Nilalaman ng post
Ёқмаган жиҳатларига келсак... Олдингизда, юзингизга кулиб-кулиб яхши гапиришади-да, орқангиздан ёмон гапларни айтишади. Мен унақа одамларни ёқтирмайман. Ёмонми, яхшими – одам ҳақида фикринг бўлса, шартта-шартта юзига айт... Мана шунақа иккиюзламачиларнинг озми-кўпми борлиги миллат юзидаги доғ деб биламан. Энг зўр жиҳати эса – миллатчилик қилмаслиги... Биласизку, бу исломда ҳам қораланган жиҳат. Маҳаллийчилик бор, аммо миллатчилик йўқ. Бошқа давлатларда, масалан, Туркияда ҳам ўзларидан бошқа миллатга иккинчи даражали деб қараш иллати шаклланган. Ўзбекистонда эса одамларининг миллатига эмас, яхши-ёмонлигига қараб муомала қилишади. Ўзбеклардай бағрикенг миллат кам дунёда. – Исмингизни расман ўзгартирганмисиз? – Албатта, ака. Паспортимда Абдураҳмон деб ёзилган. 2006 йилда мусулмон бўлганман. 2010 йили исмимниям ўзгартирдим, жисмимниям(кулади). Тўғрисини айтсам, бошида Муҳаммад исмини танлагандим, аммо ҳаддим сиғмади. Исм мен учун қанчалар қадрли эканини тушунтиришим қийин. Ҳозир бирор киши Абдураҳмон деб чақирса, шунақанги хурсанд бўлиб кетаманки, тасаввур қилолмайсиз... – Нега айнан бу исмни танлагансиз? – Абдураҳмон ибни Авф разияллоҳу анҳуни қаттиқ яхши кўраман. Ўшанга... Мусулмон бўлиш осон, жуда кўпчилик иймонга келганини эълон қилади, аммо аввалги чиркин ишларини ташламайди. Намоз ўқимайди, рўза тутмайди, бошига келган синовларга сабр қилмайди. Мени ҳам бошимга озми-кўпми синовлар келди, алҳамдулиллаҳ, имоним туфайли сабр қилдим. Мен учун каръера муҳим эмас, имон муҳим. Мақсадим агар катта шоир бўлиб, танилишни, кўтар-кўтар бўлишни хоҳлаганимда исмимни ўзгартириб ўтирмасдим. Ҳатто Иқбол Мирзо “Нега исмингни ўзгартирдинг, сени китобингни чиқарардик, ҳаммаёқда шов-шув бўларди...”, - деб хафа ҳам бўлган. Менга керак эмас унақа машҳурлик. Чунки Абдулла Орипов билан умрларининг охирида, Америкага кетишларидан олдин роса ҳамсуҳбат бўлганман, у кишининг давлатга ҳам, жамиятга ҳам кераксиз бўлиб қолганини кўриб, кўп нарсани англаб етганман. Қолаверса, лаганбардор “эжодкорлар” давраси учун мен бегонаман, менинг атрофимдагилар оддий диндор кишилар... Шеър ёзиш эса шунчаки хобби, ичимдагиларни изҳор қилиб олсам бас. – Акангизнинг ҳидоят топиши қандай бўлган? – Тўғриси буни билмайман. Аммо менинг Исломга киришимга акам таъсир ўтказмаган тўғриси. Дадам битта латифани айтиб акамнинг дилини оғритарди доим. Эмишки бир армани иймонга келибди. Кейин чўчқасини ариқдаги сувга пишаверармиш тезроқ қўйга айлан деб... Очиқчасига устидан кулиб: “Сен армансан, арманлигингча қоласан”, дерди. Қариндошларимиз “Худойинг нима деяпти, бизга хабар бер-чи?” – деб очиқчасига мазах қиларди. Ибодат қилаётганда қитмирлик қилиб, халал беришга уринишарди. Яҳудий қанақа бўлса, арман ҳам шунақа. Яъни бизнинг миллатдан мусулмон чиқиши фавқулодда ва ноёб ҳолат тўғриси... Худди араблардан атеист чиққандай... Битта онам ва мен акамнинг тарафини олардик. Тўғрими-нотўғрими, ўз танлови деган ўйда унга ён босардик. Дадам вафот этгач, ҳаётга жиддийроқ қарай бошладим. Кўп ўйладим. Ўлимни тушунишга интилдим. Ишонасизми, ҳамма ҳам тўғри йўлни қидиради, аммо ҳамма ҳам охиригача боравермайди. Иймонсиз ҳаловат йўқ асло... – Сизга ҳам шунақа муомала қилишадими? – Йўқ. Оддий мисол: ҳайитда ҳамма бир бирини табриклайди, а? Менга жумла жаҳонни табриклагани бир тараф бўлса, опанинг, холамнинг диний байрамим билан табриклагани бир тараф... Бу уларнинг иймонинимни, эътиқодимни ҳурмат қилгани, динимни тан олганидан дарак... – Уйланганмисиз? – Энди, Худо хоҳласа... Бу йил уйланаман. Бўлажак келинингиз туркиялик. – Даромадингиз нимадан? – Чорвачиликка қизиқаман. Буни қанчалар яхши кўришимни тасаввур қилолмайсиз. Тушунтириб беришим қийин... Чиндан ҳам чорвада барака бор экан... – Суҳбатимизга бирорта шеърингиз билан якун ясасак, нима дейсиз? – Бажонидил. "Интервью" деган шеърим бор... Ҳазилнамо... P. S: Суҳбат уч йил аввалги. Алҳамдулиллаҳ, онам ҳозир ҳидоятга келганлар Абдулазиз Муборак суҳбатлашди Суҳбатга қўшимча шеър қуйида: