TGINSIGHT CHAT
Abdurahmon Meshayan
@a_meshayan
MusicМаҳрум бўлгач намозимдан- Бўлгунча марҳум. Марҳум бўлгач- Намозимдан бўлайин маҳрум.
Mga kamakailang post
Pahina 83 ng 84 · 1,004 post
Na-publish Dis 6
«ЯНГИ ЛИБОС» Эй дўст бир кун бир бозордан, Ўтиб қолдим. Жуда гўзал янги либос, Сотиб олдим. Матоси хам шундай гўзал, Нафис эди. Сотувчи хам арзон бергум, Олинг деди. Бахт тўйимдан бир кун ўтиб, Кўрдим кийиб. Кийган ондан кўз ёшимни- Бўлмас тийиб. Мендай нодон атабманда- Мисни олтин. «Янги либос» кийилганкан- Мендан олдин. Мен либосни кийиб кўрсам- Чиқди ямоқ. Сўнг либосни йиртиб отдим- Ўрним қамоқ. Дўстим не дей? Дард жигарим- Бахт етти ёт. Табиб тиккан либослардан- Бўл эхтиёт. 12:52-12.03.2017-йил Абдураҳмон Мешаян
Na-publish Dis 6
ҚАЙТМОҚДАМИШ ЁР. (Ёрининг қамоқдан чиқишини ўн беш йил кутган аёл тилидан) Бахт, армонга ўқи жаноза, Қувонч, ғам лашкарин қил тор-мор . Тақиллагил тезроқ дарвоза, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Кўнглим орзу туғди ушбу тонг, Қулоқлари азонгамиш зор. Тонгим киби ёришгин эй онг, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Буткул тўкил айрилиқ майи, Қалб қадаҳим тўлдирма такрор. Бунча гўзал Аллоҳнинг раъйи, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Қайтиб кел, лабимга табассум, Шодлик, менга табригинг юбор. Гўдак янглиғ бегуноҳ маъсум, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Билагини бўшатгил кишан, Умидинг уз, бўйнидан эй дор. Саҳром бугун бўлавер гулшан, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Оқ қоғозни қоралаб қалам, Қораланган ёр(им) оқлаб юбор. Дард кет, қамал қилма дил қалъам, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр. Ўн беш йиллик кундошим-қамоқ, Бошқа уни соғинма зинҳор. Тишлан хайрат аталмиш бармоқ, Сафаридан қайтмоқдамиш ёр! P.S: Тўрт йил аввал ёзганимдан кўра ҳозир ўқиганимда кўпроқ таъсир қилди ўзимга. Йиғидан ўзимни базўр тийдим. @A_meshayan 21:25-09.12.2019 Абдураҳмон Мешаян
Na-publish Dis 5
Бас қил аразларингни! Ўзгасини топгансиз дейсан, Йиғиштир бу фаразларингни. Қачонгача ич-этинг ейсан? Жоним бас қил аразларингни! Ётма мендан юзингни буриб, Ишқ денгизи кетмасин қуриб. Юрагимдан қолгансан уриб, Жоним бас қил аразларингни! Асаб қақшар қоним қиздирма, Кинояли гаплар қистирма. Гумон-шайтон қўйган пистирма, Жоним бас қил аразларингни! Сенга бердим қалбимнинг қўрин, Дилим тахтин, юрагим тўрин. Хурлиқоим рашкинг ноўрин, Жоним бас қил аразларингни! Севгимизга кафан бичтирма, Беҳудага қасам ичдирма. Шубҳа деган кўчага кирма, Жоним бас қил аразларингни! Гуриллаган оловдир рашкинг, Ўчиргани хижолатман минг. Мен билан келмаса ажрашгинг, Жоним бас қил аразларингни. Бир гапим бор қулоғинг берда: Йигитмасман қолгувчи ерда. Кирмай десанг қабримга эрта, Жоним бас қил аразларингни! @A_meshayan 22:39-05.12.2023 Абдураҳмон Мешаян
Na-publish Dis 5
ВОЛИДАСИ БЕМОР ЗУРРИЁД. Қўли енгил жарроҳни излаб, Кезар Берлин, Деҳли, ар-Риёд. Йиғлаб дейди нажот бер ё Раб, Волидаси бемор зурриёд. Наф бермагач қиммат дорилар, Дам солсин деб излар қорилар. Фақат Худойимга ёрилар, Волидаси бемор зурриёд. Ўхшаб қолар хароб минорга, Бағрин олов ёққан чинорга. Хам бағриқон ўшал анорга, Волидаси бемор зурриёд. Полапонин шўрлик она қуш, Танимайди!-Дард қилиб хомуш. Дардга-жигар, бахтга-келмас хуш, Волидаси бемор зурриёд. Яралаланган йўлбарс холида. Зурриёди бемор волида. Лек... армонли қул мисолида, Волидаси бемор зурриёд. У хам бир бандаи Холиқдир. Дардга-рафиқ, ғамга-қаллиқдир. Кўли қуриётган балиқдир, Волидаси бемор зурриёд. Йиғламай тўрт фасл, тўрт мавсум, Шифо топса онаси маъсум. Шундагина айлар табассум, Волидаси бемор зурриёд. @A_meshayan 24.12.2017 Абдураҳмон Мешаян
Na-publish Dis 5
#Яна_Устозларим_хақида АНВАР ОБИДЖОН Одатда ёши ўтган одамлар эзма бўлишади. Ёшлар улардан қочади. Лекин шунақа кексалар борки ёшу қари уларга интилади. Шундай одамлардан бири устозим халқ шоири Анвар Обиджон эди. Юзи нурли, лаби табассумли, кўнгли очиқ одам эди раҳматли. Мени кўрсалар "Сиз ғазал ёзинг, зўр ёзасиз" дердилар. "Менми ким қўйибди менга ғазал ёзишни" десам "Буни сизга мен айтяпман" деб кулиб қўйгандилар. Бу кишининг қадри бўйидан баландми бўйи қадриданми ажратолмасдим. Ижод аҳли кўпинча бир-бирини ёмон кўради. У кишини ҳамма бирдек яхши кўрарди. Бир куни Ёзувчилар уюшмасидан вилоятларга ижодий сафар уюштириладиган бўлди. Ўшанда ижодкорлар Анвар Обиджонни талашиб кетишганди. -Анвар Обиджон биз билан битта машинада кетади.Бугун айтиб қўйгандим ўзларига. -Мен кеча айтгандим қўнғироқ қилиб. -Анвар ака қайсинглар билан кетса ҳам мазза қилиб кетасизлар, ичакузди латифалари, ҳаётий хикоялари кўп у кишининг! Устознинг жойи жаннатдан бўлсин! Ватан хақидаги шеърларидан бирини жуда севаман: Сени сотдик, сал арзон, Сал оппоқроқ нон учун, Сени сотдик сал кечроқ, Узилажак жон учун. Бу сатрларни ўқиганимда беихтиёр "вой-дод" деб юборгандим. Биргаликда тушган расмимиз бору менда топилмади. Дўрмон семинарида бундан анча йиллар аввал кўришганимизда кўпчилик билан тушиб олгандим. Афсус бунақа қалби гўзал ОДАМлар камайиб кетди. @A_meshayan Абдураҳмон МЕШАЯН
Hashtags
Na-publish Dis 5
"АДАШЛАР" Йўлда кетётган чоғим, Учраган хамқишлоғим. Деди камситмоқ истаб: “Шоирлар эшакқавм”! Негаки барча шоир, Хушомадгадир қодир. Лек эшакдек телбалик- Қилиб турарлар содир! Ишин битказмоқ учун Ширин сўзин сепади Юмушлари битган кун Кўксинг топиб тепади! Деди: "Сиз шоирларлардан Эшак афзал, ха нима?" Дедим: "Нуқул эй нокас Адашингни мақтама!" @A_meshayan 08:22-21.09.2010 Абдураҳмон Мешаян
Na-publish Dis 4
Устозларим Мен Абдулла Ориповнинг энг сўнгги эрка шогирдиман. Қачон қарама қўнғироқ қилсам "Мешаян сенмисан, келавер, сендан яхшиси йўқ" деб қўярдилар. Бир гал кўп безовта қилмай деб "Майли устоз мен борақолай энди" десам бирдан "Тўхта" дедилар. Кейин "Бош кийимимни кийдириб қўй" деб айтдилар. Кийдирдим. Сал ўтиб устларига енгилгина илиб олган кийимларини ҳам кийдириб қўйдим. Эски Ёзувчилар Юшмасининг зинасидан қўлларидан ушлаб ҳайдовчиларининг олдигача кузатиб қўйдим. Ижодлари каби суҳбатлари ҳам ажиб ширин одам эдилар. Америкага кетишларидан олдин "Устоз борайми" деб қўнғироқ қилсам "Йўқ мени тинч қўйларинг жуда чарчадим ҳамма-ҳамасидан" дегандилар. Устоз билан боғлиқ яхши хотираларим кўп. Яна бир устозим эса Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо бўлган. Китобимни чиқаришга, шеърларим танилиши учун газеталарга беришга бош-қош бўлгандилар. Ўн тўққиз ёш вақтим илк бор кўришганмиз. Шеърларимни зўрға ўқиб берганман. Кейинги кун қўнғироқ қилиб "зўр ёзаркансан" деб қўйганлар. Орадан икки йил ўтиб яна уюшмага боганимда "Онажоним-шеърият"номли тўгаракда ҳамманинг олдида мени турғизиб қўйиб -Буни танийсизларми? Мешаян бу! Зўр шеърлар ёзади, биз бунга шеърларингни олиб кел, китоб қиламиз десак эртага келаман индинга келаман деб икки йил ўтиб келибди, начора шоир ўз зарарига ишламаса шоир бўлмайдида ўзи" дегандилар. Устозни кўп эслаб тураман. Кўп яхшилик кўрганман бу кишидан. Шеърларимнинг мавзуси сиёсий ва Исломийга ўзгаргач мени деб Устозим гап эшитмасин зарарим тегмасин деб ёнларига бормай қўйгандим. Шунақа гаплар. Мен энг зўр шоир эмасман. Энг зўр шоирларнинг шогирдиман. Бундан хурсандман. Сен бошқа миллат вакили бўла туриб миллатининг энг зўр ижодкорларига шогирд бўлишинг ажиб бахт. Келгуси сафар Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, хақидаги хотираларимни ҳам ёзаман ИншаАллоҳ... @A_meshayan Абдураҳмон Мешаян
Na-publish Dis 4
МЕНГА МУҲАББАТИНГ ЕТИШМАЯПТИ.! Сени кўрсам бошим осмонга етар, Бахт туғилиб, хасрат жон таслим этар. Дард сиртмоқдан бошим қутқаргил етар, Армонлар ёнимдан кетишмаяпти, Менга муҳаббатинг етишмаяпти! Сен йўқ бўлсанг эзар сарою ҳашам, Сен келсанг кулба ҳам мен-чун муҳташам. Менда ҳиёнат йўқ Аллоҳга қасам, Сенсиз яроларим битишмаяпти, Менга муҳаббатинг етишмаяпти! Мисрда бўлсангда эй севгили зот, Ғурурли бургутдан қарз олиб қанот. Соғиндим ёнимга учгил шу заҳот, Дил сандиғин бахтлар титишмаяпти, Менга муҳаббатинг етишмаяпти!. Айт жонгинам қачон тугар бу фироқ, Кўнглим уйига ёқ ишқ деган чироқ, Сенга ёзиб толди қўлларим бироқ, Кабутарлар мактуб элтишмаяпти, Менга муҳаббатинг етишмаяпти! Табибим қараб қўй мендек касалга, Ширин сўз аталмиш тансиқ асалга- Зорман, дийдор онин солма пайсалга, Донишлар ҳам жумбоқ ечишмаяпти, Менга муҳаббатинг етишмаяпти! @A_meshayan 20:10-22.12.2022 Абдураҳмон Мешаян
Na-publish Dis 3
ИККИ НЕЪМАТ НЕЧУН МЕНИ СОҒИНТИРУРСИЗ? Мени икки неъмат доим соғинтиради. Ёз фаслида бири кўпроқ соғинтирса, қишга келиб иккинчиси соғинтиришни бошлайди. Соғинтирадиганларим: кунлар узун бўлганлиги боис ёз чоғида пешиндан сўнг Аср, тунлари узун бўлганлиги боис хуфтондан кейин Бомдод. Шеърим шу соғинч хақида... Ишққа ташна кўнгил деган боғ, Ишқсиз қалбдан кетмас экан доғ. Бирингиз қиш, бирингиз ёз чоғ, Нечун мени соғинтирурсиз? Буюрмишдир Ҳокими Мутлоқ, Ҳар кун беш бор Каъба томон боқ. Ташрифингиз кутарман муштоқ, Нечун мени соғинтирурсиз? Мўмин кимса лаънат олмасдан, Саждаларин қилар толмасдан. Сизлар тезроқ келақолмасдан Нечун мени соғинтирурсиз? Қўмсаганим ичимга ютиб, Расулимнинг хақ йўлин тутиб, Ў(л)тираман сизларни кутиб, Нечун мени соғинтирурсиз? Ёз чоғида пешиндан кейин, Келмоғингиз бунчалар қийин, Соғинч тутди, яна не дейин? Нечун мени соғинтирурсиз? Гўё... Қиш чоғида хуфтондан сўнгра, Иста дод сол, истасанг ҳўнгра. Дея тезда келмасман сира, Нечун мени соғинтирурсиз? Кеч келурсиз қилмай мени шод, Қиш чоғида намози Бомдод. Ёзда Аср намозим минг дод, Нечун мени соғинтирурсиз? Ишққа ташна кўнгил деган боғ, Ишқсиз дифлдан кетмас экан доғ. Бирингиз қиш, бир ёз чоғ, Нечун мени соғинтирурсиз? 2017-йил Абдураҳмон Мешаян
Na-publish Dis 2
ЖАНОЗА Кечаги холатинг қаламга сўйлаб, Бугунги ахволинг ўйлаб юрибман. Кечагина сенинг тўйингда ўйнаб, Бугун жанозангда йиғлаб турибман. Кўркам йигит эдинг мендан юз чандон, Мендан кўра хушрўй мендан бадавлат. Латифалар айтиб отардинг хандон, Биргина нуқсонинг бор эди фақат. Насихат айласам кўрмас эдинг хуш, Юр масжидга десам тўқир эдинг важ. Билмаслигинг ўйлаб тортардим хомуш, Нелигин иймон-у намоз закот хаж. Бевақт кетганингга куймаяпман дўст, Ахир ўтмоқдадир хатто гўдаклар. Гарчи яшаб ўтдинг сен бекам-у кўст, Бир армон қалбимни бўлак- бўлаклар. Мени ўлантирмас эрта кетганинг, Шароб тўла қадах май тўла кўзанг. Кўнлимни ғаш қилар етим қилганинг- Ўқилмаган намоз тутмаган рўзанг. Дуодан бошқаси келмас қўлимдан, Лек сенга жаннатни тутқазолмайман. Асролмаган каби сени ўлимдан, Дўзах чохидан хам қутқазолмайман. Кечаги кунингни қаламга сўйлаб, Бугунги холатинг ўйлаб юрибман. Кечагина сенинг тўйингда ўйнаб, Бугун мотамингда йиғлаб турибман... Абдураҳмон Мешаян
Na-publish Dis 1
Olimjon Xaydarov мард ва жонкуяр йигит: коронавирус карантинигача ва карантин даврида ўзи яшаб турган туман атрофида қийналган, ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам берди, нечта-нечтасига уй қуриб берилишига кўмаклашди. 2020 йил охиридан бошлаб эса зулмга учраганларнинг ёнида туришга, уларнинг ишини ёритишга бел боғлади. Бугун унинг ўзи мазлум: 3 ойлик тергов, 1 ойлик суд Олимжоннинг товламачилик қилганини исботлай олмади, унинг айбини исботлаши мумкин бўлган сохта "далиллар" қўрқинчли мусиқалар билан давлат телеканалларида айлантирилмади. Чунки бу иш уйдирмалигини аввал бошдан ҳамма, ҳатто уни айблаётган, қаматмоқчи бўлаётганлар ҳам биларди. Шунга қарамай, ҳар қандай соғлом мантиққа зид равишда Олимжон Ҳайдаровни 8 йилга қамаш ҳақида суд қарори чиқди. Бу якун эмас. Энди апеллация, у иш бермаса, кассация судлари бор. Олимжоннинг оиласига эса бу йўлда ёрдам керак. Кимда бунга хоҳиш бўлса: 8600 4829 7639 1976 Universalbank Салимжон Хайдаров (укасининг номида) Ўтган асрда отилган, осилган, қамоқларда чириган жадидларга, миллат зиёлиларига ачинамиз. Яшаб турган кунимиздаги миллатнинг мард ўғлонларига ҳам ёрдам беришга ҳаракат қилайлик. Musannif Adhamнинг facebookдаги саҳифасидан
Na-publish Dis 1
ЗУЛЖАЛОЛ Алимасман қўлларимда Зулфиқор- Ўйнатолмам қўрқоқ аслим, Зулжалол. Умар каби на хайбат бор, на виқор, Қай хурга хам керак васлим, Зулжалол? Ёвуз қаҳратонлар қайрар тишини, Изғирин баданга санчур нишини. Кўриб толдим Фаластиннинг қишини, Қачон келур бахор фаслим, Зулжалол? Кўлга урганидек оққуш тўшини, Ўзин жангга урсин, бўлсин қўшини. Менга фарзанд қилма кўнгли бўшини, Айюбийдек қилгил наслим, Зулжалол. Забонимда Сендек Зотнинг мадҳидир, Кўнглим-денгиз ихлос-ошган сатҳидир. Бир орзум Қуддуси-Шариф фатхидир, Қўлласанг ғанимлар таслим, Зулжалол. @A_meshayan 00:09-01.12.2019 Абдураҳмон Мешаян