TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Abdurahmon Meshayan
Abdurahmon Meshayan avatar

TGINSIGHT POST

Post #5641

@a_meshayan

Abdurahmon Meshayan

Mga View1,950Bilang ng mga view ng post
Na-publishSet 1109/11/2025, 04:31 AM
Nilalaman

Nilalaman ng post

Мактуб... Онам бир кўзли эди. Яъни, бошқа кўзининг ўрнида чуқурча бор эди, холос. Мен ундан жирканардим. Чунки, бу ҳолат мени ўртоқларим олдида уялтириб, ноқулай вазиятга туширарди. Отам эсимни танишимдан аввал бир автоҳалокатда вафот этгани туфайли оила тебратиш онамнинг зиммасига тушган эди. Шу боис у мактабда ошпазлик қиларди. Тўртинчи ёки бешинчи синфдалигимда бир куни онам мени кўргани келди. Ўшанда синфдошларим олдида уятдан ерга кирай деганман ва "қандай қилиб, қайси ақл билан менга бу ишни қилиши мумкин?!" дея жаҳлим чиққан. Унга ғазаб ва нафрат билан боққач, кўрмаганга олиб, ўтиб кетганман. Эртаси куни мактабда ўртоғим менга "сенинг онанг бир кўзлими, худди эртаклардаги махлуқлардек?!..", деди ва бошқа болалар ҳам унга қўшилишиб кула бошладилар. Ўша лаҳзада яна бир бора ерга кирдим ва онамнинг ҳаётимдан бутунлай чиқиб кетишини, қаергадир ғойиб бўлишини ич-ичимдан хоҳладим. Кечаси уйга келганимда унга "мени кулгига қолдиргунча ўлганинг яхши эди" деб бақирдим. Онам ҳеч қандай жавоб қайтармади балки, бир кўзи билан менга тикилиб тургач жимгина узоқлашиб, хонасига кириб кетди. Унинг туйғулари мени қизиқтирмасди, тўғриси. Хафа бўладими, бўлмайдими ҳечам ишим йўқ эди. Ҳатто у билан бир уйда яшашни истамасдим. Аммо, уй уники, рўзғор ҳам унинг бўйнида эди ва менинг эҳтиёжларимни ҳам у қопларди. Яхши ўқидим, катта бўлдим, тиришиб меҳнат қилдим ва ўзимни эплайдиган бўлганимда чет элга ўқишга кетдим. Бир муддат сўнгра уйландим. У ерларда ишлаб, яхши пул топдим ва юртга қайтиб, пойтахтдан ўзим ва оилам учун бир уй олдим. Фарзандларим бўлди. Қисқаси, ҳаётимдан мамнун эдим. Онамни эса буткул унутиб юборгандим. Бир куни онам қишлоқдан мени кўргани келди. Ахир неча йиллардан бери мени кўрмаган, набиралари борлигини ҳам билмасди. Эшикни мен очдим. Ортимда турган болаларим бир кўзли одамни кўриб қўрқиб кетдилар, сўнгра кула бошладилар. Уларга бу инсон бувингиз бўлади, деёлмадим. Хотинимга эса бир бечора адашиб қолибди, дедим. Ичкарига кириши билан, ёнимизда ҳеч ким йўқ вақтда "сен қанақа одамсан, ўзи?!.. Уйимга келиб, болаларимни қўрқитишинг нимаси?!", дедим. Шунда у дарҳол ўрнидан туриб, "узр, адашиб нотўғри манзилга келиб қолибман, шекилли", дея шошилиб, уйдан чиқиб кетди. Орадан йиллар ўтди. Онамдан умуман хабар олмадим. Бошқалардан ҳам сўраб-суриштирмадим. Кунлардан бир куни телефон жиринглади. Онамнинг вафот этган хабари келди. Буни эшитиб, икки хил туйғу исканжасида қолдим. Бир тарафдан хафа бўлсам, бошқа тарафдан хурсанд эдим. Лекин, онам менга бир мактуб қолдирибди, .. қўнғироқ қилган одам айтди ва қўшиб қўйди: "келиб лоақал онангизни ўзингиз ерга берсангиз бўларди. Ахир, биттаю битта фарзандисиз. Сиздан бошқа ҳеч кими йўқ, унинг!..". Шундай дея тарақ этиб, трубкани қўйиб қўйди. Турмуш ўртоғимга иш билан алоқадор ёлғон тўқиб, гўё хизмат сафарига кетаётгандек бўлиб уйдан чиқиб кетдим. Дафн маросимидан сўнг, онам омонат қилган одамдан мактубни олиб, ўқишни бошладим. "Эй менинг энг севгили ўғлим!.. Умр бўйи сени ўйладим. Ҳар куни сенинг ёдинг билан яшадим. Соғиниб кетганим туфайли чидолмай уйингга бориб болаларингни қўрқитганим учун кечир мени!.. Сени мудом кутдим. Келиб қолармикансан, дея кўзларим йўлингда қолди, болам. Лекин, сен келмадинг. Шунинг учун бу мактубни ёздим. Иссиқ жон, билиб бўлмайди, менга бир нарса бўлса, ҳеч бўлмаса ичимдагиларни, умр бўйи сенга айтолмаган гапларимни ёзиб қўяй, дедим. Болам, сени улғайтирар экан, бир кўзли бўлганим туфайли доимий равишда сен учун уят ва шармандалик манбаи бўлганимдан ниҳоятда афсусдаман. Биласанми, болажоним, сен жуда ҳам кичик пайтингда отангнинг машинасида аварияга учрагандинг. Фалокатда отанг ҳаётдан кўз юмган, сен эса бир кўзингдан айрилгандинг. Онанг сифатида сенинг бир кўз билан вояга етишингга кўнглим асло рози келмасди. Отангдан қолган далаларни сотиб, сени пойтахтга олиб бориб энг қиммат ва энг яхши клиникаларнинг бирида кўзингни операция қилдирдим... ва ўша... ўрнида бўшлиқ ва чуқур қолган бир кўзимни сенга бердим...