TGINSIGHT CHAT
Robaxon Maxmudova
@Maxmudova_Robaxon
ПолитикаМахмудова Робахон Анваровна Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Адолат" СДП фракцияси раҳбари 🌎adolat.uz ✅instagram.com/robaxon_maxmudova ✅fb.com/61555879323215
Последние посты
Стр. 36 из 84 · 1,001 постов
#Қутлов Ёш депутатимиз Алишер Абдуалимов ҳам “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди! Хабарингиз бор, Ёшлар куни муносабати билан эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони юртимизда фаол, ташаббускор, ижтимоий масъулиятни зиммасига олган бир гуруҳ фаол ёшларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва эътироф этишнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. 🔴 Қувонарлиси, мукофотланганлар орасида “Адолат” социал-демократик партиясининг яна бир ёш ва ташаббускор вакили, Халқ депутатлари Сирдарё туман Кенгаши депутати, “Sir uni xizmati” МЧЖ раҳбари Абдуалимов Алишер Самандар ўғли ҳам бор. Сафдошимиз Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Келажак бунёдкори” медалига лойиқ деб топилди. Таъкидлаш керакки, Алишержон ёш бўлишига қарамай, халқ вакили сифатида ўз ҳудудидаги аҳоли муаммоларини ҳал этиш, сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатмоқда. Шу билан бирга, у тадбиркор сифатида “Sir uni xizmati” МЧЖни ташкил этиб, нафақат туман иқтисодий ривожига ҳисса қўшмоқда, балки кўплаб ёшларнинг бандлигини таъминлаб, уларга ўз тажрибасини ҳам ўргатиб келмоқда. Ёш сафдошимизнинг фаолияти жамиятга сидқидилдан хизмат қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва халқ билан доимий мулоқотни устувор вазифа деб билган фаол фуқаролик позициясининг ёрқин намунасидир. Бир миллион нафардан ортиқ “Адолат” партияси аъзолари номидан Алишер Абдуалимовни ушбу юксак эътироф билан чин дилдан табриклаймиз ва унинг келгуси ишларига улкан муваффақиятлар тилаймиз! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Hashtags
#Қутлов Юксак мукофот муборак, Фарзона! Ёшлар куни муносабати билан эълон қилинган Президент Фармонига мувофиқ, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ташаббускор ва фидойи ёшлар давлат мукофоти билан тақдирланди. 🔴 Қувонарлиси, улар сафида партиямизнинг фаол ва илғор вакиласи — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти “Адолат” СДП ёшлар гуруҳи аъзоси, Жиззах шаҳри Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Адилова Фарзона Алишер қизи “Келажак бунёдкори” медалига сазовор бўлди! "Адолат" социал-демократик партиясининг фаол ёшларидан бири Фарзона Адиловани юксак мукофот билан чин дилдан қутлаб, келгусидаги фаолиятида улкан муваффақият ва зафарлар тилаймиз! Унинг ёшлар орасидаги ўрни, билим ва ташаббусга асосланган фаолияти барчамиз учун фахр манбаи ҳисобланади. Фарзона каби билимли, ватанпарвар ва ташаббускор ёшлар бизнинг келажагимиз, тараққиётимиз ва жамиятда адолат мезонларини қарор топтиришдаги таянчимиздир. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Hashtags
Опубликован 28 июн.
Сирдарёда ёшлар бандлиги ва меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш — барқарор тараққиёт сари қатъий қадам Бугунги глобал дунёда барқарор тараққиётнинг пойдевори — инсон капитали ва унинг рақобатбардошлиги ҳисобланади. Жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш, иқтисодий барқарорликка эришиш ва миллий салоҳиятни юксалтириш — барчаси инсон салоҳияти, билим ва кўникмаларининг қанчалик чуқур эканига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларда замонавий касбий кўникмаларни шакллантириш ва меҳнат бозоридаги фаол иштирокини рағбатлантириш — фақат ижтимоий сиёсат эмас, балки келажак учун киритилган сармоядир. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳар йили миллий меҳнат бозорига 600 мингдан зиёд ёшлар кириб келмоқда. Яқин 5 йил ичида бу рақам 1 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Бизнинг вазифамиз — ёшларни сифатли билим, амалиёт ва меҳнат имкониятлари билан таъминлашдир. Ана шу мақсадда Гулистон шаҳрида жойлашган вилоят Касбий кўникмалар марказида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўргандик. Айтиш жоиз, ушбу марказ нафақат касб ўргатадиган ўқув муассасаси, балки фуқаролар, айниқса, ёшларнинг интилиш ва қизиқишларини амалга ошириш, иқтисодий мустақилликка эриштириш ва ўз-ўзини англашдаги суянчга айланган. Айни пайтда марказда 22 та йўналиш бўйича ўқув гуруҳлари фаолият юритмоқда. Уларнинг 17 таси тўғридан-тўғри касб-ҳунарга ихтисослашган бўлса, қолган 5 