TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
Lura għall-lista tal-kanali
Rahimjon Ali avatar

TGINSIGHT CHAT

Rahimjon Ali

@rahimjon_aliy

Video and films

Муҳаббат йўлининг бир йўловчиси… 06.02.2023 https://youtube.com/@rahimjon_ali?si=pp5Dm2Lx4hJXc1UX

Abbonati2,250Abbonati attwali
Postijiet immonitorjati1,019Għadd ta' postijiet indiċizzati
Raġġ reċenti28,129Somma tal-viżjonijiet reċenti
Postijiet reċenti

Postijiet reċenti

Paġna 80 minn 85 · 1,019 postijiet

Ippubblikat Apr 10

✍Юнус Эмро қуддиса сирруҳу 📋 "Қолганларга салом ўлсин" 🎙| Раҳимжон Али ўқиди Ⓜ️анба:@Rahimjon_Aliy ♻️Улашинг📲 👉https://t.me/Rahimjon_Aliy

1,450 views

Ippubblikat Apr 10

#Маснавийдан_сабоқлар 19. ҚАЛБНИНГ ҚУЛОҚЛАРИ (567-568 байтлар) Маснавийи Шарифнинг илк жумлалари “Тингла!” сўзи билан бошланади. Тингламоқ бутун вужудни қулоқ қилмоқ, бутун ўй-хаёлни қулоқ қилмоқ, бутун борлиғини қулоқ қилмоқдир, бўлмаса у оддий “эшитиш”га айланиб кетади. Аллоҳ таоло бизга зоҳир қулоқларини бердики, бу қулоқлар орқали қалбнинг “қулоқ”ларини очамиз. Қалбнинг қулоқлари – қалбнинг ўзидир. У ерга ўрнашган нарса бутун зоҳир аъзоларимизни ўзгартиради. Ҳадиси шарифда келганидек “у солиҳ бўлса, бутун жасад солиҳ бўлади”. Мавлоно ҳазратлари ёзадилар: Бош қулоғи дил қулоғин беркитур, То у кармас, дил қулоғи кар эрур. Сиз бўлинг ҳиссиз, фикрсиз, беқулоқ, Токи тингланг “иржиъи”ни яхшироқ. (Одил Икром таржимаси) Бошдаги қулоқ гўёки қалбнинг қулоғига тиқилган пахта кабидир дейдилар. Биз эшитган ҳар нарсамизга эргашиб кетавермаймиз. Эшитган ҳар нарсамиз қалбимизни беркитиши, қалбга ҳеч нарсани киритмаслиги мумкин. Биз ўша зоҳир қулоқларимизни кар қиларканмиз, қалбимизнинг қулоғи очилади. Қалбга кир – айнан шу ҳиссий аъзоларимиз орқали (қараш, эшитиш каби) кириб боради. Буни яхшироқ англашимиз керак. Оддий бир мисол: Қуръон бир хил тиловат қилинади, лекин уни кимлардир қалби билан тинглайди, кимлардир қулоғи билан. У иккисининг ўртасида нақадар катта фарқ мавжуд. Ҳабиб Ажамий (қуддиса сирруҳу) деган зот ўтган. Қуръон тиловатини эшитганларида йиғлайверардилар. Унинг бу ҳолатидан ҳатто араблар ажабланарди, ахир оятлар маъносини тушунмай ҳам йиғлаш мумкинми?! Ҳа, у зот бутун қалби билан тинглардилар. Бутун вужуди қулоққа айланарди. Агар Аллоҳнинг хитобини эшитмоқчи бўлсак, ҳиссиз, фикрсиз, қулоқсиз бўлишимиз керак. Бу ердаги ҳиссизлик, фикрсизлик ташқи оламдан, моддиятдан узилишдир. Бунга далил ўлароқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий қабул қилаётган ҳолатларини айтиш мумкин. Тамоман ташқи оламдан узилиб, Аллоҳнинг Сўзларини қабул қилардилар. Фажр сурасининг 28-оятига ишора ҳам борки, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Парвардигорингга рози бўлган ва рози бўлинганинг ҳолда қайтгин”. Ҳа, бу сўзларни яхшироқ тинглашимиз қандай буюк неъматларга сазовор қилади бизни! Мавлоно таъкидлаётган нарса ҳам шу: Аллоҳнинг хитобларини зоҳир қулоқларимиз билан эмас, ботиний қулоғимиз – қалбимиз билан тинглаш даражасига чиқишдир! Раҳимжон Али @Rahimjon_Aliy

