Nedavne objave
Stran 2 od 14 · 159 objav
Objavljeno 28. apr.
#маромийлик Франциялик сиёсатчи “ўта бойларни танқид қилувчи” нутқидан олдин қўлидаги Rolex соатини секингина ечиб қўйгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. “Бўйсунмас Франция” партияси депутати Луи Бойар шундай деди: “Шу пайтда бу ҳолатларни юқоридан туриб, истеҳзоли табассум билан кузатаётганлар ҳам бор — бу ўта бойлар. Асли муаммо ҳам шунда. Бюджетни тузаётганда, уни одамларнинг ҳақиқий ҳаётига қараб шакллантириш керак”... Кўряпсизми, бизнинг жамият кўтариб чиққан соат муаммоси бутун дунёда ҳам акс садо бериб турли мамлакатларда давлат хизматчилари тақиб юрадиган соатлари атрофида можаролар авжига чиқмоқда. Дунё бўйлаб аҳоли орасида маромийлик талаблари кескинлашмоқда азизлар. Бу ҳолат ижтимоий психология ва сиёсий коммуникация нуқтаи назаридан тушунтирилганда қуйидагича талқин қилинади. Одамлар раҳбарлардан нафақат қарорлар, балки шахсий намуна ҳам кутади. Сиёсий ишонч бўйича эмпирик тадқиқотлар ҳам шуни тасдиқлайди: сайловчилар “элита масофаси”ни сезган пайтда ишонч пасаяди. Яъни, раҳбар ўзини оддий фуқаролар ҳаётидан узоқ тутаётгандек кўринса, унинг ҳатто тўғри фикрлари ҳам камроқ қабул қилинади. Шу сабабли кўп мамлакатларда давлат хизматчилари учун “этик стандартлар” ва ҳатто баъзи ҳолларда ташқи кўринишга оид ноформал нормалар шаклланиб бормоқда. Хуллас, жамиятда маромийликка бўлган талаб кучаяётган бир пайтда, раҳбарлар учун ҳар бир детал — ҳатто соат ҳам — маъно касб этади. Ёки бу талабларга мослашасиз, ёки жамоат ишончини йўқотиш хавфини қабул қиласиз. Тафаккур қилинг. Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat
Hashtags
Objavljeno 27. apr.
#маромийлик Ижтимоий нормалар ва жамоавий тартиб назарияси Турмуш тарзимизда маромийлик — бу фақат шахсий интизом эмас, балки жамият барқарор ишлашига хизмат қиладиган муҳим омилдир. Жамоат транспортида навбат сақлаш эса унинг кундалик кўринишидир. Видеода япон жамиятидаги оддий бекатда туриш маданиятини кўряпсиз. Навбатда туриш нима учун керак? Аввало, у ресурсларни адолатли тақсимлаш учун. Жамоат транспорти чекланган ресурс бўлиб, “биринчи келган — биринчи хизмат олади” тамойили адолат ҳиссини кучайтиради. Ижтимоий психология тадқиқотлари адолатли муҳитда стресс камайиб, ишонч ортишини кўрсатади. Иккинчидан, навбат ҳаракатни тартибга солади. Назоратсиз оқим “тирбандлик эффекти”ни келтириб чиқаради, навбат эса оқимни прогноз қилинадиган қилади ва хизмат тезлигини оширади. Бу жараён илмий жиҳатдан “навбат назарияси” орқали ўрганилади. У кутиш вақти, хизмат тезлиги ва навбат узунлиги ўртасидаги боғлиқликни тушунтириб, тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Учинчидан, навбат ижтимоий зиддиятларни камайтиради. Аниқ қоидалар ўзаро ҳурматни шакллантириб, конфликт эҳтимолини пасайтиради. Тўртинчидан, бу маданият кўрсаткичидир. Кичик одатлар — навбат сақлаш, қоидаларга риоя қилиш — жамиятдаги ишонч ва тартиб даражасини белгилайди. Минг афсус, юртимизда бу маданият ҳар доим ҳам етарли эмас. Уни яхшилаш учун бекатларда аниқ белгилар жорий қилиш, тушунтириш ишларини кучайтириш, боғчадан то вазирлик-идораларгача, ҳатто нуронийларгача кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, рағбат ва назорат чораларини қўллаш, электрон навбат тизимларини кенгайтириш зарур. Хулоса қилиб айтганда, навбатда туриш маданияти ўз-ўзидан шаклланмайди — у шароит, тарбия ва тизимли ёндашув орқали ривожланади. Шу омиллар биргаликда ишлаганда, жамиятда тартиб ва ўзаро ҳурмат мустаҳкамланади. Шундай экан навбатда туришни билмайдиган инсонларга босимни кучайтиринг, тартибга келтириш учун ҳаракат қилаётган одаларни қўллаб қувватланг! Унутманг, тартибни бузмаслик — шахсий масъулият, уни қўллаб-қувватлаш эса жамоавий вазифадир. Тафаккур қилинг! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat
Hashtags
Objavljeno 22. apr.
Доно халқимиздаги “Қиз чиқарганга қирқ йил тегма” деган мақол оддий сўзлардан иборат эмас — у оилавий қадриятлар, инсоннинг қалбидаги оғриқ ва ҳурмат туйғусини ўзида мужассам этган ҳаётий ҳикматдир. Бу иборада қиз фарзандини турмушга узатган ота-онанинг ҳис-туйғуларига эҳтиром билан ёндашиш, уларнинг руҳий ҳолатини тушуниш ва беҳурматлик қилмаслик ғояси мужассам. Блогер Дишод Ҳабибов бу мақол моҳиятини шахсий тажрибаси орқали жонли тарзда очиб бериб, уни қуруқ насиҳат эмас, балки инсон қалбига таъсир қиладиган ҳаётий воқелик сифатида кўрсатиб берган. Унинг фикрлари шуни англатадики, ҳар бир оилада қиз фарзандни узатиш — бу оддий маросим эмас, балки катта руҳий жараён, ота-она учун эса янги босқичга ўтиш, кўнгилдаги оғриқ ва шу билан бирга фахр ҳисси аралаш ҳолатдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, бу видеони айниқса қиз фарзандини турмушга узатиш арафасида турган оталар кўриши жуда муҳим. Чунки у инсонни шошма-шошарликдан, қаттиққўлликдан ва ҳис-туйғуларни инкор этишдан сақлаб, аксинча, мулоҳаза қилишга, сабр ва ҳурмат билан ёндашишга ундайди. Асосий хулоса шуки, мақолнинг моҳияти — ота-она қалбидаги нозик туйғуларни эъзозлаш, уларнинг меҳрини қадрлаш ва ҳар бир қарорда инсонийлик мезонларини унутмасликдир. Видеони кўринг ва тафаккур қилинг! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat
Objavljeno 21. apr.
“Тирик китоб” тақдири Агар кимдир китоб ўқишни яхши кўрганлиги, китобни севганлиги ва умрини китобга бахшида қилганлиги туфайли бошига минг бир ташвиш, алам ва заҳмат, хорлик етган бўлса шу инсонни мисол қилинг. Агар кимдир китобга умрини бахшида этиб азиз ва мукаррамлик, халқ меҳри-ю муҳаббати,эътибор ва азизлик, обрў-ю даромадга эришиш мумкинлигини айтмоқчи бўлсангиз ҳам шу инсонни мисол қилинг. Ҳолатни теран таҳлил қилсак, китоб билан боғлиқ ҳаёт икки йўналишда кечиши мумкин: биринчиси — синовлар, тушунмовчиликлар ва қийинчиликлар; иккинчиси — меҳнат ва билим орқали эътироф ва қадр топиш. Илмий жиҳатдан қаралганда, бу икки ҳолат ҳам бир-бирига зид эмас, балки бир жараённинг турли босқичларидир. Инсоннинг интеллектуал меҳнати аввало синовдан ўтади, кейин эса жамият томонидан тан олинади. Ҳайрулла Асадов “тирик китоб”га бағишлаб шоир Эркин Бозоров ажойиб шеър ёзибди. Шеърни эшитинг ва тафаккур қилинг! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat
Objavljeno 15. apr.