та курс ахборот технологиялари ва хорижий тиллар каби талаб юқори соҳаларни қамраб олган. Ҳозирда 436 нафар тингловчи (306 нафар аёллар ва 14 нафар ногиронлиги бўлган шахслар) икки даврали тизимда таълим олмоқда. Марказнинг яна бир аҳамиятли жиҳати — бандлик масаласига жиддий ёндашувдадир. Масалан, 2025 йилнинг шу вақтигача 787 нафар тингловчи ўқишни якунлаган бўлиб, уларнинг 693 нафари ёки 88 фоизи расман иш билан банд қилинган. Шу жумладан, 481 нафари ишга жойлашган, 171 нафари ўзини-ўзи банд қилган, 41 нафари эса якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган. 2024 йилда эса 2 минг 310 нафар битирувчининг 2 минг 148 нафари — 93 фоизи меҳнат фаолияти билан таъминланган. Бу — ҳар бир меҳнат қилиш истагидаги фуқаро учун амалда имконият борлигини тасдиқлайди. Қайд этиш керакки, марказ фаолиятида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар, имконияти чекланган ёки турмуш шароити оғир ёшларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар бу ерда нафақат янги касб эгаллайди, балки орзу-умидларини амалга ошириб, иқтисодий мустақиллик сари илк қадамларини қўйишади. Сабаби доимий иш ўрни инсоннинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, оиласига фаровонлик олиб кириши ва дунёқарашини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Гулистон Касбий кўникмалар марказига куннинг иккинчи ярмида борганимизга қарамасдан, сирдарёлик ёшларнинг ўзлари қизиққан соҳалар — тикувчилик, қандолатчилик, заргарлик, чет тиллари ва ҳатто сурдотаржимонлик бўйича малакали устозлар кўмагида билим эгаллаётганига гувоҳ бўлдик. Бундай тажрибани янада кенгайтириш, ҳар бир туман ва шаҳарда касбий марказларни ривожлантириш орқали юртимизда ишсизликнинг олдини олиш ва рақобатбардош авлодни тарбиялашнинг мустаҳкам асосини яратиш бўйича Марказ раҳбарияти билан фикр алмашдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube.
Опубликован 28 июн.
Япон тилини ўрганиб, халқаро имкониятлардан унумли фойдаланаётган сирдарёлик ёшлар сафи кенгаймоқда Дарҳақиқат, чет тилларини ўрганиш ҳозирги кунда нафақат шахсий билим ва салоҳиятни ошириш, балки халқаро меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш, замонавий касбларни эгаллаш, нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олиш имконияти ҳисобланади. Айниқса, Япония сингари илм-фан, технология ва иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишда япон тилини билиш ҳал қилувчи омилга айланмоқда. Маълумотга кўра, япон тили — дунёда энг кўп талаб қилинувчи тиллардан бири. Бу тилдаги илмий манбалар, ишчи визалар, стажировкалар ва таълим дастурлари ўзбекистонлик ёшлар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очмоқда. Унга бўлган қизиқиш тобора ортаётгани, тил ўрганаётган ёшларни сони кун сайин ортиб бораётгани ҳам фикримизнинг далилидир. Гулистон шаҳридаги Касбий кўникмалар маркази фаолияти билан танишганимизда, япон тили бўйича гуруҳлардаги ўқув машғулотларини ҳам кузатдик. Бу ердаги ёшларнинг изланувчанлиги, замонавий технологиялар орқали тилни чуқур ўрганаётгани, очиғи, катта таассурот қолдирди. Курсни Япониядаги тил мактабида 4 йил таҳсил олган, 5 йиллик иш тажрибасига эга Шуҳрат Усмонов олиб бораётгани эътиборга молик. У қисқа вақт ичида 100 нафардан зиёд йигит-қизларга япон тилини ўргатган. Улар орасидан 5 нафари Японияга иш ва таълим мақсадида жўнаб кетган бўлса, яна 10 нафардан ортиғи Миграция агентлиги орқали муваффақиятли танловдан ўтиб, ҳозирда виза олишини кутмоқда. Мамлакатимиз раҳбари ҳам бу йўналишга алоҳида эътибор қаратиб, ёшларнинг камида 2 та хорижий тилни пухта ўрганиши учун етарли шарт-шароит ва имконият яратиш бўйича тизимли иш олиб боришга кўрсатма берганди. Натижада ўтган 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар ёшлар хорижга ўқишга юборилган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда бу кўрсаткич 3 баробарга ортди. Энди эса Ёшлар ишлари агентлиги хорижда таҳсил олаётган ҳар бир ёшнинг эҳтиёжларини ўрганиб, улар Ватанга қайтиб келганида ўз ўрнини топиши, муваффақиятли карьера қилишида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан тенг масъул бўлиши аниқ белгилаб қўйилди. Ёшлар билан суҳбатда Шуҳратжон каби тажрибали мутахассисларнинг меҳнати эътирофга лойиқ эканини қайд этиб, унинг фаолиятини оммалаштириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича “Адолат” партияси ҳамкорликка ҳамиша тайёрлигини билдирдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube.
