Nilalaman ng post
ДАДА СИЗНИ СОҒИНГАНИМДА (Дўстимнинг дарди) Тарк этаман бир кун дунёсин, Кечиб бўлгач хаёт дарёсин. Забонимдан тушмайди “Ёсин”, Дада сизни соғинганимда. Хасрат тоғи бирдан қулайди, Тил дуога дуо улайди. Қалб боғимда иймон гуллайди, Дада сизни соғинганимда. Мени дардлар қиломас эрмак, Гўдакмасман тинглашга эртак. Хотирамга тушар чин эркак, Дада сизни соғинганимда... Саккиз фарзанд улғайтирган зот, Фирдавсда бўлсин дейман шод. Ёдга тушар лафзи халол зот, Дада сизни соғинганимда. Хаёт экан улкан иморат, Хасрат ва шодликдан иборат. Қиларман қабрингиз зиёрат, Дада сизни соғинганимда. Қалбим ёниб, юрак куяди, Кемтик кўнглим соғинч туяди. Кўзларимдан ёмғир қуяди, Дада сизни соғинганимда... Хаёт мени қаттиқ элади, Дард шамоли хануз елади. Болаликка қайтгим келади, Дада сизни соғинганимда. Хануз юрак-бағрим ўяман, Хилватларда йиғлаб қўяман. Чопонингиз хидлаб тўяман, Дада сизни соғинганимда... Тиззангизга ўтириб олиб, Новвот ердим оғзимга солиб. Хаёл кетар ёшликка олиб, Дада сизни соғинганимда. Оздир сиздай қалби офтоблар, Ёдимда сиз қилган хитоблар. Овутар сиз тутган китоблар, Дада сизни соғинганимда. Овозингиз истар қулоғим, Бир луқма ўтказмас томоғим, Марғилонга тортар оёғим, Дада сизни соғинганимда. Ифорингиз қумсар димоғим, Ашъор битсам титрар бармоғим, Суратингиз ўпар дудоғим, Дада сизни соғинганимда. @A_meshayan 21.03.2020 Абдураҳмон Мешаян