Okuqukethwe kwesithuba
ҚАЙТА ИШЛАНГАН МАҲСУЛОТЛАРНИНГ ГЕРМАНИЯ БОЗОРЛАРИГА ЭКСПОРТИ ДАВОМ ЭТМОҚДА Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, уларнинг қўшилган қийматини ошириш ҳамда ташқи бозорларга рақобатбардош ҳолда етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жиҳатдан, BMB AGRO PLUS томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар нафақат ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, балки экспорт ҳажмини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Мазкур йўналишда BMB AGRO PLUS корхонаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш ишларини изчил давом этмоқда. Корхона яқин кунларда қуритилган қовоқ маҳсулотининг навбатдаги партиясини Германия бозорига экспорт қилди. Қуритилган қовоқ маҳсулоти ўзининг табиийлиги, фойдали хусусиятлари ва узоқ муддат сақланиши билан Европа мамлакатларида талаб юқори бўлган маҳсулотлар қаторига киради. Корхона томонидан замонавий технологиялар асосида қайта ишланган қовоқ маҳсулотлари юқори сифат кўрсаткичлари ва экологик тоза, фойдали хусусиятлари билан эътибор қозонмоқда. Хусусан, BMB AGRO PLUS корхонасида қайта ишлаш жараёнлари озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро талаблар асосида ташкил этилган бўлиб, у ISO 22000 ҳамда FSSC 22000 стандартлари талабларига мувофиқлиги билан аҳамиятлидир. Бу эса маҳсулот сифати ва хавфсизлиги кафолатланганини англатади. Умуман олганда, амалга оширилаётган экспорт амалиётлари маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқиш, уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш ҳамда “Made in Uzbekistan” миллий бренди нуфузини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Telegram l Website l Facebook l Instagram l YouTube l LinkedIn