Nilalaman ng post
Ўзбек тилининг нақадар гўзал ва бой тил эканлигини Тарлоним шеърида ифодалашга уриндим. Ўқинг, мазза қилинг. ТАРЛОНИМ Кишнаб тургин тишларинг, Ҳеч синмасин тарлоним, Урган улкан юрагинг, Тез тинмасин тарлоним. Шоирлар бўлса топқир, Оёқларингдир чопқир, Сени бегона душман, Ёв минмасин тарлон*им.. Сенинг тенгингмас ёби* Табақангданмас чўбур* Қаробайир*га дўст бўл, Асов*ларга юзни бур. Байталларнинг кўнглини, Ҳушомад-ла овлаб юр, Қулун*лару тойчоғ*инг, Ўксинмасин тарлоним. Ўзим сенга дўст бўлдим, Эсла ғўнон*лигингда, Порлаб кетди кўзларим, Ёд эт дўнон*лигингда. Фахрландим сен билан, Улкан тўлон*лигингда, Бегоналар ёлларинг, Таролмасин тарлоним. Сен айғир*сан бир тўда- Уюр*ни қил ҳимоя, Жасоратинг адиблар- Қилиб берсин ҳикоя. Умринг топмасин таллон*- Чоғингда ҳам ниҳоя, Сенга ғанимлар эгри, Қаролмасин тарлоним. Кезиб юрсанг агарда, Бедов* бирла чаманлар, Ҳамроҳ бўлсин арғумоқ*, Жийтон* тўриқ*, саман*лар. Чагир*, чавкар*, бурул*ни, Чавандоз бўлса танлар, Демам кунингга жийрон- Яролмасин тарлоним. Сенинг бирла кезмоққа, Ҳар инсонда бор майл, Ранжимагил қорнингдан- Боғлаб қўйсам босмайил* Қуюшқон*дан чиқмагил, Сулуқ*қа хожат бор бил, Кўролмаса ёғийлар- Кўролмасин тарлоним. Ўхшамайсан йўрға*га, Менгизмайсан дўққи*га, Улар ўхшар қирларга, Сен ўхшайсан чўққига. Дуодаман тойчоқ*лар- Туққан бия*нг хаққига, Юрагингда битта ҳам- Дард қолмасин тарлоним. P. S:Шеър учун изоҳли луғат: Қулун – отнинг янги туғилганидан бир ёшгача бўлган боласи. Тойчоқ – отнинг бир ёшдан икки ёшгача бўлган боласи. Той – икки яшар боласи. Ғўнон – уч яшар от, айғир. Дўнон – тўрт яшар от. Тўлон – беш яшар от. Айғир – 3-4-5-6-7 ёшли эркак от. Чирға – олти яшардан ошган от. Толлон – 1) 12 ёшли от; 2) жуда кексайиб, мункиллаб қолган чолни ҳам баъзи жойларда шунақа дейишади. Қирчанғи – қариб қолган от. Байтал – ёш урғочи от. Бия – туққан ва бўғоз урғочи от. Йилқи – отлар подаси, галаси. Уюр – ораларида бир айғири бўлган биялар тўдаси. Ёби – насли паст от. Чўбур – хашаки от. Байир – маҳаллий шароитга ўрганган жайдари от. Қорабайир – бели текис ва кенг, кўпинча тўриқ ёки саман от. Тарлон – ола тарғил, чавкар от. Тўриқ – қора-қизил, тўқ тусли жийрон от. Жийрон – қизғиш-малла от. Саман – оч малла, сомон ранг от. Самантўриқ – саманга, маллага мойил рангли тўриқ от. Бурул – холдор кўкиш от. Чавкар – ола-була, қора холли, хол-хол от. Чагир- кўзида оқи бор от. Асов – минги бўлмаган, хали минишга кўникмаган от. Бедов – учқур, ўйноқи от. Йўрға – минганда худди мошинадан кетаётганидек текис, силлиқ юрадиган от. Дўққи – йўрғанинг акси, юрганда устидаги одамни силкитиб юрадиган от. Арғумоқ – жуда чопқир от. Тулпор – наслдор, чопқир, учқур от. Хос тулпор – боқилган, чиниққан, узоқ сафарларда юрган, пойгада пишган, наслдор от. От абзаллари: Босмайил – отнинг қорнидан эгар билан қўшиб боғланадиган тасма. Қуюшқон – эгар отнинг боши томонига кетиб қолмасин учун, унинг думи остидан ўтказиб эгарга боғлаб қўйиладиган арқон. Узанги – оёқ қўйиб миниш ва эгарда мувозанат сақлаш мосламаси. Тизгин – отнинг сулуғига ва нўхтасига боғланган арқон. Отни мингач у чавандознинг қўлида бўлади. Унинг синоними – жилов. Сулуқ – отнинг оғзига тиқилган темир мослама. (“От бошига иш тушса сулуқ билан сув ичар, йигит бошига иш тушса этик билан сув кечар”) @A_meshayan 22:53-03.11.2024 Абдураҳмон Мешаян