Опубликован 28 июн.
Қандолатчилик — фақат касб эмас, ижод ва имконият ҳамоҳанглигидир Гулистон шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида эътиборимизни ўзига тортган йўналишлардан яна бири қандолатчилик курси бўлди. Мажозан олганда, бу ерга кирсангиз, бетакрор таъмга эга, кўриниши ажойиб турли туман ширинлик ва пишириқларнинг ифори димоғингизни қитиқлайди. Ёш қандолатчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Курс ментори, профессионал қандолатчи Наргиза Шарипова билан суҳбатда курсдаги натижалар, хотин-қизлар фаоллиги, бозор муносабатлари ҳақида фикр алмашдик. У 7 йиллик фаолияти мобайнида 200 нафардан зиёд шогирд тайёрлаган. Ҳозирда Наргиза Шарипова 20 нафар хотин-қизга қандолатчиликдан сабоқ бермоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, профессионал қандолатчи нафақат маҳаллий даражада, балки “World Skills” каби халқаро мезонлар асосида ўтказиладиган касблар танловида ҳам муносиб иштирок этади. Унинг шогирдлари тайёрлаётган маҳсулотлар нафақат мазали, балки эстетик жиҳатдан ҳам юксак даражада бўлиб, ҳар қандай буюртмачини ўзига жалб этади. Қандолатчилик курси орқали кўплаб хотин-қизлар ўз ҳаётида янги саҳифа очган. Айримлари курсни тамомлаганидан сўнг уйида буюртма асосида торт ва ширинликлар тайёрлаб сотишни бошлаган. Эътиборлиси, бу ширин машғулот уларга нафақат моддий даромад, балки ижод ва имконият манбаи сифатида хизмат қилмоқда. Наргиза Шарипова келажакда ўз брендини яратиш ниятида. Унинг орзуси — нафақат ширинликлар, балки аёллар ҳаётига умид, имконият ва эркинлик ҳиссини олиб кирувчи миллий қандолат брендини шакллантириш. Суҳбат сўнгида қандолатчи қизларимиз пиширган ширинликлардан, чанқоқбосди шарбатлардан татиб кўриб, бу маҳсулотлар келгусида ўз харидорини топишига амин бўлдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube.
Опубликован 28 июн.
Тикувчи хотин-қизлар даромад топмоқда Гулистон шаҳридаги Касбий кўникмалар марказидаги танишув давомида дастлаб талаб энг юқори бўлган йўналишлардан бири — тикувчилик курси тингловчилари билан мулоқот қилдик. Эътироф этиш керакки, мазкур ўқув дастури ишсиз хотин-қизлар учун нафақат даромад манбаи, балки ижтимоий камолот, ўзини англаш ва иқтисодий мустақилликка йўл очувчи имкониятлар майдонига айланган. Курсни тажрибали мутахассис — Феруза Шайбекова олиб бормоқда. У 6 йилдан буён шу соҳада меҳнат қилиб, 150 нафардан зиёд шогирд тайёрлаган, “World Skills” каби нуфузли касбий танловларда муваффақиятли қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келяпти. Айни пайтда у 20 нафар хотин-қизга тикувчилик сир-асрорларини ўргатмоқда. Муҳими, ўқув жараёни аёллар учун фақат бир ҳафта ёки бир ойлик машғулот эмас — бу улар ҳаётидаги янги саҳифа, янги босқич, демак. Масалан, тўлиқ иш билан банд бўлмаган, оиласини боқиш масъулиятини ўз зиммасига олган аёллар шу курс орқали касб эгаллаб, ўз уйида тикувчилик ишларини бошлаган. Улар нафақат фарзандлари учун, балки қўни-қўшнисидан буюртмалар қабул қилиб, кунлик эҳтиёжларини таъминлайдиган даражада даромад топмоқда. Айрим хотин-қизлар тикув машиналарини харид қилиб, кичик, аммо барқарор фаолиятини ривожлантираётгани қувонарли ҳол. Улар саришта рўзғор юритиш, мустақил даромад топиш, болалари таълими ва турмуш шароитини яхшилаш йўлида шаҳдам қадам ташламоқда. Бу — фақат меҳнат натижаси эмас, балки давлат ва жамият томонидан яратилаётган имкониятлар самараси, албатта. Алоҳида қайд этиш лозим, “Долзарб 90 кунлик” доирасида мактаб ўқувчи-қизлари ҳам ушбу курсларга жалб қилинган. Бу орқали ёшлар ўртасида касбга муҳаббат, ҳунарга қизиқиш, кичик ёшдан мустақил даромад топишдек ижобий ижтимоий кайфият шаклланяпти. Ёш қизлар бу ерда нафақат тикувчилик машғулотлари, балки ҳаётга тайёргарлик, мустақил қарор қабул қилиш, меҳнат қадри ҳақида билимларга эга бўляпти. — Тикувчиликни фақат маиший эҳтиёж эмас, балки миллий ва замонавий маданият ифодаси сифатида кўраман. Шундан келиб чиқиб, шогирдларим билан биргаликда замонавий либослар коллекциясини яратишни мақсад қилганман, — дейди курс раҳбари биз билан суҳбатда. Дарҳақиқат, мазкур даргоҳда ҳаёт йўли оғир кечган, аммо ўзлари қизиққан соҳа — тикувчиликни давлат кўмагида бепул ўрганиб, тирикчилик қилаётган ва орзулари сари матонат билан одимлаётган хотин-қизлар бор. Бу эса партиямиз илгари сураётган ижтимоий адолат, имкониятлар тенглиги ва инсон қадри устувор бўлган жамият ғоялари билан мутаносиб. Якунда уларнинг фаолият бошлаши ва зарур ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича тайёрлигимизни билдирдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube.
