TGINSIGHT CHAT
Kitobxon kundaligi
@kitoblog
Книги💬 Турли бадиий ва илмий-оммабоп асарларга тақризлар, тавсиялар. Ўктам Ўринтоев
Последние посты
Стр. 78 из 84 · 1,001 постов
Опубликован 4 авг.
Чатботлар, @Uktamga_xat_bot ҳам эрталабдан бери яна ишламай қолибди. Оҳирги ҳафтада бир-неча марта шундай бўляпти. Кейин ишласа ҳам, бугун юборилган хабарлар энди кўринмайди. Айтдима ҳеч ким мақтовлар ёзмай қўйди деб😅 Менимча бот ўрнига янги юзер-профил қўйсам керак энди. Профил барибир яхшироқ, унда ботдаги каби майда муаммолар кузатилмайди. Бошқа канал админлари ҳам шуни ўйлаб кўргани маъқул. Ўзи йирик каналларда бот эмас,кўпинча қўшимча профил туради. Энди билдим негалигини🙂 👉@kitoblog👈
Опубликован 4 авг.
Аристотел "Политика" асарининг биринчи бўлимини тугатдим. Унчалик қийин тилда ёзилмаган, жумлалар тушунарли. Бу бўлимда у давлатда фуқаролар, аёллар, болалар муносабатлари ва улар ўрнини муҳокама қилади. Қулларга эга бўлиш, уларнинг аҳамиятини батафсил тушунтириб берган. Арасту давлатда, унинг бир қисми бўлган оиланинг аҳамиятини юқори қўйган. Давлатга керакли фуқаролар, бошқарувчилар тайёрлашда оилада ҳам болаларга шундай муносабатда бўлиш керак, дейди у. Оилада ўз ўрнига эга бўлган одам, давлатда ҳам ўз ўрнини топиши осон. У оилада доимо монархик бошқарув бўлишини айтади. Аҳир оилада ота ёки она устун бўлади-ку, доим. Болалар эса уларнинг гапидан чиқмаслиги керак🙂 Давлатда қайси бошқарув афзал деб ҳисоблаши эса кейинги бўлимда экан. Демак, мутолаада давом этамиз... 📍Сизчи қайси асарларни ўқияпсиз айна кундарда? 👉@kitoblog👈
Опубликован 4 авг.
Ўртача одам кунига 35000 қарор қабул қилади, аммо атиги 3000 таси ҳақида росмана ўйлаб кўради (Wаnsink and Sobal, 2007 й тадқиқотига кўра) Мия аксарият қарорларни ўзи, онг иштирокисиз қабул қилади. Онгости билан ишловчи манипуляторлар айнан шу ҳолатдан фойдаланишади. Реклама берувчилар, турли фирибгарлар, шунчаки сизни нимагадир ишонтириб, ўз мақсадига эришмоқчи бўлган ҳамма сиз автомат, онгсиз равишда қабул қиладиган қарорларга таъсир ўтказмоқчи бўлади. Ва кўпинча бунинг уддасидан чиқади. Кунингиз ҳайрли ўтсин, манипуляторларга алданманг😇 👉@kitoblog👈
Опубликован 3 авг.
@bookerbergайтяпти Элчин Сафарлини асосан ўсмирлар ўқиркан, типа ўлдим куйдим жанридаги асарлар унда, мен фойда олмасам китоб ўқимайман дейди... Шаҳсан мен Сафарлини бир-неча асарини ўқиганман. Ўтган йили оҳирги марта. Тўғри у сентиментал ёзувчилардан, асосан қиз мухлисалари кўп. Аммо мен уни асарларини ўқиган ва психологияни озми кўпми тушунадиган одам сифатида айтаманки Сафарли ҳақиқий психолог. У инсон муносабатлари ва туйғуларини жуда яхши очиб бера олади. Ҳатто Мне тебя обещали асарида яхшигина dirty realism ни кўрса бўлади. Бу асарни ўқиганлар Сафарлини "ўсмирлар" тугул +21 категорияга қўйишади. Қисқаси, Сафарли ўқишга арзийдиган ёзувчи. Умуман олганда бу каби муаллифларга асарларидан ўқиб кейин асосли танқид қилган маъқул. Китоб ўқишдан фойдага келсак, мен ҳеч қачон бадий адабиётдан аниқ бир билим, фойда оламан деб ўқимайман. Одам дам олиш, реалликдан қочиш учун ҳам ўқиса керак. Шунақа гаплар.. 👉@kitoblog👈
Опубликован 3 авг.
🔰Мортимер Адлернинг «Китобларни қандай ўқиш керак?» асаридан китоб ўқиш борасидаги тавсиялари: 1. Буюк китоблар такрорлашлар-у, йиғма фикрлардан эмас, буткул янги фикрлардан иборат бўлади. Шунингдек, бу фикрлар ҳеч ҳам зангламайди. 2. Агар одамлар китобларни ўқишга ва ёзишга қийналсалар, унда улар ўша китоб ёзувчиларни танқид қилишни бошлашади. 3. Сиз ўқитувчига савол бериб тушунмаган жойларингизни узоқ ўйламай билиб олишингиз мумкин. Китобларга бундай савол бериб эса сиз жавобни барибир ўзингиз топасиз. Китоблар сизнинг тафаккурингиз даражасида сизга ёрдам бера олади. 4. Китоб ўқишда ҳам ҳудди бошқа ишлардаги каби амалиёт талаб қилинади. Шу сабабли кўпроқ ўқинг. 5. Агар сиз яхши китобларн ўқиб ҳам шаҳсий ҳаётда бемаъни иш тутаётган бўлсангиз, демак ўқишга бекор вақт сарфлабсиз. 6. Баъзан китобни тушуниш учун уни уқиш эмас, балки ўша китоб ҳақида ўқиш керак. 7. Сиз китобни самарали ва тўғри ўқиётганингизнинг биринчи белгиси бу - чарчоқ. Ҳақиқий мутолаа миянинг шиддатли ишлашини талаб этади. 👉@kitoblog👈
Опубликован 3 авг.
Эрих Фром "Инсон қалби" асарининг сўнгги бўлимида "инсон, унинг иродаси эркинми?" деган саволни кўндаланг қўяди. Aгар биз ирода эркинлигини танлов эркинлиги деб тушунсак, масалан A ва Б ўртасидан бирини танлашда биз қанчалик эркинмиз? Бу борада 3 хил жавоб бор: ➖Детерминистлар биз танлов эркинлигига эга эмасмиз деб ҳисоблашади, чунки одам табиатдаги барча нарсалар каби турли сабаб ва оқибатларга бўйсинади. Одам доим маълум бир мотивлар асосида иш кўради. Детерминизмга қаршилар эса тескарисини айтишади. Дин тарафдорлари буни қуйидагича таъкидлашади: Худо инсонга яхшилик ва ёмонликдан бирини танлаш эркинлигини берган, шунинг учун одамда бундай эркинлик бор. ➖Бошқа бир сабаб эса қуйидагича: инсон эркин, чунки акс ҳолда у ўз ҳаракатлари учун жавобгар бўлмай қолади. ➖ Учинчи аргумент қуйидагича: шахс ўзини субъектив равишда эркин деб ҳис қилади, демак ўзимизни эркин деб онгли равишда ҳисоблар эканмиз, эркинлик мавжуд. ✅Шу учала аргумент ҳам Фромга ишончсиздек туюлади. Биринчиси Худога ишонишни ва Худонинг инсон учун қилаётган режаларини билишни назарда тутади. Иккинчиси, эҳтимол одамни ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгар қилиш ва шу орқали жазолаш истагидан келиб чиққан. Учинчи далил - танлов эркинлигини англаш, бу эркинлик ҳақиқатда мавжудлигини исботлаши эса - Спиноза ва Лейбниц томонидан аллақачон инкор қилинган. Спиноза бизда эркинлик тасаввури борлигини таъкидлайди, чунки биз хоҳиш-истакларимизни биламиз, лекин уларнинг юзага келиш сабабларини билмаймиз. Лейбниц эса, истак қисман онгсиз мойилликдан келиб чиқади, деб таъкидлаган. Спиноза ва Лейбницдан кейин ушбу масала билан шуғулланувчиларнинг кўплари қуйидагини тан олишмаганига ҳайрон қолиш керак: ирода эркинлиги муаммоси, бизнинг ҳаракатларимиз онгсиз кучлар томонидан белгилаб берилишини тушунмагунимизча ҳал этилмайди. Гарчи биз танлов эркинлигига эгамиз деб ишонсак ҳам.. ❓Хўш сиз нима деб ўйлайсиз? Комментларда ёзинг. 👉@kitoblog👈
Опубликован 2 авг.
