Nilalaman ng post
АСМО РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲОНИНГ САБРИ -Онажон одамлар қилди мени тарк, На фарзандлар мен-ла ва на аёлим. Умавийлар айтган молни олайми, Тарқоқ бўлиб кетди буткул ҳаёлим. -Ёмон банда бўлсанг ўшалар тутган, Мол-дунёни бориб албат олардинг. Йўлингдан қайтмагин ўлим яхшироқ, Бу дунёда яшаб қанча қолардинг? -Онажон мен жуда қўрқаман ўлгач, Мени улар мусла қилишларидан. -Қўрқма! Қўй оғриқни сезмас сўйилгач, Унинг терисини шилишларидан! -Менинг бугунгача шудир маслагим, Суянмадим асло дунёга рости. Аллоҳ учун ғазаб қилди юрагим, Қилинмасин дедим дин оёқости. Сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим, Менинг басиратим бўлди зиёда. Мени улар бугун ўлдиражаклар, Сабр қилинг она, ёруғ дунёда. Сўнгра шаҳид бўлди гўзал Абдуллоҳ, Хажжожнинг қўшини билан қилиб жанг. Рози бўлди ундан Яратган Аллоҳ, Жаннатда бўлмагай унинг ҳоли танг. Қайғу шамоллари қолдилар эсиб, Номуносибларга қолди тахту тож. Ибн Зубайрнинг бошини кесиб, Сўнгра халифага юборди Хажжож. Халифа чорлади Асмони аммо, Унинг ҳузурига бормади Асмо. Шу он халифанинг оғзидан чиқди, Амаллари каби битта гап расво: -Келса келсин йўқса олиб келаман, Ўзим ҳузуримга сочидан судраб. -Аллоҳга қасамки шундай қилмаса, Асмо деди бормам ўтирмам титраб! Сўнгра бошқа бир йўл қолмагач борди, Асмонинг ёнига Хажжожнинг ўзи. -Ўғлинг Ҳарам ичра мулҳидлик қилди, Дегач қонга тўлди Асмонинг кўзи! Асмо айтди: Ёлғон сўзладинг Хажжож, Айтай каззобларга қилса ҳам алам. Муҳожирлар ичра илк туғилганди, Ҳамма билар менинг Абдуллоҳ болам. Мусулмонлар шунда такбир айтишиб, Мадинани юрган шодон тўлдириб. Дўстинг икковингчи фитнага тушиб, Хурсанд бўлябсизлар уни ўлдириб. Аллоҳга қасамки ўзим туйганман, Гўзал пайғамбарининг ширин сасидан: "Битта қонхўр билан битта ёлғончи, Чиқажакдир Сақиф қабиласидан". Гувоҳи бўлдимки қолмади махфий, Кимнинг кимлигини сезди бу юрак. Ўйлайман ёлғончи Мухтор Сақафий, Ўша қонхўр эса сен бўлсанг керак." Асмонинг олдидан жим кетди Хажжож, Зубайр таничи қолди бир фурсат- Дорга ўша-ўша осилган ҳолда, Уни туширмоққа бермади руҳсат. Бир куни айтишди Ибн Умарга, Асмо масжид четда ўтирганлигин. Тоат ва сабрдан бошқа ишлардан, Мутлақо юзини ўгирганлигин. Ибн Умар деди: "Сабр айлангиз, Тана ҳеч нарсамас, энг муҳими руҳ. Асмо деди:" Бошқа чорам ҳам йўқдир, Нечун қилай фиғон не учун андуҳ? Нега қилмай сабр адолат йўқдир, Дунёнинг ҳолати азал шу ахир. Фохишага маҳр қилгандиларку, Яҳё пайғамбарнинг бошин ҳам ахир. Лекин келмадими анов Хажжожга, Ахир энди эркак бўлмоқлик вақти? Бу гаплар Хажжожга етганда унинг, Кўнглини хижолат чунонам чақди. Қизариб-бўзариб ғурур ва ордан, Туширтирди рақиб танасин дордан. Асмо ўғлин кўмди ювиб кафанлаб, Савоб умид қилиб Аршдаги Ёрдан. Бу воқени ўқиб журъатсиз зотлар, Билдим олам ичра тўп-тўплигини. Қаҳрамон ўғиллар етиштиришда, Ҳам волидаларда гап кўплигини! @A_meshayan 00:08-22.08.2024 Абдураҳмон Мешаян