Опубликован 28 июн.
Партиянинг маҳаллий тузилмалари билан очиқ мулоқотда ислоҳотларга масъулиятли ёндашув масалалари кўриб чиқилди Тан олиш керакки, бугун юртдошларимиз мамлакат ва дунё саҳнида кечаётган шиддатли ўзгаришлардан етарлича хабардор, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаммо ва мурожаатларини ҳал этишда фаол фуқаролик позициясига эга. Шу нуқтаи назардан, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш адолатли жамият барпо этишнинг мустаҳкам шарти саналади. Айниқса, сиёсий партияларнинг мазкур жараёндаги роли ниҳоятда муҳим. Сирдарё вилоятидаги партия шаҳар ва туман кенгашлари раислари, маҳаллий ҳамда ҳудудий кенгашлар депутатлари билан очиқ мулоқотда шу каби жиҳатларни муҳокама қилдик. Нафақат партия фаолиятидаги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашиш, балки жойлардаги ишларни тизимли равишда мувофиқлаштириш ва аъзоларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлашни ҳам эътибордан четда қолдирмадик. Мулоқот аввалида жорий йилнинг 16 июнь куни давлат раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар, жумладан, олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, маҳаллий ҳудудларда ишлар қандай кетаяпти, аҳолини ўйлантираётган муаммоларга амалда қандай ёндашувлар таклиф этилаётганига эътибор қаратдик. Боиси, бугунги кунда партиялардан ижтимоий-сиёсий фаоллик, ташаббускорлик ва амалий натижа талаб этиляпти. Бунга жавоб бериш учун ҳар бир депутат, ҳар бир маҳаллий раҳбар ўз ҳудудидаги муаммони билиши, одамлар ичида, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ҳаракатида бўлиши зарур. Учрашувда ижро интизоми масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратдик. Ҳар бир маҳаллий партия ташкилоти ўз фаолиятини натижага қаратилган ҳолда ташкил этиши, аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топиш бўйича аниқ режа ва механизмларга эга бўлиши зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, партия аъзолари сафини кенгайтириш, янги аъзоларни фаол тарғибот ишлари орқали жалб этиш, аҳоли орасида танилувчанликни ошириш, жамоатчиликда партияга бўлган ишончни мустаҳкамлаш вазифаларини белгилаб олдик. Қолаверса, “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ўтказилган донорлик акцияси натижаларини кўриб чиқдик. Вилоят Қон қуйиш маркази бош шифокори томонидан билдирилган таклиф — ушбу акцияни йил давомида мунтазам ўтказиш ва донорлик ҳаракатини оммавийлаштириш ташаббусини маъқулладик. Сирдарёлик сафдошларимиз мазкур таклифни аҳоли саломатлигига эътиборнинг яна бир амалий ифодаси сифатида баҳолашди. Шунингдек, соғлом авлодни тарбиялаш, айниқса мактабгача таълим муассасаларида болалар соғлиғини эрта таҳлил қилиш масаласи учрашув кун тартибининг муҳим мавзуси бўлди. Сколиоз ва яссиоёқлик каби касалликларни олдини олишга қаратилган “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур!” лойиҳаси орқали вилоятдаги боғчаларни кенг қамраб олиш ва натижалар асосида тизимли мониторинг йўлга қўйиш вазифаси қўйилди. Йиғилишда яна бир муҳим партия ташаббуси — июль ойида ўтказилиши режалаштирилган одам савдосига қарши ойлик тадбирлари муҳокама қилинди. Ушбу жараёнда Сирдарё вилояти партия ташкилотлари намунали фаоллик кўрсатиши, аҳолини хабардор қилиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, хавф гуруҳидаги аҳоли қатлами билан алоҳида ишлаш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиш кераклигини таъкидладик. Зеро, “Адолат”нинг натижаси — халқ ичидаги амалиётида яққол намоён бўлса, халқ биздан рози бўлади. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Опубликован 28 июн.
Партиянинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқчил ташаббуслари Сирдарёда ҳамиша қўллаб-қувватланган Ҳар қандай сиёсий партиянинг фаолияти қанчалик кенг қамровли, аҳоли ичига чуқур кириб борган бўлса, унинг таъсир доираси ҳам шунчалик кучли бўлади. Бу эса, аввало, партиянинг қуйи бўғинлари — бошланғич партия ташкилотлари орқали амалга оширилади. Адолат” СДП ўз дастурий мақсадларини амалда рўёбга чиқаришда айнан БПТларга суянади. Чунки ушбу бўғин бугунги кунда фақат ташкилий тузилма эмас, балки жамоатчилик фикрини шакллантирадиган, ҳуқуқий онг ва фаол фуқаролик позициясини ривожлантирадиган самарали майдонга айланмоқда. Ўз навбатида, ишчи гуруҳимиз билан Гулистон шаҳрида жойлашган республика Қон қуйиш маркази Сирдарё вилоят филиалидаги бошланғич партия ташкилоти фаолиятини ҳам ўргандик. Жараён нафақат тиббий муассасадаги сиёсий фаолликни таҳлил қилиш, балки партия томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги хайрия донорлик акциясининг жорий натижаларини сарҳисоб қилиш мақсадини ҳам кўзда тутди. Марказ бош шифокори Ҳайдаржон Саломов билан суҳбатда бу йилги акция вилоят миқёсида қай даражада ташкил этилгани билан қизиқдик. Шифокорнинг айтишича, “Адолат” партияси вилоят Кенгаши билан ўрнатилган ҳамкорлик сўнгги йилларда мустаҳкам тизимга айланган. — Албатта, бугун қонга муҳтож беморлар учун донорлик энг зарур инсоний кўмак ҳисобланади. Ташқаридан арзимасдек туйилган кичик миқдор ҳам айрим беморлар учун иккинчи ҳаёт, она учун фарзандини қутқариш, бола учун эса ёруғ келажак манбаси бўла олади. Очиғини айтсам, партия ишидан мамнунман. Вилоят аппарати масъуллари, маҳаллий ва ҳудудий кенгашлар депутатлари Марказимиз фаолиятини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда фаол, — деди Ҳайдаржон Саломов. Шундан сўнг, Қон қуйиш марказидаги “Адолат” СДП бошланғич партия ташкилоти фаолияти бўйича маълумот берилди. Мазкур бирламчи бўғин 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, дастлаб 44 нафар ходимни ўз сафида бирлаштирган. Бугунги кунда эса уларнинг барчаси — 55 нафар ходим тўлиқ аъзоликка қабул қилинган. Аъзолик бадаллари тушуми намунали, меҳнат жамоаси партия фаолиятидан етарлича хабардор. Марказдаги сиёсий фаоллик, айниқса, Гулистон шаҳар Кенгаши билан узвий ҳамкорликда йўлга қўйилгани партиявий ташаббусларнинг амалий натижаларида яққол намоён бўляпти. Партиямиз электоратининг катта қисми тиббиёт соҳаси вакилларига тўғри келади. Шу сабабдан, айни пайтда уларнинг фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор беряпмиз. Улар билан ўтказган донорлик акциямиз натижалари ўтган йилларга нисбатан бирмунча юқори бўлгани бизни қувонтирди. Айни дамда эса боғча ёшдаги болаларимиз орасида кенг тарқалаётган сколиоз ва яссиоёқлик касалликларини олдини олишга қаратилган тиббий кўрикларни кенг миқёсда ташкил этяпмиз. Мулоқот чоғида партия вилоят Кенгаши ҳамда Марказ ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланишига келишиб олинди. Ҳа, “Адолат” партияси ҳаётий масалаларга ечимни шунчаки қуруқ гаплар орқали эмас, балки амалий ҳаракатлар билан, жойларда, халқ ичида туриб ҳал этишга интилади. Тиббиёт ходимларига партиянинг эсдалик совғаларини топширдик ва уларга савобли ва масъулиятли фаолиятида куч-қувват ҳамда зафарлар тиладик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube
Опубликован 27 июн.
