Nilalaman ng post
Йигирма икки йиллик ижод йўли Мен шеъриятга энди қадам қўйганимда, роса машҳур бўлишни, ТВда чиқишни, радиоларда интервьюлар беришни истаганман. Шеърларим газеталарда босилганида, уюшмага борганимда устоз шоирларни кўрганимда қандай қувонч, қандай ҳаяжон туйганимни билсангиз эди... Санъаткорлар билан ишлашни ўша пайтларда шараф деб ўйлардим. Кейинчалик шеърларимдан Юлдуз Усмоновадан тортиб, Шоҳжаҳон Жўраевгача ижро қилди. Жаҳонгир Отажонов Инстаграмларида фойдаланди, хорижий интернет порталларида ҳам роса чоп этилди шеърларим. Аммо кейинчалик, 2018-йилдан буён мени на китоб чиқариш, на ТВ, на радио, на интервью, на машҳурлик қизиқтирмай қўйди. Ҳозир ҳам шу. Аммо мен бугун бошқа нарсани айтмоқчиман: мен доим ҳақиқатни ёздим. Шу ҳақиқатни ёзганларим ортидан жарималар тўладим, судландим. Алҳамдулиллаҳ. Атрофимда одам кўп эди. Аммо Камол исмли дўстимдан бошқа бирортаси мени чақиртирганларида мен билан бирга бормади. Кимгадир: “Яна чақиришди”,-десам, менга юпанч сўз айтиш ўрнига, илжайиб: “Сизни доим чақиришадику, ўзи ўлдириб юборишмаганига шукр қилсангизчи,”-дейишди. Индамай, синиқ кулиб кетавердим. Бир қўнғироғига, бир энлик мактубларига, тасаллиларига зор бўлганларим қанча... Нима демоқчиман? Агар ҳеч кимга кераксиз, бир ўзингиз ва ҳақиқатингиз билан яшашга қурбингиз етса- ҳақиқат тўла шеърларингизни ёзинг. Жарималар, судлар, пўписалар, босимларга тайёрман десангиз-ёзаверинг. Аксинча бўлса- ёзманг. Ҳеч қачон унвон ололмайсиз, илло халқнинг меҳру муҳаббатидан бошқа. Қиёматда бир шаҳид тирилтирилиб, ундан: “Нима учун жанг қилдинг?”-деб сўралса, у: “Ё Аллоҳим, Сен учун,”-деркан. Ўшанда Аллоҳ: “Ёлғон гапирдинг, сени қўрқмас, жасур деб ўйлашлари учун жанг қилдинг,”- деб, уни жаҳаннамга улоқтираркан. Мени ҳам ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, қўрқмас деб ўйлашади. Аслида ундай эмас- жуда қўрққанман доим. Шеърни ёзиб қўйиб, онамга, жиянларимга зимдан қараб, охирги марта кўраётгандек яшириб йиғлаганларим, “Ана энди аниқ олиб кетишади,” деб кийимларимни тахлаб қўйганларим... Эҳхе, қўрқинч кунларнинг ҳадди-ҳисоби йўқ. Аммо ёзаверганман. Ҳали ҳам ёзяпман. Ва Аллоҳ паноҳ бўлса, яна ёзавераман ҳақиқатларни. Аммо ўшанда ҳам қўрққан бўламан. Шуни инобатга олинг. Мен дунёда сохта қаҳрамонлик кўрсатиб, у дунёда оташда қолгим йўқ. Мен Ўзбекистоннинг нонини еб, шу халқ ичида улғайдим. Шеърларим- шу эзилган халққа миннатдорчилигим, раҳматим, ташаккуримдир. У йиғлаб турганда “у куляпти” деб хаспўшлолмадим. Шунча меҳнатим кетган китоб учун қилган сай-ҳаракатларим ҳам бекор кетди. Руҳсат тегмади. Ўзи билардим буни. Шунинг учун ҳеч чиқаргим келмасди. Ўзбекларни яхши кўра-кўра ўзим ҳам ўзбеклашиб кетдим. Онам учун бироз сиқилдим. Ўзимча тақдимотлар қиламан, дегандим онамга. Майли, хайрлиси. Бугундан яна саҳобалар ҳақидаги туркум шеърларим давом этади. Китобда ўқишар деб эълон қилинмаган яна 250 шеърим. P.S. Расмдаги аҳволим эса бир каттаконга бир шеърим роса тегиб кетгач содир бўлган. Бу ҳолатга мени бирор тузум ёки ташкилот эмас, шеър атаган одамим туширганди. Мен эса шеъримни барибир ўчирмаганман. Кейинчалик, орадан бир ой ўтиб, тан олди- шеърим беҳуда эмаслигини. Аммо бўлар иш бўлганди. "Дунёда сизга кучим етмайди қолганини бошқа оламларда гаплашамиз мансаб ҳам ўткинчи,” деганман ўшанда. @A_meshayan Абдураҳмон Мешаян