Цивилизация ва инсон: ижтимоийлашувнинг баҳоси 1972 йилда Ветнам уруши вақтида бомба Хо Ван Тханьнинг қишлоғини вайрон қилди, оиласининг катта қисми ҳалок бўлди. У руҳий зарбадан кейин тирик қолган ўғлини олиб, жунглига қочди ва ташқи дунё йўқолганига ишониб, у ерда яшашни бошлади. Ота-бола 40 йил давомида тропик ўрмонда изоляцияда ҳаёт кечирди. Улар дарахтда уй қуриб, овчилик ва теримчилик билан кун кечиришди, кийим ва қуролларни табиат материалларидан тайёрлашди. Вақт ҳисси, ижтимоий институтлар (пул, давлат, технология) улар учун мавжуд эмас эди. Хо Ван Ланг жамиятдан ташқарида ўсиб, тил, тафаккур ва эҳтиёжлари минималлашган ҳолда шаклланди. Унда, одамларни шафқатсиз қиладиган хиёнат, ёлғон гапириш, очкўзлик, цинизм, нафратланиш ҳисси йўқ эди. 2013 йилда улар топилиб, жамиятга қайтарилди. Бироқ Ланг учун янги муҳитда кескин ўзгариш бўлди: у иқтисодий муносабатлар, ижтимоий нормалар ва технологияларни тушунмас, доимий стресс ҳолатида яшарди. Социологик жиҳатдан бу — тўлиқ ижтимоийлашувдан ташқарида шаклланган индивиднинг индустриал жамиятга мослаша олмаслигининг яққол мисолидир. Унинг организмида ҳам янги муҳитга чидам беролмади: стресс, нотўғри овқатланиш, озиқ-овқат, ифлосланиш ва вирусларга мослашмаган иммун тизими заифлик қилди. 2021 йилда, “қутқарилганидан” атиги саккиз йил ўтиб, жигар саратонидан вафот этди. Ердаги энг хавфли чангалзорларда 40 йил тирик қолган одам цивилизацияда саккиз йил ҳам яшай олмади. Чангалзорда у эркин эди. У оч бўлганда ов қиларди. Чарчаганда ухларди. Хавотирсиз, таққослашсиз, замонавий кутилмаларнинг оғир юкисиз яшарди. Цивилизацияда у ҳайратда, тушкунликда ва охир-оқибат касалликка чалинади. Инсон дунёни ўз эҳтиёжларига мослаштириб, табиатни “инсонийлаштирар” экан, у бир вақтнинг ўзида ўзининг биологик ва руҳий мувозанатини ҳам бузиб бормоқда. Технология ва қулайликлар ҳаётни енгиллаштирса-да, улар стресс, экологик босим ва сунъий турмуш тарзини кучайтириб, соғлиққа салбий таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, узоқ ва барқарор ҳаётнинг асоси — табиат билан уйғунликда яшаш, яъни инсоннинг ўз аслий биологик ва ижтимоий моҳиятидан узилиб кетмаслигидир. Тафаккур қилайлик! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat
Objavljeno 10. apr.
Табиатга назар солсак, ҳатто ҳайвонлар ҳам бир-бирига ёрдам бериб, ҳамжиҳатликда яшаб қолишни уддалайди. Улар табиий равишда ўзаро қўллаб-қувватлаш орқали ҳаётни давом эттиради. Аммо инсон — ақл ва тафаккур соҳиби бўла туриб — баъзан унга ёрдам бериш учун яратилган адабиётлар, китоблар ва илмий манбалардан бебаҳра қолади. У билимга юз тутмайди, атрофидагиларга меҳр ва кўмак қўлини чўзиш ўрнига бефарқликни танлайди. Шу боис, бундай ҳолат жамият маънавий тараққиётига салбий таъсир кўрсатади. Инсонни инсон қиладиган жиҳат — бу унинг билими, онги ва бошқаларга нисбатан меҳр-оқибатидир. Агар биз табиатдан ибрат олиб, бир-биримизга ёрдам беришни одат қилсак, жамиятимиз янада барқарор ва фаровон бўлади. Тафаккур қилайлик! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat
Objavljeno 8. apr.
