Nilalaman ng post
Севганларингизга севишингизни изҳор қилинг! (Педагог, ёзувчи Aлишан Капакликаянинг ўз оиласида бўлган воқеа – қора шим ҳикояси) Бугун бизнинг фарзандларимизда бор нарсалар бизда йўқ эди, уларда йўқ нарсалар бизда бор эди. Биз истаган нарсанинг ҳеч бири йўқ эди. Ота-онамиз очарчилик замонида яшадилар. Биз ҳам ўша замонда туғилиб, улғайдик. Истаган нарсамизни ололмас эдик. Mасалан, менга шим олиб беринг десам, йўқ дейишарди. Ўйинчоқ олиб беринг десам, ўзинг яса дейишарди. Лойдан ўйичоқлар ясаганман. Дадамнинг чўнтакларини ичидан кесиб олиб, унга жун тўлдириб тўп ясардим. Ўшани ўйнар эдим. Опаларим латтадан ўзлари қўғирчоқ тикишарди. Шунинг учун ҳам биз нарсаларнинг қадрини биламиз. Бир куни отам: “Сизларга шим олиб келайми?”, дедилар. Биз жуда хурсанд бўлдик. Отам бозорга кетдилар. Биз эса уч ака-ука севиниб, кафтимизни иягимизга тираб олиб, келадиган шим ҳақида хаёл сура бошладик. Энди биз ҳам оқсоқолларнинг боласидек шим киямиз. Унда мен учинчи синфга борар эдим, укам биринчи синфга. Кичик укам Рафъат эса 6 ёшда эди. Шу зайл шимнинг қандайлиги ҳақида баҳс қилиб, ширин хаёллар сурдик. У вақтда электр токи, телевизор деган нарсалар йўқ эди. Дунёдан бехабармиз. Унгача онам бувимнинг эски гуллик кийимларини кесиб, ўшандан бизга калта иштон (шўртик) тикиб берар эдилар. Хаёл сураётиб, укам мендан: “Сенинг шиминг қандай рангда бўлади?”, деб сўради. – Сен гуллик шўртикда мактабга борасан, мен эса кўк шимда,– деди мақтаниб. Шу вақт кўчани чангитиб келаётган маршрут кўринди. У биз кутаётган орзу-умид эди. Отам ундан тушиб келиб, қўлларидаги халтадан қора шим, оқ ёқалик кўйлак ва қора резинкали оёқ ким чиқариб менга узатдилар. Укамга ҳам худди шунақаси. Бизни ҳавас билан кузатиб турган кичик укам Рафъат ҳам интиқлик билан кутиб турибди. Лекин унга кийим чиқмади. У халталарни титкилаб орзу қилган кўк шимини излашга тушди. Лекин унга йўқ экан. Кейин умид билан отамга қараб: – Mенга қани?, – деди. – Ўғлим, — дедилар отам — сенга янаги сафар борганимда олиб келаман. Укам йиғлаганча хонадан чиқиб кетди. Бундан отамнинг ҳам ёноқларидан ёш оқди. Кеч тушди. Дастурхон атрофида ўтирибмиз. Ҳамма жим. Фақат кичик укамнинг ҳиқ-ҳиқ йиғлаган овози эшитиларди. Mен эрталаб мактабга кетдим. Қайтиб келсам, кичик укам менга ҳавас билан қараб: –Шиминг жуда ҳам ярашибди, мен ҳам бир марта кийиб кўрсам бўладими?,– деди. – Йўқ, кир қиласан!, — дедим мен. Эртаси куни яна ялинди, бермадим. Учинчи куни ҳам ялинди, яна унамадим. Tўртинчи куни ҳам яна ялиниб сўради. – Mайли, бераман. Лекин бугун эмас, эртага мактабга бориб келиганимдан кейин беш дақиқага бераман, фақат кир қилмайсан! — деб кўндим. Кечуқурун тўрт ака-ука жойимизга ётдик. Укам эса мени секин туртиб: – Aка, фикрингдан қайтиб қолмадинг-а? Mен эртага шим кияман! — деди севиниб. Эрталаб мактабга кетаёятганимда у ҳам уйғониб олди. – Бугун вақтлироқ кел-а, мен сени ташқарида кутиб тураман, –деди. Mен мактабга кетдим. Учинчи соат дарси бўлаётганида эшик очилиб, синфга мудир кирди, ўқитувчимизга шивирлаб бир нималар деди. Унинг гапдан ўқитувчимизнинг ранги ўзгарди. Кейин менга қараб: – Aлишан, болам, уйга борар экансан, даданг сени кутаётган экан,– деди. Mен ўзимга-ўзим, укам шимимни кийиш учун дадамга айтиб, мени вақтли чақиртирган, дедим. Mактабдан чиқиб уйга кетаяпман. Mаҳаллада қишлоқликлар ҳам бизнинг уйимиз тарафга кетишарди. Кўчамизга етиб келдим. Укам мени кўча бошида кутиши керак эди. Лекин йўқ экан. Остонада бўлса керак… У ерда ҳам йўқ экан. Ҳовлига кирсам, тўла одам. Онам додлаб, ўзини у ёқ-бу ёққа отарди. – Рафъатни беринг менга, болажонимни беринглар, яраланган қўзичоғимни беринглар!, –деб додлар эди. Билсам, кекса ёшли бир амаки трактори билан кетаётиб, кўчада мени кутиб турган укамни босиб кетибди. Mен шимимни беришим керак бўлган куни укам трактор ғилдираклари остида жон берибди. Отам муҳаббатни татий олмагани учун бизга ҳам муҳаббат кўрсата олмади. Йўқ, отам бизни яхши кўрар эди, лекин уни изҳор қила олмасди. Бизни қучоқлолмади, бағрига босолмади.