TGINSIGHT CHAT
Robaxon Maxmudova
@Maxmudova_Robaxon
ПолитикаМахмудова Робахон Анваровна Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Адолат" СДП фракцияси раҳбари 🌎adolat.uz ✅instagram.com/robaxon_maxmudova ✅fb.com/61555879323215
Последние посты
Стр. 24 из 84 · 1,001 постов
#Хоразм_вилояти #Ўрганиш Урганчдаги замонавий тиббий маскан: аҳолига яқин, шаффоф ва самарали хизмат Бугун юртимизда фуқаролар бирламчи сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш учун, албатта, марказга ёки хусусий клиникаларга боришга деярли эҳтиёж сезмаяпти. Бу ҳолат соҳага қаратилган ислоҳотлар самараси сифатида намоён бўлиб, давлат тиббиёт муассасаларида яратилган замонавий шароит ва имкониятлар аҳоли учун ўз маҳалласидаёқ сифатли хизмат олиш имконини беряпти. Урганч шаҳридаги 2-сонли оилавий поликлиникадаги ўрганишимиз ҳам шундан далолат берди. Бош шифокор Бахтигул Худойберганова шаҳардаги 13 минг 560 нафар аҳолига хизмат кўрсатувчи масканда 168 нафар ходим меҳнат қилаётгани ҳақида маълумот берди. Муассасада “Электрон поликлиника” тизими жорий этилган, аҳоли қабулга онлайн ёзила олади, таҳлил натижаларини электрон шаклда олади. Шу билан бирга, “Электрон рецепт” орқали дори-дармон таъминоти шаффоф йўлга қўйилган. “ДМЕД” ахборот тизимининг “Мухлисахон” сунъий интеллект ёрдамчиси ишга туширилиши эса тиббий маълумотларни марказлашган ҳолда сақлаш ва тезкор алмашиш имконини берди. Шу орқали фаолият тўлиқ рақамлаштирилди. Яна бир аҳамиятли жиҳат — шифохона ва фуқаро ўртасида соғлом турмушга риоя қилиш, тиббий хизматдан самарали фойдаланиш, саломатлигини асрашга доир тиббий маданиятни шакллантириш бўйича шартномалар тузиляпти. Эндиликда бу орқали жавобгарлик фақат шифокор зиммасида эмас, беморда ҳам бўлади. Ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслик бўйича онгли ёндашув юксалади. “Долзарб 90 кунлик” бўйича муассасада соғлом инсонлар бемалол фойдаланадиган бирламчи сервис хизмат эндиликда ногиронлиги бор, имконияти чекланган юртдошларимиз учун ҳам тўлиқ мослаштирилган. Соат 08:00-20:00 гача масканда малакали ёрдам ҳамиша бор. Мазкур ўзгаришлар аҳолида хусусий клиникаларга мурожаат қилиш заруриятини сезиларли равишда камайтирмоқда. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб чиққан муассаса капитал таъмирланди, замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. Айниқса, 1980 йилда яратилган эски рентген аппарати янги рақамлисига алмаштирилгани, аниқлиги бўйича вилоятда иккинчи ўринда туриши, бемор таҳлилларини 5 дақиқа ичида тақдим этаётганидан хурсанд бўлдик. Шу билан бирга, стационар ва кўчма УЗИ хизматлари йўлга қўйилган. Поликлиника тизимида 40 нафар патронаж ҳамшира, 10 нафар доя, 20 нафар амалиётчи ва 20 нафар тиббий бригада аҳоли саломатлиги учун меҳнат қилмоқда. Инновацион экологик ёндашув сифатида 50 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилиб, электр таъминотининг бир қисми қопланмоқда. Шунингдек, 15 турдаги физиотерапия ускуналари орқали профилактика ва реабилитация жараёнлари самарали ташкил этилмоқда. Профилактика бўйича мутахассислар паст, ўрта ва юқори хавф туридаги касалликлар динамикасини ўрганади, таҳлил қилади. Поликлиника 10 та маҳаллага хизмат кўрсатади. Кафолатланган дори-дармондан 56 тури захирада мавжуд бўлиб, зарур ҳолларда беморларга бепул бериляпти. Эътиборлиси, “Адолат” СДП Урганч шаҳар Кенгаши ва шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида бу ерда коррупцияга қарши тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараён аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, тиббиёт соҳасида шаффоф муҳит яратиш ва энг муҳими, адолат тамойилларини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Партиямиз учун инсон саломатлиги ва бирламчи тиббий хизмат самарадорлиги — ижтимоий адолатнинг энг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, “Адолат” СДП бундай тиббий муассасалар фаолиятини такомиллаштириш учун қонунчиликда ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш, молиявий механизмларни кенгайтириш ва рақамли хизматлар қамровини янада оширишни бундан кейин ҳам изчил давом эттиришини қайд этдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Hashtags
Опубликован 28 сент.
🔴🟦🟦🟦 🔴 “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Махмудова Хоразм вилоятига хизмат сафари доирасида Урганч шаҳридаги 2-сонли оилавий поликлиника фаолияти билан танишди. Батафсил юқоридаги лавҳада👆 ⚖️Расмий саҳифаларимиз
Опубликован 28 сент.
🟦🟦🟦 🔴 Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалдаги ижросини ўрганишда давом этмоқда. Батафсил юқоридаги лавҳада👆 ⚖️Расмий саҳифаларимиз
Опубликован 27 сент.
“Оила маскани”: хотин-қизлар бандлиги ва оила мустаҳкамлигига қаратилган муҳим ташаббус Хоразм — самимий, меҳмондўст, хушмуомала ва соддадил инсонлари билан ажралиб турадиган юрт. Бу ерга ҳар гал сафар қилганимда, юртдошларимизнинг кайфияти, эртанги кунга ишончи, айниқса, опа-сингилларимиз билан мулоқот қилиш завқи менда доим унутилмас таассурот қолдиради. Урганч туманида коррупцияга қарши курашишга бағишланган таҳлилий муҳокамадан сўнг, кейинги манзилга йўл олишимиз арафасида туман ҳокими ўринбосари Саида Отабоева: “Опажон, туманимиз тажрибаси — “Оила маскани” фаолияти билан ҳам танишиб кетмасангиз, бўлмайди”, — дея бизни ушбу муассасага таклиф қилди. Шу тариқа “Орзу” маҳалласида жойлашган “Оила маскани” ижтимоий муассасаси фаолияти билан яқиндан танишдик. Эътиборлиси, ҳали фаолиятига бир йил ҳам тўлмаганига қарамай, бу маскан маҳалла аёллари учун катта имконият эшигини очиб, улар ҳаётида ижобий ўзгаришлар яратди. Халқаро ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида “Ислом тараққиёти банки” гранти асосида барпо этилган марказда маҳаллий хотин-қизлар турли ҳунарларни эгаллаш орқали оила иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшишга киришган. Сартарошлик, пазандачилик, қандолатчилик курсларида касб эгаллаб, товар ва хизматларни сотишни йўлга қўйиш имконига эга бўлишди. Шунингдек, марказ ҳудудида ташкил этилган замонавий спорт майдончаси ёшлар ва хотин-қизлар учун соғлом турмуш тарзини таъминлашга хизмат қилмоқда. Мулоқот жараёнида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хотин-қизлар ва гендер сиёсатидаги устувор йўналишлар, оила масъулияти ва фарзандлар тарбияси масалалари юзасидан фикр алмашдик. “Оила маскани” каби ташаббуслар фақат ҳунар ўргатиш ёки бандликни таъминлаш билан чекланиб қолмай, маҳаллада барқарорлик, маънавий муҳит ва оилалар мустаҳкамлигига хизмат қилади. Айнан шундай ижтимоий лойиҳалар орқали юртдошларимизнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш мумкин. Шу сабабли партиямиз ва депутатларимиз корпуси бу каби ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун барча туман ва шаҳарларда зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашишни ўзининг устувор вазифаси, деб ҳисоблайди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Опубликован 27 сент.
🔴🟦🟦🟦 🔴 “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Махмудова Хоразм вилоятига хизмат сафари доирасида Урганч туманидаги “Оила маскани” фаолияти билан танишди. Батафсил юқоридаги лавҳада👆 ⚖️Расмий саҳифаларимиз
#Хоразм_вилояти #Ўрганиш Фуқаролар мурожаатларини тинглаб, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олдик Шундан сўнг ишчи гуруҳимиз билан маҳалла фуқаролари фикр ва таклифларини тингладик, мавжуд муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гаплашдик. Албатта, “Дўстлик”да ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича қатор ютуқларга эришган бўлса-да, ҳали ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳам йўқ эмас. Шулардан асосийси — аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш йўлга қўйилганига қарамай, томорқаларни суғориш учун зарур оқава суви етиб бормаётгани. Бу эса маҳалладошларнинг деҳқончилик қилишига, кундалик эҳтиёж учун мева-сабзавот етиштиришига жиддий қийинчилик туғдирмоқда. Масала бўйича кўп бор мурожаат қилинган бўлса-да, ҳали амалий ечим топилмаган. Ваҳоланки, тумандаги “Мадриёб” каналида маҳалла учун янги насос станциялари қурилган, аммо уларни асосий тармоққа улаш жараёни мутасаддилар томонидан кечиктирилмоқда. Агар бу масала ҳал этилса, 1 минг 52 та хонадоннинг уй томорқаси суғорилади, 70 та деҳқон хўжалиги даромадли фаолият юритиш имкониятига эга бўлади. Ушбу масалани мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатадиган бўлдик. Мулоқот давомида “Паҳлавон” маҳалласи, Аваз Ўтар кўчасида истиқомат қиладиган Мирза Йўлдашев ҳам мурожаат қилди. Маълум бўлишича, у иш жараёнидаги эҳтиётсизлик сабаб тан жароҳати олиб, ногирон бўлиб қолган. Саломатлигини тиклаш ва оиласи моддий таъминоти масаласида қийинчиликка дуч келаётганини билдирди. Мурожаатни диққат билан тинглаб, шу ернинг ўзида ижобий ҳал этиш чорасини кўрдик. Эндиликда фуқаро партиянинг вилоят Кенгаши раиси Содиқжон Содиқов назоратида вилоят кўп тармоқли шифохонасида имтиёзли равишда даволаниши, ногиронликни белгилаш бўйича зарур жараёнлар амалга оширилишини белгилаб олдик. Шунингдек, жараён чоғида маҳалладаги меҳнат фидойилари билан ҳам мулоқот қилдик. Хусусан, ўқитувчи Леонид Полвонов ва меҳнат фахрийси Ражабгул Бобожонованинг ҳолидан хабар олиб, уларни байрам билан табрикладик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламини топширдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Hashtags
#Хоразм_вилояти #Ўрганиш “Дўстлик” — барқарор тараққиёт ва аҳилликка йўл очаётган маҳалла Жамиятда инсон қадри ва манфаатларини таъминлашнинг энг муҳим бўғини, халқ билан давлат ўртасидаги ишонч кўпригини маҳалла ташкил этади. У ерда одамларнинг кундалик турмуш тарзи, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маънавий муҳити яққол намоён бўлади. Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳимиз Хонқа туманидаги “Дўстлик” маҳалласида бўлиб, “еттилик” фаолияти билан яқиндан танишди. Суҳбат чоғида маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, аҳоли бандлиги, тадбиркорлик ташаббуслари ва келгуси режаларни кенг муҳокама қилдик. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 1997 йилда ташкил этилган “Дўстлик” маҳалласи ҳозирги кунда 17,2 гектар ҳудудни қамраб олган. У “яшил” тоифага киритилган бўлиб, ҳозирда 7 минг 701 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 4 минг 80 нафари эркаклар, 3 минг 621 нафари аёллар, 2 минг 377 нафари ёшлар ҳисобланади. Шунингдек, хорижда меҳнат қилаётган 155 нафар фуқаро ҳам мавжуд. Маҳаллада 1 минг 729 та хонадон ва 2 минг 52 та оила рўйхатдан ўтган. Аҳоли турмуш даражасини яхшилашда маҳалланинг иқтисодий салоҳияти муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, 61 та оила мебелчилик билан шуғулланиб келмоқда. Шу билан бирга, 64 та савдо дўкони, 61 та мебель ишлаб чиқариш корхонаси, 10 та новвойхона ва 28 та хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолият юритмоқда. 2024 йилда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида 40 та лойиҳага 1,8 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Маҳаллада ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда 565 нафар пенсионер ва 232 нафар ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган. Афсуски, улар орасида ёшлар ҳам бор. Тарғибот етарли бўлса-да, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар қайд этилган. “Аёллар дафтари”га 193 нафар аёл, “Ёшлар дафтари”га 12 нафар ёш, “Темир дафтар”га эса 5 та оила киритилган. Ижтимоий ходим томонидан ўтказилган хатловда 231 та камбағал оила аниқланган, уларнинг 148 таси йил давомида реестрдан чиқарилиши белгиланган. Шу билан бирга, инфратузилма масалалари ҳам етарлича ҳал этилган. Барча хонадонлар электр энергияси, ичимлик суви ва табиий газ билан таъминланган. 85 та хонадонда қуёш панеллари ўрнатилиб, умумий қуввати 452 кВтни ташкил этмоқда. Бу эса яшил энергетика имкониятларидан самарали фойдаланиш йўналишида муҳим қадам бўлди. Маҳаллада таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари кенг қамровли хизмат кўрсатмоқда. Яқинда “Ислом тараққиёти банки” гранти бўйича йўллар асфатланяпти. Жумладан, 1 та давлат боғчаси (200 ўрин), 2 та нодавлат боғча (100 ўрин), 1 та марказий поликлиника ва 2 та умумтаълим мактаби (1472 ўрин) фаолият юритмоқда. Шунингдек, “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳудудга 114 та видеокузатув мосламаси ўрнатилиб, ички ишлар органлари ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Партиямиз асосий электорати бўлган таълим соҳаси вакилларини доим қўллаб-қувватлаб келмоқда. “Дўстлик” маҳалласида мактаб ва боғчаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар ҳамда тарбиячиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича таклифлар ўрганилди. Бу масалада амалий ечимлар ишлаб чиқиш муҳим, чунки тарбия ва таълим жараёнида адолат тамойилининг устуворлиги ёш авлод келажагини белгилайди. Маҳаллада ишсизлик муаммоси ҳам мавжуд. Жами 155 нафар ишсиз рўйхатга олинган, уларнинг 78 нафари аёллар, 27 нафари ёшлар ва 50 нафари бошқа тоифага мансуб. Шу билан бирга, 50 нафар ишсиз ва 6 нафар меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Бу орқали аҳоли фаровонлигини ошириш йўналишида амалий қадамлар қўйилди. Жорий йилдаги режалар доирасида қатор устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, 61 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этиш, 155 нафар фуқарони ишга жойлаштириш, 60 нафар фуқарони мономарказда ўқитиш ишлари олиб борилмоқда. Учрашув якунида маҳаллада амалга оширилаётган ишларга ижобий баҳо бердик. Шунингдек, “еттилик” фаолияти самарадорлигини янада ошириш, ишсиз ёшлар орасида бандлик ва тадбиркорлик ташаббусларини кенг тарғиб қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш бўйича фикрларимизни билдирдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Hashtags
Опубликован 27 сент.
🔴🟦🟦🟦 🔴 “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Махмудова Хоразм вилоятига хизмат сафари доирасида Хонқа туманидаги “Дўстлик” маҳалласида бўлиб, “еттилик” фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, партиямиз етакчиси ҳудуддаги аҳоли мурожаатларини ўрганди. Батафсил юқоридаги лавҳада👆 ⚖️Расмий саҳифаларимиз
#Хоразм_вилояти #Ўрганиш Коррупцияга қарши кураш: сохтакорлик, қоғозбозликдан воз кечиб, реал натижа билан ишлаш керак Миллий юксалиш адолат ва шаффофликка таянади. Шу боис, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг манфаатига дахлдор масала ҳисобланади. Айниқса, маиший коррупцияга барҳам бериш, муросасиз муҳитни шакллантириш – халқ ишончи ва жамиятда тенглик тамойили қарор топишининг гаровидир. Шу маънода, Хоразм вилоятида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш юзасидан тасдиқланган “йўл харитаси” ижроси муҳокамасида қатнашиб, партия ва депутатлар корпусининг бу жараёндаги ўрни ва масъулияти ҳақида фикр билдирдик. Унда белгиланган чора-тадбирларнинг ҳар бири жамиятда адолат муҳитини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди. Таъкидлаш лозимки, “йўл харитаси” коррупцияни фақат ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолаш билан чекланиб қолмаган, балки уни келтириб чиқараётган сабабларни таҳлил қилиш, тизимдаги заиф нуқталарни аниқлаш ва бартараф этиш устувор мақсад. Муҳокама аввалида Хоразм вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Шерзод Мухаматов, мазкур йўналишда олиб борилган ишлар юзасидан ахборот берди. Билдирилишича, ўтган вақт давомида 329 та боғчага 719 та кузатув камераси ўрнатилиб, таълим муҳити ҳамда овқатланиш жараёнида шаффофлик таъминланмоқда. 175 та бўш иш ўрни миллий кадрлар тизими реестри орқали тўлдирилган. “Ҳудудгаз” вилоят филиалида манфаатлар тўқнашуви ҳолати ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилди. Ишсизликка қарши курашиш мақсадида “Ишга марҳамат” онлайн боти орқали хоразмлик уюшмаган ёшларга тарғибот ва ёрдам механизми йўлга қўйилди. Вилоятдаги бозорлар фаолияти учун “Smart Bazar” дастури ишга туширилди. Улардаги автотураргоҳларда “Past Parking” лойиҳаси ишга тушгани туман бозорларида кирим миқдорини оширди. Бироқ, айни вақтда ҳал этилишини талаб қиладиган жиддий муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бандлик соҳаларидаги ҳолатлар жамиятда муросасиз муҳит яратиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди. Мактабгача ва мактаб таълимида устама ва қўшимча тўловлар бўйича ҳуқуқбузарликлар сақланмоқда. Бунда 12 нафар шахсга нисбатан ҳуқуқбузарлик аниқланган, 27 та ҳолатда сохта сертификатлар орқали 400 млн сўмдан ортиқ зарар етказилган, айрим раҳбарлар асоссиз равишда устама тайинламоқда. Соғлиқни сақлашда иш ҳажмини тўлиқ ставкада расмийлаштиришда тамагирлик ҳолатлари юқори. Айрим туғуруқхоналарда янги туғилган соғлом чақалоқлар ҳам ҳужжатларда асоссиз равишда “4 маҳал овқатлантиришга эҳтиёжи бор” деб кўрсатилиб, 300 млн сўмдан зиёд маблағ талон-торож қилинган. Ҳатто ногиронликни белгилаш жараёнида инсофсизлик ҳолатлари кузатилган. Хусусан, бир мутасадди 2-гуруҳ ногиронини 1-гуруҳ тоифасига ўтказиш учун 700 доллар талаб қилган. Бандлик соҳасида ҳам мураккаб ҳолатлар мавжуд. Ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида ҳуқуқий асоссиз тил бириктириш ҳолатлари қайд этилган. Натижада 14 та сохта ҳолат аниқланиб, бюджетга 1,4 млрд сўмга зарар етказилган. Умуман, коррупциянинг энг катта хавфи – фуқароларнинг давлатга ва адолатга ишончига путур етказишида. Йиғилишда ҳар бир тармоқ билан йўл қўйилган камчиликларни кўриб чиқдик. Сохтакорлик, қоғозбозликдан чекиниб, реал натижа билан ишлаш бўйича ҳамкорликни кучайтириш алоҳида қайд этилди. Менимча, бугундан бошлаб ҳар биримиз ўз олдимизга аниқ мақсад қўйиб ҳаракат қилишимиз зарур. Биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ёки маҳаллий кенгашлар депутати бўламизми, ёки бизга ишониб топширилган тармоқ раҳбари бўламизми, барчамиз бир мушт бўлиб коррупциядан холи жамият қуриш қийин. Жараёнда партиямиз кенгашлари, депутатлик корпуси, ёшлар тузилмалари орқали кенг тарғибот ишларини йўлга қўйиш, маҳаллий кенгашларда доимий муҳокамалар ташкил этиш, депутатлик сўрови ва жамоатчилик назорати каби механизмлардан самарали фойдаланиш бўйича аниқ таклифларни илгари сурдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Hashtags
Опубликован 27 сент.
