Nilalaman ng post
Бир киши билан гаплашгандим. 2001-йиллар эди. Сурхондарёда. Термизда. У шундай деганди: " Бир жойда ишлайман. Қаердалгини айтмайман. Ўша ишхонада одамларни қийноққа солинадиган камера бор. Эшиги темирдан. Деразаси ўрнида панжарали туйнук бор. Чироғиям хира. Тез-тез ўша хонада бетон пол ва деворларга қийноққа солинганларнинг сачраган қонини юваман. Қон караска эмас-ку, лекин ювилиши қийин. Девор ва пол қанчалик қонга беланганини кўриб бу хонада кимдир қанчалик қийноққа солинганини таҳмин қиламан. Гоҳо девор ва пол роса қонга беланган бўлади, шуни кўриб қийноққа солинган кимса ўлган бўлса керак деб ўйлайман. Яқинда ишдан бўшамоқчиман. Ёмон тушлар кўряпман. Тушимга ўша қонли хона киряпти, қўрқинчли овозлар эшитяпман". Шу гапларга ҳам 23 йил бўлибди. Вақтнинг тез ўтишини қаранг. Умр ҳам бир ҳовуч нарса, тезда тугайди. Қийноқ камерасида ва қийноқдан сўнг жони узилганлар ҳозир жаннатда сайр қилиб юргандир. Деворларга одам қони сачраган камера ҳеч эсимдан чиқмайди.