Калтак ва тарбия (иккинчи мақола) Жисмоний жазо боланинг хулқи яхшиланишига эмас, балки агрессия, хавотир ва ишончсизликнинг ошишига олиб келади Шунинг учун тарбияда самарали ва инсонпарвар ёндашув зарур. Қуйида ота-оналар учун илмий асосланган, амалий тавсиялар берамиз: 1. Меҳрли ва хавфсиз боғланиш яратинг Боланинг психологик ривожи учун энг муҳим омил — ота-она билан ишончли муносабат. Кўпроқ қулоқ солинг, бағрингизга босинг, ҳиссиётларини қабул қилинг. 2. Қоидаларни аниқ ва изчил қилинг Болага нималар мумкин, нималар мумкин эмас — тушунарли ва доимий бўлиши керак. Қоидалар тез-тез ўзгарса, бола адашади. 3. Жазо ўрнига табиий ва мантиқий оқибатлардан фойдаланинг Масалан, ўйинчоқни синдирса — у билан ўйнай олмаслигини тушунсин. Бу усул жавобгарликни шакллантиради. 4. Ижобий хулқни рағбатлантиринг Танқиддан кўра мақтов самаралироқ. Кичик ютуқларни ҳам эътироф этиш болани яхшиликка ундайди. 5. Ўзингиз намуна бўлинг Болалар кўпроқ гапни эмас, ҳаракатни ўрганади. Агар сиз сокин ва ҳурматли бўлсангиз, бола ҳам шундай бўлади. 6. Ҳиссиётларни бошқаришни ўргатинг “Жаҳлинг чиққани нормал, лекин уриш мумкин эмас” каби тушунтиришлар орқали эмоционал интеллектни ривожлантиринг. 7. Жисмоний жазодан мутлақо воз кечинг Илмий далиллар шуни кўрсатадики, калтаклаш тарбия эмас, балки зарар келтиради. У болада қўрқув ва ёлғонни кучайтиради. 8. Ёшга мос ёндашувни қўлланг Кичик бола билан усул бошқа, ўсмир билан бошқа. Ривожланиш босқичларини инобатга олиш муҳим. 9. Мулоқотни кучайтиринг Ҳар куни бола билан суҳбатлашинг. Унинг фикрини сўранг, қарорларга жалб қилинг. 10. Зарур бўлса мутахассисга мурожаат қилинг Психолог ёки педагог маслаҳати — бу заифлик эмас, масъулият белгиси. Хулоса: Тарбия — қўрқитиш ёки жазо эмас, балки тушуниш, сабр ва меҳр жараёни. Илмга асосланган ёндашув орқали биз нафақат тарбияли, балки бахтли ва ишончли авлодни вояга етказамиз. Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat
Objavljeno 26. mar.
Эстетика ва креатив иқтисодиёт: меҳнат бозори трансформациясининг социологик таҳлили Эстетика инсоният маданий тараққиётида доимо муҳим ўрин тутган фундаментал билим соҳаси ҳисобланади. Илмий адабиётларда эстетик дид шахснинг маданий капитали сифатида талқин қилинади (П. Бурдьё назариясига кўра), яъни у инсоннинг ижтимоий мавқеи, қарор қабул қилиш қобилияти ва ҳатто иқтисодий имкониятларига бевосита таъсир кўрсатади. Шу маънода, эстетик дидга эга шахсни “бебаҳо ресурс соҳиби” сифатида баҳолаш мумкин. Тарихий жиҳатдан эстетика асосан элита қатламга хос билим сифатида қаралган бўлса, глобализация ва бозор иқтисодиёти шароитида у оммавий иқтисодий ресурсга айланди. Замонавий тадқиқотлар (айниқса креатив иқтисодиёт доирасидаги таҳлиллар) шуни кўрсатадики, дизайн, мода, реклама, маҳсулот қиймати ва бренд идентификациясида эстетик омиллар асосий рақобат устунлигига айланган. Масалан, истеъмолчи хулқ-атвори бўйича тадқиқотларда маҳсулотнинг визуал ва эмоционал жозибадорлиги унинг бозордаги муваффақиятини 60–80% ҳолларда белгилаб бериши қайд этилган. Шу нуқтаи назардан, эстетика йўналишида таълим олаётган талабаларнинг фақат назарий билимлар билан чекланиб қолиши самарасиз ҳисобланади. Инновацион иқтисодиёт шароитида инсон капиталига қўйиладиган асосий талаб — билимларни амалиётга тез ва самарали интеграция қилишдир. Дуал таълим, project-based learning ва ишлаб чиқариш билан интеграциялашган таълим моделлари бу борада энг самарали ёндашувлар сифатида эътироф этилмоқда. Талаба ўқиш давридаёқ реал секторда иштирок этса, унинг компетенцияси ва меҳнат бозоридаги қиймати сезиларли даражада ошади. Бугунги кунда мода индустрияси, саноат дизайни, сервис соҳаси ва реклама бозорида юқори эстетик компетенцияга эга мутахассисларга бўлган талаб кескин ортиб бормоқда. Бу эса ижтимоий меҳнат тақсимотида янги профессионал гуруҳ — креатив мутахассислар қатламини шакллантирмоқда. Шу билан бирга, таълим тизимида муайян институционал муаммолар сақланиб қолмоқда. Яъни, ўқув дастурлари кўп ҳолларда ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан орқада қолмоқда. Социологик нуқтаи назардан бу “таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги дисбаланс” деб аталади. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун: - ўқув дастурларини меҳнат бозори таҳлили асосида қайта шакллантириш - кредит-модул тизими доирасида индивидуал таълим траекторияларини жорий этиш - ишлаб чиқариш корхоналари билан институционал ҳамкорликни кучайтириш - амалиётга йўналтирилган фанлар улушини ошириш - каби чора-тадбирлар зарур. Хулоса қилиб айтганда, эстетика нафақат маданий, балки иқтисодий қиймат яратувчи стратегик ресурсга айланган. (Видеодаги реклама ролиги бунга амалий мисол) Уни самарали ўзлаштириш ва амалиётга жорий этиш эса нафақат алоҳида мутахассиснинг, балки бутун жамиятнинг рақобатбардошлигини белгилайди. Соҳа мутасаддилари тафаккур қилишсин! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat
Objavljeno 26. mar.