🔴🟦🟦🟦 🔴 “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Маҳмудова Хоразм вилоятига хизмат сафари доирасида вилоят коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг муҳокама йиғилишида иштирок этди. Йиғилишда Хоразм вилоятида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, хусусан, маиший коррупцияга барҳам бериш ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг Урганч туманидаги ижроси юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди. Жараён тафсилотлари билан юқоридаги видеорепортажда танишинг👆 ⚖️Расмий саҳифаларимиз
#Хоразм_вилояти #Ўрганиш Устоз ва мураббийларга эҳтиром миллатнинг маънавий қиёфасини белгилайди Инсон камолотининг пойдевори, авлодлар тарбияси ва миллат келажаги, энг аввало, устозлар фидойилиги ва мураббийлар матонатига боғлиқ. Шу боис, миллий таълим тизимини самарадор қилиш, уни жаҳон андозаларига мослаштириш ва зукко, ташаббускор авлодни тарбиялаш учун давлатимиз сўнгги йилларда кенг имконият ва шарт-шароитлар яратишга жиддий эътибор қаратмоқда. Сўзимизни илм-фан ва таълим харажатларига ажратилаётган маблағлар 378 триллион сўмга, яъни 6 каррага ошгани ҳам тасдиқлайди. Ҳа, устознинг қадри юксалди, нуфузи ортиб бормоқда. Бу йил ҳам Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимиз раислигида Бўстонлиқ туманида ўтган очиқ мулоқот соҳа вакилларига бўлган эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Мулоқотда педагогларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, 15 йил стажга эга олий тоифали ўқитувчилар учун ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизини қоплаб бериш, фарзандлари олий таълимга кирганда контракт тўловларига 30 фоиз чегирма ажратиш, энг яхши таълим муассасалари педагоглари учун йўлкира чегирмалари тақдим этиш, компьютер харид қилиш учун имтиёзли кредит бериш белгиланди. Айни шу жиҳатларни Хонқа туманидаги 35-мактабда ўқитувчилар билан бўлиб ўтган мулоқотимизда ҳам алоҳида таъкидладик. Тадбир аввалида 20 йилдан буён таълим масканига раҳбарлик қилиб келаётган Саодат Каримова мактаб тарихи ва бугунги имкониятлари ҳақида маълумот берди. Билдирилишича, 1923 йилда ташкил топган ушбу таълим маскани 2021 йилда тубдан реконструкция қилиниб, замонавий жиҳозлар билан таъминланган, таянч мактабга айланган. Ўқувчилари ютуқлари ҳам оламжаҳон. Улар орасида “Эл-юрт умиди” стипендиантлари, юксак ҳарбий лавозим эгалари, учувчилар бор. Бугун мактабда 121 нафар педагог фаолият юритмоқда. Уларнинг 21 нафари халқаро сертификат, 21 нафари олий тоифа, 34 нафари биринчи малака тоифасига эга. 2023-2024 ўқув йилида 72 нафар битирувчидан 33 нафари олий таълимга кирган бўлса, жорий йилда 89 нафар битирувчидан 45 нафари олийгоҳларга қабул қилинди. Бу кўрсаткичлар устозлар меҳнатининг самарасини англатади. Даставвал йиғилганларни касб байрами билан табриклаб, машаққатли ва шарафли фаолиятларида куч-қувват ва муваффақиятлар тиладик. Шунингдек, жамиятда устозларнинг жамиятдаги ўрни беқиёс эканини қайд этиб, “Адолат” СДП таълим соҳасида ислоҳотлар амалга ошиши учун доимий таклиф ва ташаббуслар илгари сураётгани ҳақида ўз фикрларимизни билдирдик. Хусусан, партиямиз фракцияси ташаббуси билан ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақомини юксалтириш, меҳнат шароитини яхшилаш, иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилгани, ўтган йили 1 февралда кучга кириб, айни пайтда таълим тизимида янги босқични бошлаб берганини мамнуният билан қайд этдик. Албатта, мазкур қонун орқали ўқитувчиларнинг касбий фаолияти кафолатлари белгилаб қўйилди, моддий рағбатлантириш тизими такомиллаштирилди, устозлар нуфузини юксалтиришга хизмат қиладиган янги нормалар жорий этилди. Ҳужжат ижроси ва партия ташаббуслари устозларнинг фидойилигини муносиб қадрлаш ва таълим тизимида самарадорликни ошириш йўлида муҳим қадам бўлди. Тадбир якунида мактабнинг бир гуруҳ жонкуяр, ташаббускор ўқитувчиларини партиямизнинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирладик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Hashtags
Опубликован 27 сент.
🔴🟦🟦🟦 🔴 “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Маҳмудова Хоразм вилоятига хизмат сафари доирасида Хонқа туманидаги 35-мактабда ўқитувчилар билан мулоқот ўтказди ва мактаб фаолияти билан танишди. Батафсил юқоридаги лавҳада👆 ⚖️Расмий саҳифаларимиз