1,750 views

Ippubblikat Apr 10

Кулаётган кимсадан “нега куляпсан?” деб сўралмайди. Лекин йиғлаётган кимсадан нега йиғлаётгани сўралади. Сен ҳам дуоларингда йиғлагин-ки, Роббинг ҳам сендан сабабини сўрасин. Мавлоно Жалолиддин Румий қуддиса сирруҳу @Rahimjon_Aliy

3,020 views

Ippubblikat Apr 10

ОТА ҲАЙРАТИ Сомалининг الصومال собиқ муфтийси, ўнта қироатда олий шаҳодатга эга таниқли қори Абдуррашид Суфий дейди: Азаҳарда ўқиб юрган пайтларим эди. Сомалига отам ёнига қайтдим. Отам билан кўришган заҳотим у дарров мени саволга тутиб: — Қуръондан вирдинг қанча? — деди. Яъни, «Қуръондан кунлик насибанг қанча, Қуръонни неча кунда ўқиб хатм қиласан?» деб сўради. — Бир ҳафтада ўқиб хатм қиламан, — дедим. Отам ҳозир мени мақтаб, олқишласа керак, деб ўйладим. Қайда, аксинча, нохуш хабар эшитган одамдек ҳайратга тушиб: — Қизиқ, атиги бир ҳафтада бир марта ўқийсанми? Нима деб турганингни ўзинг биляпсанми?! Қуръоннинг ҳар бир ояти бир ҳафта давомида сендан ғойиб бўладими? Бунга қандай чидаяпсан, бунга қандай рози бўляпсан?! Яъни, бугун Бақара сурасини ўқисанг, орадан бир ҳафта ўтиб кетадими, бир ҳафтадан кейин Бақарани ўқийсанми? Шунчалик бандмисан, машғулмисан?! Бола-чақанг, аҳли аёлинг борми? Нима сени Қуръондан чалғитиб қўйди? Ахир мен сени Қуръонни ўрганиш учун жўнатган эдим-ку. Сен у ерда нималар қилиб юрибсан, нималар билан бандсан?!— деб койиди. Дадам мени худди ўзидек Қуръонни уч кунда хатм қилишимни истарди. У ҳамиша уйда Қуръонни уч кунда хатм қиларди, ҳатто сафарда ҳам бу одатини тарк этмаган. ✨🌙📖 Усмон ибн Аффон дейдилар: «لو طهرت قلوبكم ما شبعتم من كلام ربكم» «Агар қалбларингиз покиза бўлганда, Раббингиз Каломига тўймас эдингиз». ✨🌙📖 Савол: Биз ота сифатида фарзандларимизнинг қайси ишларидан ҳайратланяпмиз? Биз мўмин сифатида охират сафарига қандай тайёргарлик кўряпмиз? Жалол Иброҳим @Rahimjon_Aliy

2,440 views

Ippubblikat Apr 9

Ким ривожланмаса нуқсонга юз тутади. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу @Rahimjon_Aliy

2,009 views

Ippubblikat Apr 9

​​Нақшбандия тариқатидаги рашҳаларнинг асоси Аллоҳ таоло билан мустаҳкам алоқа ўрнатишдир. Аллоҳга етаклашдир, Аллоҳга етиштирмоқдир. Ушбу рашҳаларнинг барчаси 11 дона бўлиб, асарларда қайд этилишича 4 таси Юсуф Ҳамадоний (1048 -1140) ҳазратларига, 4 таси Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103 - 1179) ҳазратларига, 3 таси эса Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд (1318 - 1389) ҳазратларига нисбат берилади. Улар қуйидагилардир: 1. Ҳуш дар дам 2. Назар бар қадам 3. Сафар дар ватан 4. Хилват дар аржуман 5. Ёд карт 6. Боз гашт 7. Нигоҳ дошт 8. Ёд дошт 9. Вуқуфи замоний 10. Вуқуфи ададий 11. Вуқуфи қалбий Ушбу тамойиллар ўз соҳиблари томонидан тўлдирилиб, солик учун кифоя қилгулик мукаммал асос ҳисобланади. Шуни таъкидлаб ўтишни лозим топардикки, тариқатга у азиз зотлардан сўнг ҳеч қандай янгилик киритилмайди, ўзгартирилмайди, замонга мослаб қайсидир жиҳатлари олиб ташланмайди, бор-борича, қандай бўлса шундай етиб келади. Зеро, ушбу муборак йўлнинг асоси ўзгармас қонуният — Қуръон ва Суннатдир! Агар тасаввуф ҳақида ҳақиқий билимни, маълумотни олмоқчи бўлсангиз, мумтоз китобларга, аввалги зотлар ёзиб қолдирган асарларга мурожаат қилиш шартдир. Шундагина биз тасаввуф ва тариқатнинг ҳақиқатидан, илдизидан бохабар бўламиз. Солик ушбу рашҳалар билан, гўё қақраб қолган қалбига оби ҳаёт томчиларини қуяди. Ибодат ва зикрларида, устозлари берган вазифаларда олға силжийди. У вазифаларни бажаришига енгиллик барпо қилади. Аслида рашҳалар ҳам Қуръон ва Суннатга кўрадир. Диннинг моҳиятига асослангандир. Рашҳаларнинг ҳар бири ҳақида биз кейинги мақолаларимизда кенг ва атрофлича ўрганиб чиқамиз. Тавфиқ Аллоҳдандир. Раҳимжон Али @Rahimjon_Aliy