Стереотиплар ҳақида қисқача! Стереотиплар — бу муайян гуруҳ (жинс, миллат, ёш ва ҳ.к.) ҳақида олдиндан шаклланган, соддалаштирилган тасаввурлар бўлиб, кўп ҳолларда инсонларнинг реал хусусиятларини тўлиқ акс эттирмайди. Айниқса, гендер стереотиплар жамиятда кенг тарқалган. Улар эркак ва аёллар “қандай бўлиши керак” деган қарашларни шакллантиради. Илмий тадқиқотлар (ижтимоий психология соҳасида) шуни кўрсатадики, бундай стереотиплар инсонларнинг қарорлари, муносабати ва ҳатто имкониятларига таъсир қилиши мумкин. Агар гендер стереотиплар қандай намоён бўлишини тушунишни истасангиз, ушбу видеони тайёрлаган аёлнинг эри стереотиплардан келиб чиқиб қилган муносабати мисолидан билиб олишингиз мумкин. Айтингчи, сиз ҳам стереотиплар таъсирида фикр юритяпсизми ёки вазиятга холис ёндашяпсизми? Тафаккур қилинг! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat
Objavljeno 18. mar.
Сиз қайси темперамент турига кирасиз? Психология бўйича билимларингизни кенгайтириш — ўзингизни яхшироқ англашнинг муҳим қадамидир. Темперамент нима дегани? Темперамент — бу инсоннинг туғма психологик хусусиятлари бўлиб, у унинг ҳиссий реакцияси, фаоллик даражаси ва атроф-муҳитга муносабатига таъсир қилишини англатади. Видеода 4 асосий темперамент тури ва уларнинг воқеаларга бўлган ҳиссий муносабати акс эттирилган. Уни диққат билан кўриб, ўзингизга қайси темперамент яқинроқ эканлигини аниқлаб олишингиз мумкин. Психологияда қуйидаги 4 темперамент тури ажратилади: Сангвиник — фаол, ижтимоий ва тез мослашувчан. Одатда кайфияти барқарор, янги вазиятларга осон киришади, одамлар билан мулоқотни ёқтиради. Холерик — жўшқин, тез таъсирланувчан ва лидерликка мойил. Қарорни тез қабул қилади, лекин баъзан сабрсиз ва кескин бўлиши мумкин. Флегматик — сокин, барқарор ва вазмин. Ҳиссиётларини кам намоён қилади, лекин ишончли ва изчил ҳаракат қилади. Меланхолик — сезгир, чуқур ўйлайдиган ва эҳтиёткор. Ҳиссиётлари кучли, лекин ташқи томондан камроқ намоён бўлиши мумкин. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсонлар кўпинча фақат битта эмас, балки бир неча темперамент хусусиятларининг уйғунлашган шаклига эга бўлади. Шунинг учун ўзингизни аниқ бир тоифага тўлиқ киритишдан кўра, қайси хусусиятлар сизда кўпроқ намоён бўлишини англаш муҳим. Видеони кўринг, таҳлил қилинг ва ўзингизни яхшироқ кашф этинг — бу шахсий ривожланишингиз учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat
Objavljeno 18. mar.