Турмушдан жабр кўрган хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди Ҳар қандай суд ҳукми, қарор ва моддий-маънавий ёрдам ҳақидаги расмий хулоса фақат қоғозда қолиб кетса, унинг жамият учун қиймати заифлашади. Шу маънода адолатли қарорни қабул қилиш — бир масала, унинг амалда бажарилиши эса янада муҳим, янада масъулиятли вазифа саналади, дея оламан. Сирдарё вилояти Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказида ҳаётида оғир синовларга дуч келган, аммо жамиятга фаол аёл сифатида қайтишга ҳаракат қилаётган хотин-қизлар билан учрашувимиз чоғида айнан шу масала — суд-ҳуқуқ тизимидаги қарорларнинг ижроси суст кечаётгани уларга руҳан салбий таъсир қилмаяптими, деган ҳақли хавотир уйғонди. Мазкур жиҳатни аниқлик билан ўрганиш, жойида таҳлил қилиш, жабрдийда аёллар мурожаатларининг оқибатини назардан четда қолдирмаслик мақсадида ишчи гуруҳимиз билан Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармасига бордик. Ҳудудий бюро бошлиғи ўринбосари Фаррух Бабатаев билан суҳбатда шундай ҳолатлар нима сабабдан тез-тез кузатилаётгани, умуман, бу соҳада фаолият қандай йўлга қўйилгани, қайси боғламларда сусткашлик учраётгани юзасидан атрофлича муҳокама олиб бордик. Аниқ бўлдики, айрим фуқароларнинг — айниқса, ўзини ўзи банд қилган, ҳақиқий даромадини расмийлаштирмаган шахсларнинг мажбурий тўловлардан бош тортаётгани, масъулиятдан қочиш учун солиқ имтиёзларидан фойдаланиб, ҳужжатда “муфлис” (ночор) кўринишида ҳаракат қилаётгани — жабрдийда томон фаровонлигига тўсқинлик қиляпти. Бундан ташқари, жамиятда айрим оталар томонидан бола таъминотига нисбатан масъулиятсиз муносабат, моддий мажбуриятни бажаришга лоқайдлик ҳам ёш оналарнинг моддий етишмаслигига сабаб бўлмоқда. Бу — нафақат ижтимоий, балки ахлоқий муаммодир. Партиямиз эса ушбу жиҳатга беэътибор бўлолмайди. Шу боис, Фаррух Бабатаев билан нафақат Марказдаги, балки бошқа фуқароларнинг мурожаатлари тўғридан-тўғри жойида ўрганилиши, ҳар бир ҳолатни индивидуал тарзда баҳолаш, жабрдийдаларга қисқа муддатда амалий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўйича келишувларга эришдик. Шунингдек, тузилма фаолиятини қандай такомиллаштиришни кўзлаётгани ҳақида фикр сўраганимизда, бу йўналишда тегишли идоралар билан мулоқот механизмларини кучайтириш, маълумот алмашиш тизимини рақамлаштириш, аъзо бўлмаган томонларнинг мажбурий ижроси учун жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш каби таклифлар илгари сурилди. 🔴 Албатта, “Адолат” социал-демократик партияси суд-ҳуқуқ тизимидаги ҳар қандай қарор фақат суд залида эмас, ҳаётнинг ўзида адолат мезонларини қарор топтирсагина ҳақиқий кучга эга бўлади, деб ҳисоблайди. Бунинг учун биз ижтимоий муаммоларнинг фақат оқибатини эмас, илдизини ўрганиб, тизимли ечим таклиф қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Шундай экан, жабр кўрган, моддий етишмовчиликка учраган аёллар фойдасига қабул қилинган, аммо ижроси суст кечаётган қарорлар масаласида тегишли органлар масъулиятини тўлиқ англаб, ижтимоий-ҳуқуқий адолатни таъминлаш учун амалий ҳаракатларини янада фаоллаштириши зарур. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Опубликован 27 июн.
