Nilalaman ng post
ҚЎШИЛМИШАМ РЎЗАДОРЛАР КАРВОНИГА. Одамзот жаннатни истар, аммо қадам- Қўймоқни истамас ўлим нарвонига. Минг шукрки Арш Султони бериб ёрдам, Қўшилмишам рўзадорлар карвонига. Бу карвоннинг йўловчиси кўп минг нафар, Йўлга чиқмиш Шаъбон тугаган илк саҳар. Шаввол қадар давом этар энди сафар, Қўшилмишам рўзадорлар карвонига. Ифтор чоғи йиғлаб қилдим дуом баён, Юрагимда Ишқ борлиги Хаққа аён. Шояд менга эшик очар дея Райён, Қўшилмишам рўзадорлар карвонига. Қадам қўюр мўмин жаннат воҳасига, Савоб қилмоқ айланса гар соҳасига, Суянса гар тоғасимас, "Тоҳа"сига, Қўшилмишам рўзадорлар карвонига. Зам-зам янглиғ мўмин кўнгли бунча зилол, Рўзадордир мисли Салмон, Билол. Кулиб чиққач осмон саҳнасинга хилол, Қўшилмишам рўзадорлар карвонига. Мендан сўранг, хасрат надир, армон надир, Айламади насиб на "Ухуд", на "Бадр". Лек насиб қилсин деб ул "Лайлат-ул Қадр", Қўшилмишам рўзадорлар карвонига. Ажр тўплаб лаъин тинчин бузаман деб, Гуноҳ номли аждар бўйнин узаман деб, Ўттиз кун бахт уммонида сузаман деб, Қўшилмишам рўзадорлар карвонига. Бойман дея саҳарликда суюндим лек, Ифтор чоғи диндошлар деб куюндим тек. Аллоҳ қўйсин мўмин элда урушга чек, Қўшилмишам рўзадорлар карвонига. Қори келсин, тинглаб "Ёсин"нинг товушин, Роҳатланай, сўнг майли қўллар совушсин, Киприкларим майли мангуга қовушсин, Фақат...қадам қўяй ўлим нарвонига, Қўшилган чоғ рўзадорлар карвонига... 17:50-05.06.2018 Рамазон ойининг мағфират дахаси 20-куни.