— Сиз ҳеч нарсага ишонмас экансиз. — Сира ундай эмас. Ҳар қандай гумон - ибтидои имондир.. Дориан Грей асаридан энг таъсирли, ўйлантирадиган диалог(тўлиқ расмда).. 👉@kitoblog👈
Опубликован 2 авг.
Ҳаммага салом! Бир яхши иш қилдим🙂 Каналга ташланадиган китоблар, файллар учун алоҳида база очдим. Бу канални файлга тўлдириб юбормаслик ва режамдаги китобларни бошқаларга ҳам танитиш мақсадида. Демак, китоблар базаси: @kitobbaza Бу ерда ўзим ўқиган, ўқишни ният қилган ва бошқалар ўқиши шарт деб ҳисоблаган китобларни ташлаб тураман. Асосан рус, инглиз ва ўзбекчада китоблар бўлади. Иқтисод, сиёсат, тарих, психология, фалсафа ва бадий китоблар. Шунингдек, асосий каналга китоб ҳақида ёзсам, электрон шаклига @kitobbaza га линк бераман. Канал очиқ, доимий аъзо бўлиш шарт эмас. Исталган пайт китобларни кўчириб олса бўлади. 📍Боя баҳс юритиш, мантиқий фикрлаш ва дебатларда ютиш борасида китоблар айтмоқчи эдим. ➖Демак мана Шопенгауер "Эристика" асари, исталган баҳсни ҳалол ва ноҳалол усулда енгиш усуллари кўрсатилган. Айниқса II. Уловки бўлимини тавсия қиламан. ➖Авенир Иванович Уемов- Логические ошибки. Как они мешают правильно мыслить. Бу китобда мантиқий фикрлаш, таҳлил қилиш батафсил тушунтирилган. Баҳсда мантиқий хатолар қандай юзага келиши ҳам кўрстилган. Кўчириб олиш ➖ David McRaney—You are not so smart китоби. Ажойиб қизиқарли китоб. Турли когнитив хатолар ва уларга йўл қўймаслик усуллари ёритилган. Инглиз тилида олиш Қисқаси шундай гаплар😇 👉@kitoblog👈
Опубликован 2 авг.
Ad hominem ва ad rem Кўпинча, бахс-мунозаралар пайтида, ўз фикрининг тўғрилигини исботламоқчи бўлган демагог, рақибнинг далилини "шахсиятга ўтиш" орқали инкор этмоқчи бўлади. Бахсдаги бундай мантиқий хатолик эса ad hominem (лотин тилидан - шахсиятга ўтиш) деб номланади. Бошқача қилиб айтганда, рақибнинг аргументига жавобан, бу масаланинг моҳияти, мантиқий ёки объектив далилларга эмас, балки ушбу фикрни илгари сурган аниқ бир шахс хусусиятига асосланади. Бунда рақиб обрўсизлантирилади, паст баҳо берилиб баъзан хақоратгача боради. Кўпинча катта аудитория олдидаги бахсларда бу усул иш беради. Публика рақиблардан бирининг бирон заиф жиҳатини эшитса(гарчи бунинг бахсга умуман алоқаси бўлмасада) унга, уни гапларига ишонмай қўяди. Ad hominem моҳиятан ad rem (фикрга муносабат) га қарама қарши туради. Aгар ad rem мавжуд далилларни исботлашга ёки инкор этишга қаратилган бўлса, ad hominem далилни айтган шаҳс характери, келиб чиқиши ва ҳк орқали рақибни баҳсда ютиш мақсадида қўлланиладиган полемик усул. Ad rem келтирилган далил, фикр, хулоса инкор қилинади. Унинг нотўғирилигини исботлашга уринилади. Шундай экан бахсда ad hominemдан эмас аd rem дан фойдаланиш лозим. Aгар бахсни ҳалол ютиш ниятида бўлсангиз. Исталган бахсда агар оппонент ad hominem га ўтса, сизни таҳқирлаб, камситишни бошласа, дарҳол яхшиси бахсни тўхтатинг. Чунки энди сизнинг бундан жаҳлингиз чиқади ва обективликни йўқотасиз. Кейинги аргументларингиз мана шу жаҳлингизга таяниши мумкин. Шунга бу шахсиятга ўтиш эканини тилга олиб, бахсни давом эттира олмаслигингизни айтишингиз ўринли. ⁉️Бахс юритишдаги мантиқий хатолар, исталган бахс- мунозарани ютиш йўллари кўрсатилган китоблар тавсия қилайми? 👉@kitoblog👈
Опубликован 1 авг.
Тарихда биринчи марта очкўзлик очликдан кўра кўпроқ одамни ўлдирмоқда, одамлар юқумли касалликларга қараганда қаришдан кўпроқ вафот этишмоқда, ўз жонига қасд қилувчилар сони эса ҳарбийлар, террорчилар ва жиноятчиларнинг қўлида ҳалок бўлганлар умумий сонидан кўпайиб кетди. 21-аср бошида Ер сайёрасининг ўртача аҳолиси елвизак, Эбола касаллиги ёки "Aл Қоида" теракти оқибатидан кўра "Макдоналдс" да овқатдан бўкиб қолишдан кўпроқ вафот этмоқда. 📚Ю.Н.Ҳарари—Келажакнинг қисқа тарихи 👉@kitoblog👈
#тезкор_ўқиш_техникаси Шульте жадвали Маълум тартибдаги объектларни топиш тезлигини ривожлантириш бўйича тренер. Aйнан шу жадвал ёрдамида кўз билан китобда кўпроқ матнни қамраб олиш, периферик кўришни ривожлантириш мумкин. Жадвалдан фойдаланиш учун уни 30-40 см узоқликда ушланг. Марказдаги нуқтага диққатни жамлаб, ундан кўзни узмай 1 дан 25 гача тартибда барча рақамларни иложи борича тезроқ топинг. Ўртача босқичда 25-30 секундда улгуриш керак, тезкор ҳолда 15 секундда. Машғулотни кунига 10 дақиқа, китоб ўқишдан олдин қўлласа ҳам бўлади. Шульте жадвали деб ёзиб @pic ва интернетдан турли кўринишларини топсангиз бўлади. ⏰Хўш бир уринишдаёқ вазифани уддаладингизми? 👉@kitoblog👈
Hashtags
Дориан Грей: агар кўзгу қалбимизни кўрсатганда, унга қарай олмасдик #забаржадга_тақриз "Дориан Грей портрети" асари ҳақиқий адабиёт иҳлосмандлари, саънатсеварларни кириш қисмиданоқ ўзига ошуфта этади. Оскар Уайльднинг тасвирлаш услуби ва Лорд Генри фалсафаси эса ўқувчини янада асарга маҳкам боғлаб қўяди. Одамлар болалигида ҳали пок қалбли бўлади. Улар ҳали ҳаёт паст-баландини кўрмаган, яхши ва ёмон каби тушунчалардан ҳам йироқ бўлади. Дориан ҳам қисман шундай қалбли йигит эди. Одам феъл атвори шаклланишида ташқи омиллар, атрофимиздагилар асосий рол ўйнаганидек, унинг катта бўлиб дунёқараши шакланишига Лорд Генри ва рассом Безил катта таъсир ўтказишди. Безил доим уни кўкларга кўтарса, аксинча Генри ундаги энг тубан истакларни, ҳайвоний ҳис туйғуларни намоён этишга уринди. Безилни доим ёрдам ва мададга тайёр фариштага қиёсласак, Гарри эса иблисдек инсоннинг ич ичидаги ўзи ҳам тан олишга қўрқадиган фикрларини қўрқмай юзага чиқара оларди. Айнан Лорд Генрининг таъсири эса якунда залворлироқ бўлиб чиқди, зеро одам ўзини қанчалик аҳлоқий, эзгу деб баҳоламасин лорд айтаётган гаплар ҳақлигини тан олмай иложи бўлмасди. "Ёшлик асрашга арзимайдиган ягона нарса" дейди Лорд Генри. Дориан эса бу ёшликни сақлаб қолишга уринарди, зеро у ёшлиги ва гўзаллиги эвазига барчани ўзига ром этганди. Аммо, одамнинг кўриниши чиройли бўлиб қолсада, қалби у қилган гуноҳлар, шафқатсизликлар, разилликлар эвазига бужмайиб, хунук