Nilalaman ng post
#Ҳусайн_розияллоҳу_анҳунинг_шаҳид_қилиниши Қотиллар билмайди муқаддас кунни, Қилаверар гуноҳ-кабирасини. Йўқса жума куни, Ашуро куни, Ҳазрат Муҳаммаднинг набирасини- Йўлдан озган Синан ўлдирармиди, Унга қарши жирканч фитналар тузиб. Отда туриб найза санчгач кўксига, Отдан тушиб яна бошини узиб... Мен минглаб чақирим сенданман йироқ, Эй Ҳусайн қони оққан Карбало. Нима қилиб қўйдинг эй аҳли Ироқ? Шундан бери кетмас бошлардан бало. Ҳусайннинг бошин узганга харом, Фитна тузганга ҳам харомдир жаннат. Унга қарши чиққан Куфа ноиби, Убайдуллоҳ ибн Зиёдга лаънат. Лек жазосиз қолмас бирор жиноят, Золимнинг фарёди ёқар қулоққа. Жозир деган жойда ўлдириб, бошин- Бошлиққа элтишди солиб тобоққа. Шу пайт судралганча кичик бир илон, Кириб кетди Ибн Зиёд оғзига. Кейин чиқиб келди унинг бурнидан, Сўнг яна оғзига қайтди изига. Бу хол этаверди тўхтамай давом, Хали охиратда ортгай ғуссаси. Ибрат олсин дея оқилу авом, Куйдириб ташланди унинг жуссаси. Ҳозир ҳам бисёрдир Ибн Зиёдлар, Номларин халқ тахмин қилгани маъқул. Дўзахда чекмай деб фиғон фарёдлар, Қотил эмас бўлмоқ афзалдир мақтул. Қотиллар билмайди муқаддас кунни, Улар Аллоҳни ҳам солмас ёдига, Йўқса жума куни, Ашуро куни, Ҳазрати Алининг зурриёдига- Хужум қилармиди бир тўп жирканчлар, Гўёки ишлари зўр фарзи айн. Шеър тамом. Юрагим дамбадам санчар, Юрагим заифдир Ҳазрат Ҳусайн. @A_meshayan 18:33-29.08.2024 Абдураҳмон Мешаян