4,670 views

Ippubblikat Apr 9

МУБОРАК РАШҲАЛАР Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Барча мақтовлар бутун оламлар Парвардигори Аллоҳгадир! Беҳисоб дуруду саловатлар сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгадир! У зотга эргашган барча азиз зотларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Барчамизга маълумки, дунёнинг тариқат аҳллари ҳисобланмиш аксар кишилар — Нақшбандия тариқатида истиқоматдадирлар. Сабаби бу тариқат Қуръон ва Суннатга энг яқин бўлган хос қулларнинг йўлидир. Аллоҳ таоло бу буюк тариқатни заминимиздан етишиб чиққан буюк муршиди комиллар қўли билан барпо қилди. У зотларнинг сирларини Аллоҳ муқаддас қилсин! Нақшбандия тариқати ҳақида кўп ва хўп гапирмоқ мумкин. Зеро, суннатни маҳкам тутган бу улуғ йўл, асрлар давомида Ислом умматининг руҳий тарбиясида хизмати беқиёсдир. Бу йўлнинг ўзига яраша йўл-йўриқлари, вазифалари, одоб ва ахлоқлари, тамойиллари борки, буни муршид зотлар белгилаб, ўз муридларига таълим билан қолдириб кетганлар. Ана шундай асослар ҳисобланмиш муборак "рашҳалар" неча юз йилларким, мазкур тариқат йўлчиларини тақвода тутиб келади. "Рашҳалар" бу "томчилар"дир. Эҳтимол Тариқат денгизининг томчилари, эҳтимол тақво томчилари, эҳтимол камолот томчиларидир. Зеро тома-тома кўл бўлганидек, бу асосларга доимий амал қилган соликни буюк хулққа, мустаҳкам тақвога, Олий Муҳаббатга етаклаб чиқади. Зеро, ушбу томчилар буюк иршод устозларининг Илоҳий денгизидан томган томчилардир.

3,720 views

Ippubblikat Apr 9

Азизлар, биз Насимий Ҳазратлари ҳақида бир қанча маълумотларни бериб ўтдик. Шу ўринда ҳақли баъзи саволлар бўляптики, у кишининг тутган "хуруфийлик" таълимоти ҳақида. Тўғри, у зот хуруфийлик тарғиботчиларидан бўлган ва бу Аҳли сунна вал жамоат наздида адашган тоифалардан ҳисобланади. Бизни бунга эътирозимиз йўқ. Биз учун муҳим жиҳат шуки, Ҳазрат Насимий қолдирган маънавий мерос, у кишининг ижодкорлиги, ишқий йўналишдаги беқиёс ғазалларидир. Тарихдан ҳам буюк зотларга нисбатан аҳли шариат наздида ўринли эътирозлар бўлиб тургани маълум. Боязид Бистомий, Мансур Ҳаллож, Бобораҳим Машраб қуддиса сирруҳум каби буюк зотлар таълимотига ҳам салбий қарашлар бўлиб келган. Табиийки, Насимий Ҳазрат ҳам бундан омонда қолмаганлар. Яна бу ҳақида Ҳазрат Навоийнинг 770 та авлиёлар зикри ёритилган "Насойим-ул муҳаббат" асаридан олиб борилажак дарсларимизда кенгроқ ёритиб берамиз, ин шаа Аллоҳ. Аллоҳ ўтган азиз зотларимизни ғариқу раҳматига олсин! Биз ожиз, нотавон бандаларини Тўғри Йўлига муяссар қилсин! @Rahimjon_Aliy