ҳолатга келиб қолиши мумкин. Агар қалб ўрнига қилган ёвузликларимиз юзимизда намоён бўлсачи, унда ҳам ёмонликларни қила олармидик? Кишилар бир бирига қарай олармиди ё дунёни тасқара чеҳралар босиб кетармиди? Тасқара юзимизга қарай олмаймиз, аммо айни дамда юрагимиз қанчалик соф, унга боқа олармикинмиз? Биз-ку балки йўқ, аммо бош қаҳрамонимизда бу имконият бор эди. Унинг виждони, қалбини ўз портрети намойиш қиларди. Шунинг учун Дориан портретни бошқалардан ҳам, ўзидан ҳам яширарди. Кўпинча бу асарга таърифларда Дориан Грей ва асосий персонаж Лорд Генрини салбий қаҳрамонлар дея эътироф этишарди. Аслида бундай асарларда салбий ёки ижобий персонажлар бўлмайди. Чунки уларнинг ҳаракатлари ўз фалсафаси ва асосларига эга. Биз буни ўз қаричимизда ўлчаб, бир томонлама баҳолаб аксинча персонажларни чеклаб қўйган бўламиз. Уларга ҳукм ўқишимиз керак эмас, аксинча уларни ўрганиш, таҳлил қилиш керак ҳолос. Агар ўзимиз Дорианнинг ўрнида бўлиб қолсак, ёшлик ва гўзалликни сақлаб қолишга уринмасмидик? Имкониятимиз бўлганида Генридек гедонистик ҳаётни афзал кўрмасмидик? Кўрардик албатта, лаззатланиш одамлар учун бахтданда устунроқ тушунча. Биз доим бахтли бўлмаслигимиз мумкин, аммо ҳаётдан мамнун яшашни, ҳотиржамликни ҳис қилиш қанчалар ёқимли. Гедонизм фақат кайфу сафодан иборат эмас, у ҳаётнинг ҳар бир онидан шунчаки лаззатланиб яшашга ундайди бизни. Муаллиф Генри фикрлари орқали ўша пайт янги тушунча бўлган гедонизмни кўпчиликка тушунтиришга уринган. Асарда турли тарихий фактлари, воқеаларнинг тасвирланиши, қимматбаҳо тошлар, мусиқа, матолар ва саънат ҳақидаги моҳирона фикрлар эса Оскар Уайльд ҳақиқий интеллектуал бўлганини кўрсатади. Асарда Сибила ва Дориан ўртасидаги "муҳаббат" га тўҳталиб ўтирмадим, бу ўсмирларга ҳос оддий ҳавас эди ҳолос. Дориан Сибиланинг ролларини, Сибила эса Дориандаги жозибани ёқтириб қолганди ҳолос. Психолог Карл Юнг кишида нафақат онгости истаклар, балки кишида аҳлоқий маданий жиҳат борлигини эътироф этган. Бу маданият киши ўша онгости истакларига бўйсиниб бузуқликлар, аҳлоқсизликлар қилганида қийналади, уни йўлдан қайтаришга уринади. Дорианнинг умри оҳирида ҳам шу аҳлоқий морал уйғонган назаримда. Унинг виждони қилган ишларидан росмана афсус чекишни бошлаганди. Бутун умр ўзига андармон бўлган одам, якунда ўзига ёқмай қолганди. Энди ҳаётини ўзгартирмоқчи бўлганида эса афсуски кеч эди. Қилинган барча разилликлар портрет акс этсада, унинг ҳаётига ҳавф солмасди. Унинг танаси аллақачон бундай ҳаётдан ўлиб бўлганди. Ўзининг чиркин қалбини буткул йўқотмоқчи бўлган "гўзал шаҳзода", портретни йўқотиб аслида ўз умрига зомин бўлди ҳолос. 👉@kitoblog👈
Hashtags