб айтилган жойга бордим. Боргач, тушундим нима учун тарқатишолмаганини... жудаям бой одамлар яшайдиган маҳалла экан. Битта катта хўкизнинг бўлакланган гўштини машинага ортиб қайтдик. Йўл-йўлакай опамга қўнғироқ қилдим: “Ночор аҳволда яшайдиган танишларинг бўлса, айт” – дедим. У: “Менга ҳам бер” – деди. “Опа, сенинг шунча уйларинг, машиналаринг бор, уялмайсанми?” деб танбеҳ бердим. “Ҳазил-ҳазил, - деди кулиб. - Бир жувонни танийман. Ҳижобли. Тўртта норасида боласи бор. Қаердадир фаррош бўлиб ишлайди. Эри жигар церрозидан ўлган. Шунга обориб бер”. “Эри ичар эканми?” – сўрадим ичкилик орқасидан жигари адо бўлиб оламдан ўтган дадамни эслаб... “Жиннимисан?! Ичмайди, ўзбекку у?!” деди опам. Ҳижоблиларни ити-битидан ёмон кўрадиган опамки мақтадими, демак ўша аёл чинданам фаришта экан деб қолдим... Ва унга қурбонликдан насиба олиб бориб бердим. Мана кўрдингизми, ўзбеклар ҳақида нималарни тушунамиз: ўзбекми – алдамайди, ўзбекми – ўғирлик қилмайди, ўзбекми – бировга ёмонлик қилмайди! Булар бизнинг ўзбек ҳақида шаклланган фикрларимиз, хулосаларимиз... (давоми қуйида)