Ҳеч ҳам ўксинманг, давлатимизнинг ҳимояси, ғамхўрлигидан исталган пайтда фойдаланиш ҳуқуқингиз бор Ҳар бир аёл тақдирида унинг жасорати, сабри ва умидини кўрсатадиган лаҳзалар бор. Аммо турмушдаги мураккаб синовлар, зўравонлик, ижтимоий ёлғизлик ва иқтисодий ночорлик айрим аёллар тақдирини пароканда қилади. Начора, ҳаёт фақат яхши кунлардан иборат эмас. Шунинг учун ҳам уларни ҳаётга қайтариш, қайта куч ва ишонч бағишлаш давлат ва жамият зиммасидаги муҳим вазифалардан бири саналади. Аҳамиятлиси, бу борада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан қисқа фурсатда мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳақ-ҳуқуқлари, ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, касб-ҳунарли, даромад манбаига эга бўлишини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни жамиятга қайтаришга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлари Сирдарёда ҳам кенг қулоч ёзмоқда. Агентликнинг вилоят бошқармаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўзаро ҳамкорликда кўплаб амалий ишларни олиб бориб, сезиларли натижаларга эришяпти. Шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги долзарб масалаларнинг вилоятдаги ижроси, айниқса, зўравонлик ва тазйиқ қурбонига айланган аёлларни жамиятга қайтариш борасида олиб борилаётган ишларни яқиндан ўрганиш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги вилоят Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказида бўлдик. Афсуски, бу ерга келган аёлларнинг бошига тушган синовлар ҳақида гапириш бирмунча қийин. Бу можароларга кимнингдир спиртли ичимликка муккасидан кетган турмуш ўртоғи, кимнингдир қайнона-қайнотаси ёки бошқа учинчи шахс аралашуви сабаб бўлган. Лекин улар бу ерга келишдан аввал мурғак болалари билан кўчада сарсон, қароқлари турмушнинг аччиқ синовларидан ёшга тўлган эди. Бироқ давлатимиз уларни муҳофаза олиб, қўллаб-қувватлаяпти. Менимча, биргина мана шу эзгу ташаббус ҳам ҳозирги инсонпарварлик сиёсатимизнинг ёрқин далилларидан бири, шундай эмасми?! Марказ билан танишуви чоғида уларнинг ҳар бири билан дилдан суҳбатлашиб, ҳаёт йўллари, дуч келган муаммолари ва бугунги кундаги эҳтиёжларини ўргандик. Эътироф этиш керак, Марказда аёллар 6 ойгача бепул яшаш, психологик ва ҳуқуқий ёрдам олиш, меҳнат бозорига қайта мослашиш, касб-ҳунар ўрганиш каби кенг қамровли хизматлар билан таъминланган. Бунинг учун махсус реабилитация курслари, психотерапия машғулотлари, бандлик марказлари билан ҳамкорликда амалий йўналишлар ташкил этилган. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя тизими ва партия маҳаллий кенгашлари ҳам уларнинг тақдирига бефарқ эмас. “Адолат” СДП вилоят Кенгаши билан узвий ҳамкорликда ўтказилаётган бепул тиббий кўриклар, маърифий учрашувлар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари уларнинг ҳаётини янада мазмунли қилишда муҳим ўрин тутяпти, албатта. Суҳбат чоғида маиший зўравонликка қарши қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш, тизимли профилактик тадбирлар ва суд-ҳуқуқ органлари билан самарали ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини яна бир бор англадик. Зеро, зўравонликка қарши кураш — бу фақат жазо масаласи эмас, балки ҳар бир инсонда адолат ва инсонийликни шакллантириш вазифаси саналади. Биз эса фақат оқибатни бартараф этиш эмас, сабабларини ўрганишимиз керак. Буни эса қонун, маърифат, ҳуқуқий ёндашув, руҳий қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда давлат-жамият ҳамкорлигида амалга ошириш мумкин. Шу сабаб уларга ҳеч ҳам ўксинмасдан давлатимизнинг ҳимояси, ғамхўрлигидан исталган пайтда фойдаланиш ҳуқуқи борлигини айтиб, руҳий далда бердик ва ҳар доим ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга тайёрлигимизни маълум қилдик. Шунингдек, жабрланувчилар билдирган муаммо ва мурожаатларини ўрганиб, маҳаллий партия ташкилотлари ва давлат идоралари иштирокида назоратга олиб, уларга амалий ечим таклиф этамиз. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Опубликован 27 июн.
Ёшлар — мамлакат тараққиётининг етакчи кучи, ислоҳотларнинг фаол тарғиботчиси Халқаро меҳнат ташкилоти таҳлилларига кўра, дунё бўйича меҳнат бозоридаги ҳар икки нафар янги мутахассисдан бири — ёшлар қатлами вакили. Жаҳон банки эса ёшларнинг иқтидорига тўғридан-тўғри сармоя киритган мамлакатлар иқтисодий ўсиш суръатида 1,5 баробар юқори натижага эришганини қайд этган. Шу маънода мамлакатимиз ҳам ушбу тенденцияни стратегик устуворлик сифатида қабул қилиб, ёшлар сиёсатида сезиларли ўсиш кўрсаткичларига эришиб келяпти. Сирдарё вилояти “Ёшлар технопарки”даги фаол ёшлар билан ўтказган учрашувимизда шулар ҳақида гап борди. 🔴 Маълумотга кўра, сирдарёлик “адолатчилар” сафида 13 мингга яқин ёшлар бор. Уларнинг катта қисми ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол. Биргина Ширин шаҳар Кенгаши раиси “Ёшлар қаноти”дан етишиб чиққан кадр экани кишини қувонтиради. Ёшлар парламенти, “Юксалиш” умуммилий ҳаракати, вилоят идораларида ҳам шундай ёшлар фаолият юритяпти. Бундан кўринадики, бугунги ёшларимиз — ислоҳотлар тарғиботчиси, инновациялар муаллифи ва жамият ривожининг локомотивидир. Боиси уларнинг ҳар бирида ўзи қизиққан соҳада улкан салоҳият ва ғоя бор. Партиямизнинг вазифаси эса ана шу иқтидорни қўллаб-қувватлаш, уни ривожлантиришдир. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда жорий этилган “Ёшлар дафтари”, “Ёшлар жамғармаси”, “1 миллион дастурчи”, “Ёшлар технопарки”, “Ёшлар парламенти” каби лойиҳалар орқали мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида билимли, ташаббускор ва ижтимоий фаол ёшлар қатлами шаклланмоқда. Бу — бир пайтлар “муаммоли қатлам” сифатида қаралган ёшларнинг янги, ижобий образи яратилаётганининг амалдаги исботи, албатта. Учрашувда фаол ёшлар билан ўз ғоя ва ташаббусларини тақдим этдилар, старт-ап лойиҳалари, IT технологиялар, муҳандислик ва тадбиркорликдаги амалий ютуқлари ҳақида фикр алмашдик. Шунингдек, “Ёшлар қаноти” фаолиятини кучайтириш, уни маҳаллий кенгашлар билан интеграция қилиш мақсадида “устоз-шогирд” анъанаси асосида партиянинг шаҳар ва туман кенгаши депутатларига бириктириш амалиётини жорий этдик. Агар ушбу "Сирдарё тажрбиаси" ўз самрасини берса, бу орқали ёшлар маҳаллий қарорларни қабул қилиш жараёнига бевосита жалб этилади, уларда фуқаролик позицияси ва сиёсий масъулият ҳисси шаклланади. Якунда йиғилганларни яқинлашиб келаётган гўзал ёшлик ва шижоат айёми — 30 июнь — Ёшлар куни билан самимий муборакбод этиб, уларга партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғаларини топширдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
#Сирдарё_вилояти #Ўрганиш Сирдарёлик журналист ва ОАВ вакиллари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича фикр алмашилди Партия етакчиси Робахон Махмудова 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси” давлат муассасасида соҳа вакиллари, журналист ва блогерлар билан учрашув ўтказди. Унда Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари Озода Парпибоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жанибекова, “Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси” давлат муассасаси директори Зафар Дархонов, “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Жамол Комилов, партия билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган ижодкорлар, блогерлар ва ОАВ фаоллари қатнашди. Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда мазкур телемуассасада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар соҳада янги имкониятлар эшигини очмоқда. Студиялар, монтаж хоналари, ахборот узатиш тизими ва техника парки тўлиқ замонавийлаштирилиб, ходимлар учун қулай меҳнат шароити яратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолига холис ва тезкор ахборот етказиш сифатини сезиларли даражада оширди. Учрашувда сўз олганлар мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари соҳасида кузатилаётган ижобий ўзгаришлар, жумладан, сўз эркинлиги, журналистлар меҳнатини, ҳақ-ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилиш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этишди. Робахон Махмудова холис ОАВ партиямиз учун фақат ахборот тарқатувчи восита эмас, балки халқ ва ҳокимият ўртасида кўприк вазифасини ўтаётган ва жамиятни ислоҳ қилишда ҳамфикр, ҳамкор эканини эътироф этиб, фаолиятимизни кенг жамоатчиликка етказишда юксак касбий маҳоратга эга, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган журналистлар ва блогерлар ўрни юқори эканини таъкидлади. — “Адолат” СДП сўз эркинлигини амалдаги ҳақиқий демократик қадрият, фуқаролик жамиятининг негизи сифатида баҳолайди. Шундан келиб чиқиб, журналистнинг овозини давлат ва жамоатчилик ўртасидаги адолат мезонини ифода этувчи муҳим ижтимоий механизм сифатида қадрлайди, — деди Сиёсий Кенгаш раиси. Тадбир давомида Робахон Махмудова самарали ҳамкорлик учун “Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси” давлат муассасаси директори Зафар Дархонов, “Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья” газеталари бош муҳаррири Баҳром Боймуродов, “Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси” давлат муассасаси биринчи тоифали муҳаррири Азиз Ишаханов, “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби Шерзод Умаров ва журналист Тоҳир Самиевларга партиянинг “Адолат” кўкрак нишони ва эсдалик совғаларини тантанали тарзда топширди. Шунингдек, вилоятнинг бир гуруҳ фаол журналистлари ҳам тақдирланди. — Бугунги кунда ҳақиқатни очиқ айтиш, муаммоларни яширмай, балки ечим топиш учун муҳокама қилиш барқарор ва очиқ жамиятнинг талабидир. Шу боис, ўз позициямизда ҳар доим журналистлар билан очиқ мулоқот, танқидга очиқлик ва манбаа сифатидаги масъулиятни бош мезон қилиб келяпмиз,— деди Робахон Махмудова. Учрашув давомида ижод аҳлининг муаммолари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Соҳада кадрлар тайёрлаш, контент сифатини ошириш, медиа саводхонликни тарғиб қилиш, журналистлар учун малака ошириш курслари ташкил этиш каби таклифлар партия вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Жараённи биз билан бирга кузатинг. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram
Hashtags