Nilalaman ng post
ОЗОДЛИК ТАНСИҚ Кўплар дейди юртим деб, Жонимни қилгум фидо. Биттасига рост гап зеб, Ўнтаси айлар риё. Олис тарих қаъридан Халқим фикр қил дея, Жалолиддин ўз умрин, Хикоя қилар гўё: "Етти яшар ўғлимни, Асир қилди мўғуллар. Сўнг юрагин суғуриб, Итга едирди улар. Душманга хор бўлмасин- Деб онам-у ёримни Синд дарёсига ташланг Деб буюрдим алхазар” Хозир эса мардман деб, Номардлар йиртар оғиз. Улар беақллардир, Ёхуд тамоман онгсиз. Ахир тансиқ нондан хам, Хатто танда жондан хам, Эрк ва озодлик ширин, Эрк ва озодлик азиз! Жасурлиги бўлсайди, Хар кимсада Широқнинг. Вайрона бўлмасмиди, Кўп гўшаси Ироқнинг. Инсон зоти шунақа, Инсон зоти шундайдир, Куни қолса шағамга, Қадрин билар чироқнинг. Мана ўттиз йилдирки, Урушдан чиқмас боши. Хулоса қил эй халқим, Афғон қилар кўз ёши. Оқил султонсиз ўлка, Худдики бир танадир. Хар мучаси соғлому, Аммо узилган боши. Халқи тутқунда бўлса, Йиғлаб куйлайди хофиз. Хақ хукмининг олдида, Хар кимса ахир ожиз. Мухлисга ёқишдан хам, Тинимсиз олқишдан хам. Эрк ва озодлик ширин, Эрк ва озодлик азиз! Очарчилик йиллари, Еб супургининг донин. Шишиб ўлмиш инсонлар, Тополмай бурда нонин. Ё унутдингми халқим, Ёв пасткаш бўлганлигин? Ўнлаб мадрасаларни, Отхона қилганлигин? Ғаним билар биргина, Хақоратлаб сўзлашни. Жонинг олиб бўлса хам, Ўз фойдасин кўзлашни. Душман билар сўкишни, Ва қонингни тўкишни, Сўнг ўзинг ўргангайсан, Минг усулда бўзлашни. Бундан Аллоҳ асрасин! Бахт топсин хар ўғил-қиз, Худойимдан бошқага, Чўкиб юрмасинлар тиз. Омонат саройдан хам, Қамардек чиройдан хам, Эрк ва озодлик ширин, Эрк ва озодлик азиз! Яшаш мумкин хар куни, Емасдан ёғли палов. Аммо яшаш душвордир, Ғаним жонинг қилса ов. Кимни бахтли қилади, Дастурхон тўла патир, Фарзандин ер тишлатса, Ёв деганлари ахир? Хеч битмаса хўрланиш, Хеч битмаса азобинг. Томоғингдан ўтарму, Ё норин ё кабобинг? Сен эккан дарахтларнинг, Мевасин ғаним еса, Татийдими шарбат-у, Қадаҳдаги шаробинг? Урушлар-у қирғинлар, Бизлардан бўлсин олис, Шоир нияти тоза, Шоир нияти холис. Ахир минг ғазалдан хам, Новвот-у асалдан хам, Эрк ва озодлик ширин, Эрк ва озодлик азиз! Панжаранинг ортида, Қолган маҳбусга қаранг, Дер гўё: “Боқ қўлимдан, Кишанлар сочар жаранг. Бир куни озод бўлсам, Озодлик хавосида, Бахтдан юрак ёрилиб, Жон берсам деманг найранг” Уруш битта оёғин, Олган одамдан сўранг. Ўқ теккач бир кўз билан, Қолган одамдан сўранг. Тинчлик нақадар бахт-у, Соғликнинг не эканин. Аммо яшаш оғирдир, Ёв тирнаб турса яранг. Қуриб битди минг дарё, Қуриб битди минг денгиз. Туғилмасин қайтадан, Ё Гитлер-у ё Чингиз. Эхтиёж йўқ иллатга, Ахир хар бир миллатга, Эрк ва озодлик ширин, Эрк ва озодлик азиз! 2010-йил Абдураҳмон Мешаян