1,520 views

Ippubblikat Apr 9

Қуйида Саййид Имодиддин Насимийнинг машҳур ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз: Манда сиғар икки жаҳон, ман бу жаҳона сиғмазам, Гавҳари ломакон ўзим, кавну макона сиғмазам. Арш ила фаршу кофу нун, барчаси мандадир бугун, Сўзлама, қўйгил энди ман шарҳу баёна сиғмазам. Кавну макондур оятим, зоти анинг бидоятим, Истар эсанг нишонами, мен бу нишона сиғмазам. Шубҳа гумон ила киши, ҳақ била бўлмагай иши, Ҳақ таниган билурки ман шубҳа гумона сиғмазам. Сурата боқ-у, маънини сурат ичинда сан тани, Жисм ила жон ўзим, вале жисм ила жона сиғмазам. Ҳам садафу ҳам инжуман, ҳашру сирот ўтувчиман, Бунча матою мол ила мен бу дўкона сиғмазам. Ганжи ниҳон менинг ўзим, айни аён менинг ўзим, Гавҳари кон менинг ўзим, баҳраю кона сиғмазам. Гарчи муҳити аъзамам, Одам отимдир Одамам. Кунфаякун бўлиб ўзим, ман бу макона сиғмазам. Жон била ҳам жаҳон ўзим, даҳр ила ҳам замон ўзим, Кўр бу латифани ки ман даҳру замона сиғмазам. Анжум ила фалак манам, ваҳй манам, малак манам, Сенки тилингни тий, бугун мен бу лисона сиғмазам… Зарра манам, қуёш манам, чор ила панжу шаш манам, Сурати кўр баён ила, чунк баёна сиғмазам. Зот ила сифот ила, қадр ила, барот ила, Гулбашакар навот ила, баста даҳона сиғмазам. Нор манам, шажар манам, арша чиқан ҳажар манам, Кўр бу олов тилин, ки ман, ушбу забона сиғмазам. Шамс манам, қамар манам, шаҳд манам, шакар манам, Руҳи равона мандадур, руҳи равона сиғмазам. Гарчи бугун Насимиман, Ҳошимию Қурайшиман, Бундан улуғдур оятим, ояти шона сиғмазам. https://t.me/Rahimjon_Aliy

