Nilalaman ng post
Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг қулликдан қутилиши "Ўзингни қулликдан қутқаргил!" Салмонга сўйлади пайғамбар. Ибратни кўр саҳобасининг- Дардини ўйлади пайғамбар. Яҳудий хўжайин шарт қўйди: "-Уч юз хурмо кўчат экасан!". Улар ҳосил қилгандан кейин, Озодликка билгин эгасан. Унутмагил аввало Салмон, Улар ҳосил берсинлар олдин. Берадирсан қўшимчасига, Менга сўнг қирқ руқия олтин. Жанобимиз Расулуллоҳга, Етказганда бу гапни Салмон. "-Ёрдамлашинг қардошингизга" Асҳобларга дедилар шу он. Саҳобалар чуқур қазишди. Уч юз кўчат тўплаб беришди. Ҳаммасини Набий ўтказди, Барчаси ҳосилга эришди. Йил сўнггида берганди ҳосил, Барча хурмо айтарим сиза. Ўн йилдамас ё тўрт йилдамас, Бу Набий кўрсатган мўъжиза. Бир киши излади Салмонни, Охир уни топди муҳими. Олтин берди унинг қўлига, Катталиги товуқ туҳуми. Уни олиб Набийга борди, Ҳолатини англатди Салмон. Олтинни қайтариб Салмонга, "-Қарзинг тўла!" дедилар шу он. "-Ё Расулуллоҳ бунинг билан, Бошимдаги қуллигим кетмас. Чунки бу яҳудий сўраган, Оғирликка сира ҳам етмас. Расулуллоҳ олтинни олиб, Тилларига бир теккиздилар. "-Энди олгин Аллоҳ Таоло, Қулликдан қутқарар" дедилар. Салмон тортиб кўрса олтинни, Яҳуд сўрар миқдорга етди. Олиб борди хўжайинига, Бошидаги қуллиги кетди... Ё Раб асло Салмон эмасман, Нажот бергил севарман сени. Пайғамбарим хаққи хурмати, Қарзларимдан қутқаргил мени. Мен ҳам эркин олайин нафас, Ўзингга сен яқинлаштиргин. Қарз қисматим хиралаштирди, Қутқар юзим ёрқинлаштиргин. Мен ҳам қарзларимдан қутилсам, Йиғлаб-йиғлаб кўнгли бўшардим. Кимсага кўрсатмай тунлари, Жойнамозни ерга тўшардим. Ўзимни мунофиқ атамай, Мўминлар сафига қўшардим, Одамдек яшардим ижодда- Жўшардим, жўшардим, жўшардим. Осмонда учгувчи қушларми? Рўёбга чиққувчи тушларми? Зино қилмас мендек ошиқлар, Бир сулувнинг қўлин ушларми? Ҳаёлга чўмаман, чўмаман, Наҳот орзум дилга кўмаман? Қисматда не ёзилган бўлса, Начора кўнаман, кўнаман. Ўзи сенинг дардинг нима деб, Кўнглимга кимдир қўл соларми? Ҳаёл қилиб шоир толарми? Умр ўтди ёлғиз ва ғариб, Мендан ҳам зурриёд қоларми? Мен ҳам Салмондайин ғарибман, Қирққа тўлмай туриб қарибман. Ким учундир дардларим майда, Бошим силар Расулим қайда? @A_meshayan 04:27-11.03.2026 Абдураҳмон Мешаян