Бир вақтлар орият, номус ва миллат шаъни энг юксак қадриятлардан ҳисобланган. Бугун эса айрим ҳолатларда моддий манфаатлар устуворлик қилаётгандек туюлади. Бу ҳолат айниқса спорт соҳасида кўпроқ муҳокамага сабаб бўлмоқда. Шуни тан олиш керакки, замонавий спорт профессионал фаолиятга айланган. Илмий тадқиқотлар (спорт иқтисодиёти ва мотивация психологияси соҳасида) шуни кўрсатадики, юқори натижага эришиш учун спортчида икки турдаги мотивация — ички (ор-номус, ғурур, ватанпарварлик) ва ташқи (моддий рағбат, мукофотлар) омиллар уйғун бўлиши керак. Фақат моддий ёки фақат маънавий омиллар билан барқарор юқори натижага эришиш қийин. Шу билан бирга, айрим ёшлар орасида шахсий манфаатларни миллат шаънидан устун қўйиш тенденцияси кузатилаётган бўлса, буни инкор қилиб бўлмайди. Бу эса тарбия, ижтимоий муҳит ва қадриятлар тизими билан боғлиқ мураккаб масаладир. Шу нуқтаи назардан, қуйидаги йўналишларда иш олиб бориш муҳим деб ҳисоблаймиз: - спортчиларда миллий ғурур ва масъулият ҳиссини кучайтириш; - спортчиларнинг саъй-ҳаракатларини муносиб эътироф этиш; - ёшлар тарбиясида ор-номус, жамоавий манфаат ва шахсий масъулиятни уйғун равишда шакллантириш. - Чунки ҳақиқий чемпион нафақат медаль, балки қадриятларни ҳам ҳимоя қилади. Миллат байроғини кўтариш — бу нафақат шараф, балки катта масъулиятдир. Аъзам Шокиржоновнинг шахсий хотиралари ҳам айнан шу мувозанат — ор-номус ва масъулиятни ҳис қилишнинг аҳамиятини ёрқин намоён этади. Фикрларни эшитинг ва тафаккур қилинг! Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat
Objavljeno 16. mar.
Ўзбек киносида маиший деталлар ва маданий кодлар: кино социологияси таҳлили "Суюнчи" фильмидаги бемор отасини касалхонага бориб кўрмайдиган ўғил ва Анзират хола ўртасидаги суҳбат тасвирланган кичик бир лавҳага эътибор беринг. Лавҳанинг охирида Анзират буви: “Пиёласи йўқлиги учун отанг стаканда чой ичаётган экан”, дейди. Бир қарашда бу оддий гапдек туюлади. Аммо режиссёр Мелис Абзалов ушбу биргина деталь орқали катта маънони очиб беради. Чунки ўзбекона турмуш тарзида кимнингдир отаси шифохонага ёки санаторийга борса, фарзандлари унга албатта ҳолидан хабар олишга боради. Борганда эса қўл қуруқ бормайди: уйдан чойнак, пиёла ёки озиқ-овқат олиб бориш одатий ҳол. Шу нуқтаи назардан “стаканда чой ичяпти” деган гап шунчаки маълумот эмас — бу ўғилнинг отасидан узоқ вақт хабар олмаганини англатади. Кино социологияси нуқтаи назаридан қараганда, бу эпизод жамиятдаги оилавий муносабатлар ва фарзандлик бурчининг қандай тушунилиши ҳақида муҳим маълумот беради. Социологик таҳлилда фильмлар кўпинча жамиятнинг қадриятлари, урф-одатлари ва ижтимоий нормаларини акс эттирувчи маданий матн сифатида ўрганилади. “Суюнчи” фильмидаги пиёла детали эса айнан шу маданий кодни ифода этади: ўзбек жамиятида ота-онага ғамхўрлик қилиш нафақат шахсий, балки ижтимоий бурч ҳисобланади. Яъни бир пиёла орқали режиссёр бутун бир оилавий муносабатни, фарзанд бурчи ва бепарволик ўртасидаги фарқни очиб беради. Бу кино санъатида катта маънони майда маиший деталь орқали етказишнинг ёрқин намунасидир. Афсуски, бугунги кунда суратга олинаётган айрим фильмларда ана шундай нозик маънолар, миллий турмуш тарзига хос деталлар кам учрамоқда. Кўп ҳолларда воқеалар фақат диалог ва ташқи ҳаракатлар орқали берилади, аммо кадр ортидаги рамзий маънолар ва маданий ишоралар етишмайди. Шунинг учун ҳам бугунги кун режиссёрлари ва ссенарийнавислари фильм яратаётганда фақат сюжетга эмас, балки халқимизнинг турмуш тарзи, урф-одатлари ва маиший маданиятидаги шундай нозик деталларга ҳам эътибор қаратишлари муҳим. Ана шунда киноларимиз нафақат қизиқарли, балки миллий руҳ ва ижтимоий мазмунга бой асарларга айланади. Социолог, Сухробхўжа Хидиров @Xidirovformat