1,720 views

Ippubblikat Apr 9

НАСИМИЙ ҲАЗРАТЛАРИ ҲАҚИДА (3) Тарихий манбаларда унинг қўлга олиниши қуйидагича ҳикоя қилинади. Насимий Ҳалабда Жума намозини ўқиш учун масжидга кирганида унинг ковуши ичига “Ёсин” сураси битилган бир варақ қоғозни солиб қўйишади ва султонга “шоирнинг Қуръонни оёқости қилиб юргани» ҳақида хабар етказишади. Султон шоирни қаерда бўлмасин оёғини ерга теккизмай олиб келишни амр қилади. Кўп ўтмай Насимийни султон ҳузурига олиб киришади. – Мавлоно, ковуши ичига “Ёсин”ни солиб юрган кимсага қай жазони маъқул кўрардингиз, – деб сўрайди Муайяд шоирдан. – Бундай малъуннинг терисини шилмоқ лозим, валинеъмат, – дейди Насимий ҳеч нарсани тушунмай. Шу заҳоти султоннинг амри билан шоирнинг ковушини ечиб кўрадилар. Оят битилган қоғозни кўриб, Насимий қанчалик усталик билан қўлга туширилганини англайди. Бироқ, султоннинг оёғига йиқилиб, тавба-тазарру қилиш, бу фитнани текшириб кўришни илтимос қилиш ўрнига бошини тик тутиб тақдирга тан беради. – Ҳукмдорим, бояги гапим гап. Жаллодларга айтинг, менинг теримни шилиб олсинлар. Насимийнинг қатл этилиши билан боғлиқ қатор ривоят ва афсоналар бизгача етиб келган. Улардан бирида айтилишича, Насимий терисини шилаётганларида ҳам, Мансур Халлож каби “Анал-ҳақ – мен Ҳақман, мен унинг бир заррасиман”, дея хитоб қилади. Шунда уни томоша қилаётган рақиблари: – Эй нодон, ўзинг-ку, қонингга беланиб ётибсан. Яна қанақасига худолик даъво қиласан? – дея истеҳзо қиладилар. – Ўзинг нодонсан, – дейди шоир бошини мағрур тутиб. – Мен абадият уфқига бош қўяётган қуёшман. Ҳеч кўрганмисан, қуёш ҳам ботаётган чоғида мендек қизаради. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам Насимийнинг ижодига катта ҳурмат билан қараган. “…Саййид Насимийнинг назми ўзга ранг тутубдур, зоҳир аҳли шуаросидек назм айтмайдур, балки ҳақиқат тариқин адо қилибдур”, дейди “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида. Бу билан ҳазрат Навоий Саййид Насимий ижоди бошқа шоирлар назмидан тамомила фарқ қилади, унинг шеърияти кўпроқ мажозий маънога эга, у ўз ижодида ишқи ҳақиқийни – Оллоҳга бўлган буюк муҳаббатни тараннум этган, деганлар. Мазкур асарда улуғ бобокалонимиз Насимий туркий адабиётда Мавлоно Лутфий билан баробар мавқега эга эканини таъкидлаб ўтган. “Насойим ул муҳаббат” тазкирасида эса Насимийнинг қатл этилиш жараёни шундай тасвирланади: “Ҳамоно тақлид аҳли ани қусур туҳматиға муттаҳам қилиб қатл қилдилар. Машҳур мундоғдурким, то терисин сўяр ҳукм бўлубдур, ул ҳолатда бу шеърни дебдурки, назм: Қибладур юзинг, нигоро, қошларинг меҳроблар, Сувратинг мусҳаф, вале холу хатинг эъроблар. Эй Насимий, чун муяссар бўлди иқболи висол Қўй, терингни сўйса, сўйсун бу палид қассоблар”. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, унинг жасади халққа ибрат бўлиши учун етти кун шу дорда осилиб турган. Нур, маърифат ғанимлари уни жисмонан маҳв этган бўлсалар-да, унинг руҳоният мулкига дахлдор асарларини, шеъру ғазалларини халқ тилидан, дилидан суғуриб ололмадилар. Тириклик чоғидаёқ Насимийнинг ашъори шеърият мухлисларига ёд бўлиб кетган, кўплаб шеърларига куй басталаниб, қўшиқларга айланган эди. Шогирдлари шоирнинг жасадини шу шаҳардаги қабристонда иззат-икром билан дафн этадилар. Унинг қабри устида мақбара тиклайдилар. Ҳалаб шаҳридаги ушбу зиёратгоҳ ҳозиргача сақланиб келаётир. Унинг мақбарасини зиёрат қилиб кетганлар ҳам фахрий «Насимий» унвонига эга бўладилар. Насимийдан бизгача бой адабий мерос етиб келган. Унинг туркий ва форсий тилдаги девонлари қайта-қайта нашр этилган. Насимий ижоди нафақат озарбайжон, балки, ўзбек адабиётининг ҳам қимматли хазинасидан ўрин олган. Қадимда боболаримиз унинг шеърларини таржимасиз тушунганлар. Унинг ижоди Машраб, Нодира, Амирий каби мумтоз шоирларимиз ижодига сезиларли таъсир кўрсатган. Машраб шеърларидан бирида шоир фожиасини ачиниш билан ёдга олади: Куфр айтди деб Насимийнинг терисин сўйдилар, Гўшту пўстин сўйлатиб оламга гўё қилди ишқ. Саййид Имодиддин Али Насимийнинг ғазаллари ўзбек назм ихлосмандлари қалб мулкига айланган. Зеро, бу улуғ мутафаккир ижоди бутун башариятга ва абадиятга дахлдордир. (Тамом) Рустам Жабборов https://t.me/Rahimjon_Aliy

1,760 views

Ippubblikat Apr 9

Маъно оламида юксалмоқ, фақатгина руҳлари покиза бўлганлар учун насиб қилади. Мавлоно Жалолиддин Румий қуддиса сирруҳу @Rahimjon_Aliy

1,770 views

Ippubblikat Apr 8

Сувор дил бошу, Пиёда тан! (Қалбинг доимо олдига чопгучи чавандоз бўлсин, тананг эса пиёда бўлсин.) Султонул Орифин Боязид Бастомий қуддиса сирруҳу Яъни, тананг аста кетаётган пиёдага ўхшасин ва қалбинг эса доимо олдига, Аллоҳ тарафга шошсин! @Rahimjon_Aliy

2,300 views
12•••5•••10•••15•••20•••25•••30•••35•••40•••45•••50•••55•••60•••65•••70•••75•••7879808182•••8485